Пробация хизмати қонун билан тартибга солинади

    Хавфсизлик 27 октябр 2023 1915

    Сенатнинг қирқ олтинчи ялпи мажлисида “Пробация тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

    Таъкидланганидек, сўнги йилларда мамлакатимизда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда пробация хизмати фаолияти йўлга қўйилди.

    Пробация хизмати ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларга барҳам беришга, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабабларини ва уларга имкон берадиган шарт-шароитларни аниқлашга, бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириб келяпти.

    Жумладан, 2021 йилда пробация бўлинмалари назорати остидаги шахслар томонидан 1 086 та жиноят содир этилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 845 тани, 2023 йилнинг 9 ойида эса 353 тани ташкил этган.

    Шу билан бирга, бугунги кунда суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва мажбурий жамоат ишлари жазоларини ижро этиш, шунингдек, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилишни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳуқуқий бўшлиқ ва айрим ҳолларда зиддиятларга олиб келяпти.

    Шу боисдан, Ушбу Қонун билан пробацияни амалга ошириш соҳасидаги муносабатлар, жумладан пробация тизимининг асосий тушунчалари, пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, пробация назорати ва ижтимоий мослаштириш шаклларини қўллаш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, уларга нисбатан электрон кузатув воситасини қўллаш масалалари тартибга солиняпти.

    Хусусан, пробцияни амалга ошириш соҳасида Ҳукумат, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаментининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйиляпти.

    Пробация назоратини амалга оширишга кўмаклашувчи субъектлар жумласига меҳнат органлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари, таълим соҳасидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва таълим ташкилотлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари киритиляпти.

    Шунингдек, пробация назоратидаги шахсларга ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш, уларнинг таълим олишига, касб-ҳунар ўрганишига ва ишга жойлашишига кўмаклашиш воситасида жамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланишига қаратилган фаолият тартибга солиняпти.

    Пробация назоратидаги шахсларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жумладан, туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг ваколатларига кирмайдиган ижтимоий ва ҳуқуқий масалалар бўйича пробация назоратидаги шахсларга туман (шаҳар) пробация бўлинмаларининг йўлланмаси асосида давлат органлари томонидан ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши назарда тутилган.

    Бундан ташқари, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилиш учун электрон кузатув (электрон браслет) воситасини тақиш ва ечиш ҳамда фойдаланиш тартиби белгиланади.

    Жумладан, электрон кузатув воситаси (электрон браслет) ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ҳомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, тиббий кўрсатмаларга кўра электрон кузатув воситасини (электрон браслетни) тақиш тавсия этилмайдиган бошқа шахсларга қўлланилиши мумкин эмас.

    Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши пробация тизимидаги ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятларни бартараф этишга, миллий хусусиятлар ва шароитларни эътиборга олган ҳолда халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани имплементация қилишга, шунингдек пробация амалиётида юзага келаётган масалаларни бартараф этишга хизмат қилади.

    Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates