Қоракўлдаги машҳур мактабнинг мураббийси

    “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Қоракўлча ўқитиш” методикаси асосчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Тўхтамурод Жумаев таълим соҳасида қуёш янглиғ нур таратган, маърифат зиёси билан ёшлар шуурини мунаввар этиб, муаллимлик мақомининг юксак даражасига сазовор бўлган устоз-мураббийдир.

    Устозлар маърифат боғининг чин боғбонлари, ҳаёт бўстонида зиё таратиб турган йўлчи юлдузлардир. Улар туфайли келажак авлоднинг маънавий-маърифий олами юксалади. Онгу-тафаккури теранлашиб, илм-фан чўққилари сари одимлайди, жамиятда ўз ўрни ва ўз сўзига эга етук инсонлар бўлиб камолга етади. “Ўзбекистон халқ ўқитувчиси”, “Қоракўлча ўқитиш” методикаси асосчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Тўхтамурод Жумаев таълим соҳасида қуёш янглиғ нур таратган, маърифат зиёси билан ёшлар шуурини мунаввар этиб, муаллимлик мақомининг юксак даражасига сазовор бўлган устоз-мураббийдир.

    Бухоронинг чекка ҳудуди ҳисобланмиш Олот туманида истиқомат қилувчи Тўхтамурод Жумаевнинг хонадонига ташрифимиз давомида Президентимизнинг “Тўхтамурод домла ҳам, жадид боболаримиз каби, тинимсиз ва фидокорона меҳнат қилиб, ҳозирги даврнинг янги усул мактабини яратишга эришди. Мана, бугунги кунимизнинг ҳақиқий маърифатпарвари, давримизнинг Авлонийси, Беҳбудий домласи, Мунавварқориси!”, деган пурмаъно таърифининг мағзини домла билан учрашганимиздан сўнг янада теранроқ англагандай бўлдик.

    Эътибордан беҳад миннатдормиз!

    Домла асос солган мактабнинг собиқ ўқувчиси, Қоракўл тумани ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Раббонқул Мухторов ва яна бир фотосуратчи ҳамроҳлигида қия очиқ дарвозадан ичкари кириб борар эканмиз, ҳеч бир ҳашамсиз, оддий, лекин жуда шинам ва ораста хонадонда ўзгача бир файзни, нур таралаётгандай ёқимли ҳароратни ҳис қилдик. Тўхтамурод Жумаевнинг рафиқаси Зумрад момо қадрдонларини кутиб олаётгандай бизни очиқ чеҳра ва самимий табассум билан қарши олди. “Сизларни безовта қилмадикми? Чарчатиб қўймаймизми, — деган хижолатомуз саволимизга: — Вой, болам-ей, безовталиги борми, қайтага жудаям хурсандмиз” дея қуюқ сўрашиб, замонамиз қаҳрамонининг олдига бошлаб борди.

    Юмшоқ курсидан туриб, бизларга пешвоз юрган домла билан саломлашар эканман, уларнинг меҳрли нигоҳларида илиқ самимият учқунлари порлагандай бўлди. Бир пиёла чой устида бошланган қизғин суҳбатимиз алламаҳалгача давом этди...

    — Инсоннинг бахтли ҳаёт кечириши унинг ўзига, ҳаётдаги мақсад ва ниятларига, энг асосийси, ҳалол меҳнатига боғлиқ, — дейди Зумрад момо. — Бизлар, бир-биримизни илк бор чимилдиқда кўрганмиз. Ўтган йиллар давомида ўзаро ҳурмат, ишонч ва меҳр туйғулари чексиз бир муҳаббатга айландики, буни сўз билан ифода этиб бера олмайман. Уч қиз ва икки ўғлимизни эл-юртга, жамиятга фойдаси тегадиган меҳнаткаш инсон этиб вояга етказдик. Ҳаётнинг тўсиқларига, зарбаларига енгилмадик, нокаслар олдида бош ҳам эгмадик. Кўп синалдик, қийналдик лекин ҳеч қачон ҳаётимиздан нолимадик, ўзлигимиздан кечмадик. Борига шукр, йўғига сабр қилиб яшайвердик... Булар туни билан ухламай китоб титар, дарс тайёрлар, нималарнидир ёзиб-чизарди, мен уй ишлари билан кун бўйи куйманиб, чарчаган бўлсам-да, ухлашни ўзимга эп билмай, беш боламнинг кийим-кечакларини тикардим, ямардим, кундуз кунлари сигир соғиб, сут-қатиқ қилиб, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдиришга ҳаракат қилардим. Қора тунлардан сўнг, ёруғ ва саодатли кунларнинг келишига чин дилдан ишонардим. Мана, фарзандларимиз улғайиб, белимизга мадор, қадамларимизга тиргак бўлди. Ўндан зиёд невараларимиз ва чевараларимиз эса умримизнинг безаги-ю, ҳаётимиз кўркига айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг эътибори ва ғамхўрликлари билан турмуш ўртоғимнинг машаққатли ва шарафли меҳнатлари ўзининг муносиб баҳосини олди. Бунинг учун у кишидан беҳад миннатдормиз. Ушбу кунларнинг фароғати, ҳузур-ҳаловати учун Аллоҳимга беадад шукрлар бўлсин!...

    Йиллар сарҳисби

    Тўхтамурод Жумаев 1945 йил 15 августда Бухоро вилоятининг Олот туманидаги Юқори қоровул қишлоғида, оддий ишчи оиласида туғилиб, вояга етди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Бухоро давлат педагогика институтининг математика факультетида сиртдан таҳсил олиб, 1961-1990 йилларда мактабда келажак авлодга математика фанидан сабоқ берди. 1999 йилда Ўзбекистон математика жамияти аъзолигига қабул қилинди. Педагогик фаолияти доирасида 100 дан зиёд илмий мақолалар чоп эттириб, ўнлаб услубий қўлланмалар яратди.

    1990-2009 йиллар давомида эса Қоракўл туманидаги ихтисослаштирилган иқтидорли болалар мактаб-интернатининг директори лавозимида фаолият олиб борди. 2009 йилдан 2016 йилгача раҳбар сифатида Бухоро давлат университетига қарашли 3-сонли академик лицей ҳамда ихтисослашган мактабда таълим жараёнини мустаҳкам йўлга қўйди.

    Тўхтамурод Жумаев ҳаётининг 50 йилдан зиёдини ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига, мукаммал билим олишига сарфлади. Шунингдек, шогирдлари олган билимлари эътирофини халқаро фан олимпиадаларида қўлга киритилган олтин, кумуш ва бронза медаллари орқали ҳис этди, Ўзбекистон шаънини юксакларга кўтарди.

    1993 йилдан то ҳозирги кунга қадар устоз-ўқитувчи ташаббуси билан очилган таълим муассасасининг 69 нафар ўқувчиси жаҳон ва халқаро фан олимпиадаларида бир қанча медаллар шодасини қўлга киритди. Сўнгги йиллар давомида ўқувчилар математика, физика, кимё фанларидан Республика фан олимпиадаларида иштирок этиб, 5 нафари диплом совриндори, халқаро ва жаҳон олимпиадасида эса 21 нафар ўқувчи 1 та олтин, 7 та кумуш, 13 та бронза медалларига сазовор бўлди. Ўтган 30 йил давомида ўқувчиларнинг олий таълим муассасасига кириш рейтингида пасайиш ҳолатлари асло кузатилмаган.

    Жорий йилда ҳам битирувчиларнинг 95 фоизи, яъни 224 нафар ўқувчидан 216 таси талабаликка қабул қилинди. Охирги 4 йил давомида Жумаев асос солган математика мактаби ўқувчилари ҳам халқаро фан-олимпиадаларида юртимизга 20 та олтин, 9 та кумуш ва 9 та бронза медалларини тақдим этди. 11 йиллик таълим тизими жорий қилингандан бери мактабнинг 100 фоиз ўқувчилари талабалик бахтига мушарраф бўлмоқда.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 1 августдаги қарорига асосан, тумандаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатга “Халқаро математика мактаби” мақоми берилди. Қоракўлни дунёга танитган таълим масканлари шу тариқа ташкил этилди ва дунё миқёсида танилиб бормоқда. Мўъжазгина туманнинг икки таълим муассасаси ҳам мамлакатимизда, “Қоракўлча ўқитиш методологияси”ни янада юксак даражага олиб чиқишга интилмоқда.

    Ортга қайтманг, мен сизга ишонаман...

    Тўхтамурод Жумаев 1975-1985 йилларда Литва, Латвия, Эстония давлатларига қилган саёҳати, таълим йўналишида у ердан олган таассуротлари натижасида Ўзбекистонда ҳам чуқурлаштириб ўқитиш тизими, янги ва ўзига хос таълим масканини жорий қилишни кўнглига ният қилиб тугади.

    Турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашганидан сўнг эса истаги фаол ва қатъий ҳаракатга айланади. Рафиқасининг “Дадаси, сиз эплайсиз ва уддалайсиз, юрагингиз шундай мактабни очишга ундаётган экан, сира ҳам ортга чекинманг, сизга ишонаман ва ҳамиша сизни қўллаб-қувватлайман”, деган холис фикри ва оддийгина меҳрли рағбати иқтидорлилар мактабини яратиш хаёлида юрган муаллимга, гўё учишга қанот бағишлагандай ўзига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. “Оила — муқаддас қўрғон. Эр ва хотин эса яратувчи, яшнатувчи, жамиятга нафи тегадиган боғбонлардир”, деган доно ақидани Жумаевлар оиласи мисолида кўриш мумкин.

    Тиниб-тинчимас, изланувчан домла мактаб-интернатни очиш учун илк тажрибани ўзи дарс бераётган синфда математика фанини ўқувчиларга чуқурлаштириб ўтишдан бошлади ва кўнглидаги эзгу-мақсадини рўёбга чиқариш учун юқори ташкилотларга кўп бора хат-ҳужжат билан ёзма мурожаат қилди. Аммо хатлари баъзан жавобсиз, баъзида эса мужмал жавоблар ва турли баҳоналар билан рад этилаверди...

    Шундан сўнг пойтахтдаги мутасадди раҳбарлар билан юзма-юз учрашиш, иқтидорли ўқувчилар учун математика мактабини очишга улардан рухсат олиш мақсадида кўҳна ­Бухоронинг олис Қоракўл туманидан пойтахтга бир-икки ой давомида жуда кўп марта келиб-кетишга мажбур бўлади. Бунинг учун “узоғимни яқин қилади”, дея эр-хотин не-не орзу-умидлар билан йиллар давомида сўмма-сўм, тийинма-тийин йиғиб, жамлаб қўйган маблағларига олинган “Жигули” машинасини сотиб юборадилар.

    Кўп ўтмай фарзандларининг ризқини бутлаб, рўзғорни сут-қатиқ билан таъминлаб турган соғин сигирини ҳам сотишга тўғри келади. Зумрад момо говмишининг сотилишини истамаса-да, Тўхтамурод домланинг ич-ичидан эзилиб турган, маъюс кўзларига қараб: “пул қўлнинг кири, жонингиз соғ бўлса, бунақа говмиш сигирлардан кўпини оламиз, асосийси, ният қилганингиз мактабингизни очилишига асқотса, сотаверинг, ахир мактаб очган энг улуғ иш ва савоб, дадаси”, дея домланинг чўкиб турган руҳиятини кўтариб, яна далда беради. Тошкентга қатнаб, ҳужжатларни бадастир қилиш, қайсидир бир димоғи баланд амалдорнинг қабулига кириш учун навбатлар кутиш, азим шаҳарда 3-4 кунлаб қолиб кетиш, кундалик харажатлар ва энг асосийси, мактаб очилишига рухсат олиб, зарур ҳужжатларни тўғирлаш учун ҳам анчагина маблағ керак эди-да!

    Ниҳоят, тумандаги эски бир бинодан фойдаланишга ва ўша жойда мактаб-интернат очишга юқоридаги раҳбарлардан рухсат олишга мушарраф бўлади. Бундан чексиз қувониб, елиб-югуриб, яқинлари ва ёру-биродарлари ёрдамида ажратилган жойни тўлиқ таъмирлайди ва 1990 йил 1 сентябрь куни жуда кўп машаққат ва тўсиқлар эвазига бўлса-да янги ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўз фаолиятини бошлайди.

    Бироқ олдинда яна бир қанча муаммоларга тўла тўсиқлар бисёр эди-ки, уларни ечиш, халқ ишончини қозониш, аҳолини қизиқтирган саволларига тўлиқ ва жўяли жавоб бериш учун сабрли бўлиш ва тер тўкиб, астойдил меҳнат қилиш жоиз эди. Ахир, ўша вақтларда мактаб-интернатда, “етим-есир ва мурувватга зор ўқувчилар ўқийди”, деган тушунча одамларнинг онгига ўрнашиб қолганлиги боис, ҳеч қайси ота-она боласини янги очилган таълим муассасасида ўқитишни истамас, “боламни интернатда ўқитаманми, ўзим тирик бўла туриб-а”, деган кесатиқ ва иддаолар домлага очиқ ва ошкора айтиларди.

    Излаган имкон топади

    “Излаган имкон топади”, деган доно нақл бежиз айтилмаган. Тўхтамурод Жумаев ва унинг сафдошлари янги очилган таълим гўшасига болаларни жалб қилиш учун хонадонма-хонадон юриб, ота-оналарга мактаб-интернатнинг асосий мақсадини кенгроқ тушунтириб, тарғибот ва ташвиқот ишларини шиддат билан бошлаб юборди.

    Шундай қилиб, 1990 йил 1 сентябрда ўқув муассасасига суҳбат асосида 8-синфга 20 нафар, 9-синфга 40 нафар ўқувчи қабул қилинди. 1993 йилга қадар қунт билан ўқитиш, тинимсиз изланиш самарасида 40 нафар илк қалдирғочлар ҳисобланмиш битирувчи ёшларнинг 38 нафари юртимиздаги олий таълим даргоҳларига қабул қилиниб, талаба деган шарафли номга мушарраф бўлди. Ана шундан сўнггина, ота-оналарнинг мазкур мактаб таълимига бўлган ишончи ортиб, фикри ижобий томонга ўзгаради.

    Домланинг қанотига кириб, унинг ёнида даст турган шогирдлари Темир Рўзиев, Ғолиб Жумақулов ҳам янги очилган таълим масканининг нуфузини ошириш учун бор билим ва салоҳиятини ишга солиб, истиқбол умиди бўлган ёшларни қунт билан ўқишга чорлашдан бир муддат бўлса ҳам тўхтамаганлар.

    Юксак эътироф

    Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Бугун буюк аждодларимизнинг бебаҳо меросига таяниб, янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун бизда барча имкониятлар мавжуд, дейишга тўла асосларимиз бор. Ҳамма гап ана шу имкониятлардан қай даражада оқилона фойдалана олишимизга боғлиқ. Бу фикрларга бир мисол келтирмоқчиман. Қоракўлда ҳаммамизга машҳур бир мактаб бор. Бу мактабни машҳур қилган оддий қишлоқнинг фидойи муаллими Тўхтамурод Жумаевни ҳам барчамиз яхши биламиз. Бу ажойиб педагог ўзининг тинимсиз изланиши, янги педагогик методлари билан оддий қишлоқ мактабини республика даражасида машҳур таълим даргоҳига айлантирди. Ҳолбуки, мактаб Бухоронинг олис чўл туманида жойлашган бўлиб, замонавий шароитга, қулай имкониятларга ҳам эга эмас. Бу мактаб битирувчиларининг 95 фоиздан ортиғи олий таълим муассасаларига киряпти. Мана шу мактабда Тўхтамурод ака бошчилигида ҳар бир ўқитувчи шогирдларини ўз боласидай кўрган, бу ерда чинакам ижодий мусобақа муҳити шаклланган ва бу ишлар бугун ўзининг муносиб натижасини бермоқда”, дея Қоракўл мактаби асосчиси ҳақида айтган сўзлари тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйишга арзигулик даражадаги юксак эътибор ва юксак эътирофдир!

    Айнан ўша куни моҳир педагог Тўхтамурод Жумаев таълим-тарбия соҳасида эришган улкан ютуқлари ва ибратли фаолияти учун Президентимиз фармонига биноан давлатимизнинг юксак мукофоти — “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши эса юртимизда таълим тизимига ва соҳа вакилларига нисбатан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва олий даражадаги эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.

    Талабчан ва моҳир ўқитувчи асос солган таълим масканининг дастлабки битирувчиларининг аксарияти бугунги кунда жамиятимизнинг турли жабҳаларида юртимиз тараққиёти ва равнақи йўлида устозлари каби сидқидилдан фаолият олиб бормоқда.

    Жумаев мактабининг ўрни беқиёс

    Умид РАҲМОНОВ, Халқ таълими вазирлиги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти директори:

    — Мен 1997–2001 йилларда Тўхтамурод Жумаев асос солган мактабда таҳсил олганман. Устоз ҳар бир дарсни шахсан назоратга олар, эшик ортида туриб, ўқитувчиларнинг дарсларини пинҳона тинглар, дарс якуни бўйича ўз хулосаларини айтар, ютуқ ва камчиликлар ҳам очиқ ва ошкора таҳлил қилинарди. Ўқитувчилар жамоаси устознинг ҳар бир танбеҳини тўғри қабул қилар, тегишли хулоса чиқарарди.

    Муваффақиятнинг яна бир асосий сабабларидан бири, ўқишга иқтидори бор ўқувчиларнинг қабул қилиниши ва қабулнинг шаффоф ҳамда адолатли тарзда ўтказилишида эди. Устоз имтиҳон жараёнларида ота-оналарни синфларга кузатувчи қилиб тақсимлар ва уларга ўзи кирган аудиторияда фарзанди бўлмаслик шартини қўярди: “хоҳланг эътиборсиз бўлинг, ўқувчилар бир-биридан кўчирсин, бошқа аудиторияда ўтирган сизнинг болангизнинг мактабга кириш эҳтимоли камаяди ёки эътиборли бўлиб, жиддий ёндашинг ва адолатли қабулни таъминланг, бу сизнинг танловингиз”. Шу тажриба ҳам узоқ йиллар давомида ўзини оқлаган.

    Шахсан ўзим ўқиш давомида 2000 йил Жанубий Кореяда математика фани бўйича ўтказилган Халқаро олимпиадада бронза, 2001 йил АҚШда бўлиб ўтган Халқаро фан олимпиадасида кумуш медалларни қўлга киритганман. Устоз мактабга барча ўқитувчилардан олдин келишга ҳаракат қиларди. Мактабимизга ҳам ўз касбининг фидойилари ва малакали педагогларни жамлашга эришган.

    Биз ҳозир ҳам синфдош дўстларимиз билан ўқиш даврини жуда кўп эсга оламиз, дўстларимизнинг, ҳар бири мазкур мактаб битирувчисининг, жамиятда ўз ўрнини топишида “Жумаев мактаби”нинг ўрни беқиёс.

    Миршод ҚЎЧҚОРОВ, Васэда университети ҳуқуқшунослик факультети фалсафа доктори (PhD), Ямагучи университети интеллектуал мулк маркази (IP Center) ассистент-профессори:

    — Бугун Қоракўл мактаби деганда, математика фани бўйича ўтказиладиган халқаро олимпиадаларда деярли ҳар йили медаллар билан қайтадиган иқтидорлар ўқийдиган, аниқ фанларга ихтисослаштирилган улуғ бир даргоҳ кўпчиликнинг хаёлига келиши ҳеч кимга сир эмас. Лекин ушбу ўқув маскани 4 та йўналиш бўйича ўқитилиб келингани ва уларнинг орасида ижтимоий йўналиш ҳам борлигини барча ҳам билавермаса керак.

    Мактабга асосий обрў олиб келувчи йўналиш математика бўлишига қарамасдан, устоз томонидан барча йўналишларга бир хил

    эътибор қаратилган. Улар ҳамиша, “аввал тарбия, кейин таълим” дегувчи шиорни ҳам ҳар биримизнинг онгимизга мустаҳкам сингдирган. Президентимизнинг устозимизга кўрсатган юксак эътибори, биз битирувчиларга ҳам жуда катта рағбат бўлди. Қаерда бўлмайлик, устозимиз берган таълим-тарбияга амал қилган ҳолда юртимиз довруғини оламга танитишга ўз ҳиссамизни қўшаверамиз.

    Зулфиддин КАМОЛОВ, “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, давлат бюджет ташкилотлари бухгалтерия ҳисобини юритувчи ва назорат қилувчи “ЎзАСБО” дастури асосчиси:

    — 1998 йил Қоракўл мактаб-интернатига кириш бахтига муяссар бўлдим. Илк дарслардан бошлаб қалбимда билим олиш учун шундай соф бир туйғуларни уйғотишдики, бу йиллар давомидаги таълим жараёнида ҳам мени асло тарк этмади. Устоз асос солган қутлуғ даргоҳда энг муҳим нарса, мукаммал билим олиш эди. Ўқувчилар ўзига тўқ, бой оиладанми ёки ўртаҳол оиладанми, бунинг умуман аҳамияти бўлмаган. Ҳатто ота-оналаримизнинг қаерда ва ким бўлиб ишлаши ҳам асло сўралмасди. Мактабимизда соғлом рақобат муҳити шакллантирилган эди. Жумаев домламиз шаффоф тартиблар ўрнатган эдилар-ки, бу ҳаммада билим олиш имконияти тенг бўлишини таъминлаган. Ўқувчиларни саралаб олишлар кўп жойларда ташкил қилинган, лекин Қоракўл лицейидаги саралашнинг қанчалар ҳалол ва шаффоф бўлганини биз ўз синфимизда “адашиб” кириб қолганлар йўқлигидан билардик. Синфда дарс берувчи ўқитувчилар учун ҳатто ўтириш курсиси ҳам қўйилмаган. Бу ҳам фақат устоз Жумаевгагина хос бўлган ажойиб ва самарали усул.

    Азиз бошингиз омон бўлсин!

    Дарҳақиқат, инсон ўз билими, интилиш ва изланишлари билан саодатга эришса, тинимсиз меҳнати ва унинг шарофати билан юксалади. Зеро, илм ва меҳнат руҳият озиғидир. Тўхтамурод

    Жумаевнинг қутлуғ хонадонидан қайтар эканмиз, ўз ниҳолларининг бақувват дарахтга айланишига беқиёс ва бениҳоя ҳисса қўшган устознинг замонамизнинг улуғ алломаси эканлигидан биз ҳам бениҳоя фахрландик. Дилимиздаги сўзлар тилимизга кўчди: Устоз! Умрингизнинг ҳар бир лаҳзаси фарзандлар, невара-чевара ва шогирдларингиз қадамларида ёруғ нурларга тўлиб бораверсин. Нафақат билим беришни, шу билан бирга, оддийликни, одамийликни ўргатган кўнглингиз ҳеч қачон озор топмасин. Маънавият осмонида зиё таратиб турган қалб қўрингиз йўлчи юлдуздай ёғду таратаверсин

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    январ, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates