Шу боис, давлатимиз раҳбари узумчилик саноатига алоҳида эътибор қаратиб, яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаига айланган ушбу тармоқни илғор тенденциялар асосида ривожлантириш зарурлиги хусусида қайғурди.
Президентимиз таъкидлаганларидек, кейинги йилларда узум маҳсулотларига бўлган талаб кучайиб, узумчилик саноати тобора ривожланиб бормоқда. Халқимизга яхшигина даромад келтираётган узумзорлар охирги тўрт йил давомида 52 минг гектарга кўпайган ва қувонарлиси, соҳага 210 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилган. Бугун Фарғона вилояти мисолида айтиш мумкинки, қайси бир хонадонга кириб борсангиз, токнинг соя-салқинига супача қўйиб, марварид сингари товланиб турган узум бошлари остида гурунглашиб ўтирган одамларни кўрасиз.
Хонадон чиройига кўрк бағишлаётган бу токзорларга, яхши парвариш қилинган узумларга қараб, эртанги даромадни аниқ билиш мумкин. Буларнинг барчаси Давлатимиз раҳбари бошчилигида бундан уч йил аввал узумчилик тармоғини кучайтириш, токзорларни кўпайтириш ишларига алоҳида эътибор кўрсатилганлиги натижаси бўлди. Чунки Президентимизнинг 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мутасаддиларга Олтиариқ туманида 6000 гектар токзор, Қува туманида 2000 гектар анор, Қувасой шаҳрида 2000 гектар гилос боғларини ташкил этиш вазифалари юклатилди.
Шу билан бир қаторда, Олтиариқ туманида «Узумчилик кластери»ни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳам аниқ белгилаб берилди. Шунингдек, кейинги йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги Қарорлари вилоят деҳқонларига қанот бағишлаган ҳолда, даромад манбаи учун дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Бунинг натижасида 2020 йилдан бошлаб Фарғона, Олтиариқ туманларида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган тажриба синов участкалари ташкил этилиб, мазкур ҳудудларда маҳсулот етиштириш ва маҳсулот сифатини назорат қилиш борасидаги етук мутахассислар тайёрлаш истиқболли режалари амалга оша бошлади.
Президентимиз ташаббускорлигида яратилаётган бу шарт-шароит ва имкониятлар фарғоналикларни янада янги марралар сари чорламоқда. Айниқса, узумчилик ва пиллачилик соҳасида мавжуд муаммолар ва тармоқни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга бағишланган селектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан Венгрия етакчи университети ва Фарғона давлат университети ўртасида соҳа мутахассисларини тайёрлайдиган қўшма факультет ташкил этиш бўйича ҳам вазифалар белгилаб берилиши келгусида университетнинг халқаро фаолиятига жуда катта ўзгаришлар олиб киради. Эндиликда бу ҳамкорлик ортидан юртимизда узумчилик саноатини ривожлантиришда Венгрия тажрибаси амалда қўлланилади.
Узумчиликни ривожлантиришда илмий асосланган технологияларни юритувчи юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, 2020-2021 ўқув йилидан Фарғона давлат университетида мевачилик ва сабзавотчилик факультети ташкил этилган. Факультет таркибида мевачилик ва узумчилик йўналиши очилиб, ҳозирда 25 нафар талабалар таълим олмоқда.
Ҳозирда биринчи босқични тамомлаган талабаларга университетда мевачилик ва узумчиликни ривожлантириш истиқболлари бўйича назарий билим ва кўникмалар бериш билан бирга мазкур тармоққа ихтисослашган фермер хўжаликлари, кластер, қайта ишловчи корхоналарда пухта амалиёт ўташлари таъминланмоқда. Вилоятнинг Олтиариқ туманида узумчилик ўқув тажриба хўжалиги ташкил этилиб, талабаларга қулайлик яратиш мақсадида, факультет биноси ҳам шу туманга кўчирилган. Тажриба хўжалигида республикамизда экиладиган маҳаллий ва четдан олиб келинган серҳосил истиқболли навлар коллекцияси яратилмоқда. Коллекциялар талабалар билимларини ошириш билан бирга узумчилик соҳаси бўйича магистр ва докторантларга илмий база вазифасини ўтайди.
Шу кунларда Фарғона давлат университети ва қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича Россиянинг энг йирик олий таълим даргоҳи бўлган Кубан давлат аграр университети ўртасида мева ва сабзавот етиштириш, боғдорчилик ва узумчилик соҳасида ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса - юртимизда боғдорчилик ва узумчилик тармоғини ривожлантириш, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш бўйича ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ўтказиш орқали аҳоли турмуш фаровонлигига хизмат қилиш, узумчилик соҳаси тараққиётига катта ҳисса қўша оладиган етук кадрларни тайёрлашдир.
Қайд этиш жоизки, Президент узумчилик саноатини ривожлантиришда Фарғона давлат университети тажрибаларига ишонч билдирар экан, биз университет жамоаси бу ташаббусдан куч олиб, нафақат Венгриянинг университетлари билан, балки жаҳондаги энг етакчи тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатамиз. Бундай ишончли вазифа берилиши университет олимларида келгусида жаҳон бозорида Ўзбекистон ток кўчатлари, узумлари ва узум маҳсулотлари биринчи ўринга олиб чиқадиган кадрлар тайёрлаш масъулиятини икки карра оширди.
Баҳодиржон ШEРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори