"Президент совғалари" Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига тақдим этилади.
Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, вилоят бўйича жами 3 дан 15 ёшгача бўлган 800 нафар болага мўлжалланган «Президент совғалари» таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат жиҳозлари киритилган.
Шунингдек, жорий йилда мазкур совғалар таркибига Меҳрибонлик уйлари, Оилавий болалар уйлари, SOS болалар маҳаллалари ҳамда «Меҳрли мактаб»нинг 12 ёшдан катта бўлган тарбияланувчилари учун замонавий электрон китоблар ҳам киритилди.
«Президент совғалари» Янги йил арафасида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига тантанали тарзда топширилади.