2025 йил 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига таълим хизматларини кўрсатиш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1091-сон Қонуни қабул қилинди.
Мактаб ёшидаги болалар билан тенг равишда катта ёшдагиларнинг ҳам билим олишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганлигини инобатга олиб, уларга ҳам ўқув марказлари, ахборот-кутубхона ва соғломлаштириш таълим ташкилотлари томонидан таълим хизматлари кўрсатилмоқда.
Мазкур Қонунда қайд этилганидек, болалар ва катталарнинг ўқишга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини ҳисобга олиб, қўшимча таълимнинг аниқ ҳуқуқий асосларини яратиш ва уларни қонунчиликда мустаҳкамлаш зарур.
Мазкур Қонун билан 5 та қонун ҳужжатларига мактабдан ташқари таълимни қўшимча таълим билан алмаштиришни, ушбу соҳадаги фаолият тўғрисида хабардор қилиш тартибини тасдиқлашни, шунингдек ваколатли органларни белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан,
1) “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг (2020 йил 23 сентябрь, ЎРҚ–637-сон) 11 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Унга кўра:
а) Қўшимча таълим болалар ва катта ёшдагиларнинг ижодий қобилиятини шакллантиришга ҳамда касбий кўникмаларини ривожлантиришга, интеллектуал ва жисмоний такомиллашувга бўлган индивидуал эҳтиёжларини қаноатлантиришга, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга, соғлиғини мустаҳкамлашга ва бўш вақтларини самарали ташкил этишга қаратилган бўлиб, у болалар учун қўшимча таълимни ҳамда катта ёшдагилар учун қўшимча таълимни ўз ичига олади.
Катта ёшдагилар учун қўшимча таълим уларнинг таълимга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, қўшимча билим ва кўникмаларни эгаллашига кўмаклашиш учун ташкил этилади.
Қўшимча таълим бериш тартиби таълим соҳасидаги ваколатли республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан белгиланади;
б) катта ёшдагилар учун қўшимча таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шаклидаги фаолият эса Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини белгиланган тартибда хабардор қилиш орқали амалга оширилади;
2) “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги (2021 йил 14 июль, ЎРҚ–701-сон) Қонунининг иккита иловасига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.
Мазкур Қонун билан тасдиқланган Ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турларининг 11-позициясидаги “Мактабдан ташқари таълим фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома” хабарноманинг номи “Қўшимча таълим фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома” билан алмаштирилди. Бундан ташқари Хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органлар қаторига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам киритилди.
Мазкур Қонун нафақат болаларнинг, балки барча ёшдаги фуқароларнинг қўшимча таълим олишга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш, уларнинг қўшимча касбий билим ва кўникмаларни эгаллаши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (www.lex.uz) эълон қилинган ва 2025 йил 24 октябрдан кучга кирди.
Фаррухжон Файзиев,
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
Юридик таъминлаш бўлими бошлиғи









