“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг кириш қисми ёнида ташкил этилган Тиббиёт ходимлари хотираси хиёбонида дарахт экиш акцияси бўлиб ўтди. Ҳар бир дарахт олдида пандемияда вафот этган шифокор ёки ҳамширанинг исми кўрсатилган кичик пешлавҳа ҳам ўрнатилди.
Акция ташаббускори – Ўзбекистон Ландшафт санъати уюшмаси директори Татьяна Югайнинг айтишича, бу сафар жами 90 туп дарахт экилган бўлиб (қайрағоч, чинор, заранг, шумтол ва каталпалар), ўтган йилнинг кузида 60 туп дарахт ўтқазилган эди. Пандемия даврида жами 600 нафар тиббиёт ходими жонини фидо қилган, қолган 450 нафарининг хотирасига ҳам дарахтлар экилади. Шунингдек, Татьяна Югай Олмазор туман ҳокимлигига акцияда кўрсатган беғараз ёрдами учун алоҳида миннатдорлик билдирди.
Олмазор туман ҳокимининг ўринбосари Тўлқин Тешаев эса ҳокимлик бу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаб, кўчатларни харид қилишга ёрдам берганини, Ободонлаштириш хизмати ва Миллий гвардия ходимлари эса дарахтларни қадаш учун алоҳида ўралар қазиб берганини билдирди. Акция иштирокчилари учун белкураклар, челаклар, озуқавий аралашма ва кепак тайёрланди. Улар иссиқ қаҳва ва сув билан ҳам таъминланди. Экиш пайтида об-ҳаво ҳам ёрдам бериб, ёмғир ҳам тугади, дея ҳазил қилди ҳоким ўринбосари.
Тошкентликлар акцияни қувватлашди, тиббиёт ходимларининг қариндошлари ва ҳамкасблари вилоятлардан етиб келишди, волонтёрлар ҳам бу ишга бош қўшди. Улар қаторида – Asklepiy Group компаниясининг ёшлардан иборат жамоаси. “Дипломат” хусусий мактаби ўқитувчилари ва ўқувчиларининг ота-оналари, акциядан хабар топган оддий фуқаролар ҳам дарахт экишни ўзи учун бурч деб билди.
Ташкилотчи ва иштирокчиларга раҳмат! Бундай савобли, қалбларни жунбушга келтирадиган акциялар нафақат шаҳарга кўрк бағишлайди, балки бизни қутқариб қолган шифокорларга миннатдорлик билан пойтахтликларни бирлаштиради.