Қозоғистонда сайғоқ популяцияси тикланди

    Ҳозирда сайғоқ популяциясининг 90 фоиздан ортиғи Қозоғистонда яшайди.

    Қозоғистонда йўқолиб бораётган сайғоқ популяцияси тикланди. Бу ҳақда мамлакат Экология ва табиий ресурслар вазирлигининг Ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Ким маълум қилди.

    “Бугунги кунда сайғоқлар сонининг тикланиши ҳақида гапириш мумкин. 2003 йилда сайғоқлар сони 21 минг бош бўлган, 2022 йилнинг баҳоридаги рўйхатга олиш маълумотларига кўра, сайғоқлар сони 1,3 миллионга етган, дейди Ким. Унинг таъкидлашича, ҳозирда сайғоқ популяциясининг 90 фоиздан ортиғи Қозоғистонда яшайди.

    Қўмита раиси ўринбосарининг сўзларига кўра, 1815 бош сайғоқ боласини “хонакилаштириш ва кейинчалик қишлоқ хўжалигида жорий этиш учун” қозоқ олимларига топшириш режалаштирилган. “Ушбу квота илмий ташкилотларнинг аризаларидан келиб чиқилган", деб тушунтирди у.

    Сайғоқлар бугунги кунгача сақланиб қолган кам сонли сутэмизувчилар турларидан бири бўлиб, улар мамонтлар фаунасининг вакиллари ҳисобланади. Бу сайёрамизда қуруқликда яшайдиган энг тез югурадиган ҳайвонлардан бири. Улар югурганда соатига 80 километр тезликка эриша олади.

    Сайғоқлар 1996 йилда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган ва 2002 йилдан бери уларга энг юқори хавф даражаси мақоми берилган. Сайғоқлар Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Мўғулистонда яшайди. Қозоғистонда сайғоқлар сони 10 йил давомида – 1992 йилдан 2003 йилгача – 50 баравар, деярли 1 миллиондан 21 минг бошгача камайди, дейилади tass.ru сайтида.