Қоидага амал қилмай ҳаракатланган ҳайдовчи поезд остида қолди

    Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан ҳаракатни давом эттирган ҳайдовчи поезд билан тўқнашди.

    Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

    Шу йилнинг 06 август куни соат 12:40 ларда Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани "Жозиба" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Н 1591 автомобиль йўлнинг 0 километрида 2000 йилда туғилган ҳайдовчи "Lasetti" русумли автомобилда "Қумқўрғон-Элбаён" темир йўл бекати оралиғидаги темир йўл кесишмасида ўрнатилган огоҳлантирувчи светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмай ҳаракатни давом эттирган вақтида, шу йўналишдан ҳаракатланиб келаётган "Сариосиё-Термиз" йўловчи поезди билан тўқнашди.

    Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этди.

    Ҳозирда ҳолат юзасидан Қумқўрғон тумани ИИБ Тергов гуруҳи томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.