– Бугун Ўзбекистонда 130дан ортиқ миллатларни дўст, биродар бўлиб яшаётганлигини ва ҳукумат томонидан уларнинг тилларини, қадриятларини ривожланиши учун барча шароитлар яратилаётганини жуда тўғри деб ҳисоблаймиз ва янада ривожлантириш тарафдоримиз.
Бизни айрим блогерлар миллатчи партия деб танқид қилмоқчи бўлишади. Бизнингча ҳар бир миллат инсоният учун бойлик. Ҳар бир миллат ўзининг қадрияти, тили, урф-одатлари билан жамият учун хазина ҳисобланади, - деди Алишер Қодиров.
У шунингдек, «Миллий тикланиш» партияси қошида миллатлар билан ишловчи, миллий маданий марказлар билан ҳамкорлик қилувчи алоҳида битта йўналиш, тизим, платформа яратилиши кераклиги ҳақида сўзлади.
– Мен миллатчилик қилаётган айрим нотинч мамлакатларни бундай ҳаракатларини қўллаб-қувватламайман. «Миллий тикланиш» партияси ҳам бундай ҳаракатларга қарши ва ҳеч қачон миллатчилик қилмайди.
Чунки биз барча миллатларни бирлашиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб ривожланиши керак деб ҳисоблаймиз! Ўзбекистонда барча миллат вакиллари бир-бири билан фақатгина дўст эмас, қариндош ва қондошдир.
Бизнинг мақсадимиз фақат Ўзбекистон ривожлансин, фақат ўзбеклар фаровон яшасин эмас, қўшниларимиз билан бирга, барча миллат ва элатлар билан тенг ривожланиш ва фаровонликка эришишдир, - дея қўшимча қилди номзод.
Президентликка номзод Алишер Қодиров учрашув сўнгида ўзбек болалари нафақат рус тилини, қирғиз, қозоқ, тожик, туркман тилларини ҳам билишлари кераклиги ва ўз навбатида қирғиз боласи ҳам ўзбек, қозоқ, тожик, туркман тилларини билиши лозимлиги борасида тўхталиб ўтди.