Қулай бизнес муҳити ва жозибадор имтиёзлар тадбиркорлар сафини кенгайтиришда муҳим омил

    Фикр 25 июл 2023 2999

    Жамиятда тадбиркорлар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча жадал бораверади. Қаердаки, тадбиркорлик учун қулай муҳит, зарур шароит яратилса, бизнес вакили ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, эркин ва самарали фаолият юритишига кўмаклашилса, ўша ерда халқ фаровонлиги ошиб, барча соҳаларда ўсиш кузатилади.

    Масалага шу нутқаи назардан ёндашилса, ушбу йўналишни ривожлантиришнинг бугунги кундаги аҳамияти ва заруратини англаш қийин эмас. Бу борада янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳам мутлақо янгича. Сўнгги йилларда тадбиркор давлатнинг ишончли ҳамкори, давлат эса ҳар бир бизнес вакилининг яқин дўстига, ҳа, айнан дўстига айланди.

    Буни уларга берилаётган кенг имкониятлар, катта имтиёзлар мисолида ҳам кўряпмиз. 2017—2022 йиллар мисолида оладиган бўлсак, бу вақт давомида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда тизим вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир 3 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинганини айтиш керак. Асосийси, булар фақат қоғозда қоладиган қарорлар бўлмади, бевосита ҳаётга кўчиб, қисқа фурсатда амалий натижалар ҳам бера бошлади.

    Хўш, юртдошларимизни тадбиркорликка, таъбир жоиз бўлса, бизнесга қўл уришга ундаётган куч нимада? Жамиятимизда ишбилармонлик муҳитининг ортиб, одамлар орасида бу йўналишга иштиёқ кучайиб бораётгани қандай омиллар билан боғлиқ? Албатта, тадбиркорлик қулай муҳит бўлган жойдагина ривожланади. Янги Ўзбекистонда ана шу муҳитнинг шаклланиш босқичлари қандай кечганига назар ташласак, вазият яққолроқ кўзга ташланади.

    Тадбиркор “тушов”лардан озод этилди

    Аввало, тадбиркорлик соҳасидаги текширувларга тўхталсак. Бунинг азоби-ю, ортиқча оворагарчиликларини йиллар давомида бошидан ўтказган одамлар яхши билади. Худа-беҳуда текширувлар ва уларнинг аксарият ҳоллардаги салбий оқибатлари сабаб Ўзбекистонда одамлар тадбиркорлик қилишга ҳайиқиб қолгани, бўйинга солинадиган бу тушов туфайли кўп ишбилармонлар банкротликка учрагани ва бошқалар ҳақида гапирмоқчи эмасмиз. Шунчаки, йиллар давомида сақланиб келган бу тизимни ислоҳ қилиш осон бўлмади, аммо ташланган қадам қатъий эди.

    Жумладан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари, хусусан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинганини эслаш мумкин. Тадбиркорлар фаолиятидаги текширувлар ўтказишга мораторий жорий этилгани бизнес вакилларининг кўнглидаги иш бўлгани рост.

    Ислоҳотлар шу билан тўхтаб қолмади, аксинча, бу катта йўлнинг бошланиши эди. Чунончи, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган режали ва назорат тартибидаги текширувлар бекор қилиниб, уларнинг фаолиятида қонунбузилиши ҳақидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳамда “хавфни таҳлил этиш” тизими асосида текширувларни ўтказиш тартиби белгиланди. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 16 та назорат функцияси бекор қилинди.

    Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари ҳам тубдан такомиллаштирилди. Давлат хизматлари кўрсатишнинг умумий муддати 787 кундан 471 кунгача қисқартирилиб, тадбиркорлик соҳасида лицензия ва рухсат беришга оид 132 та тартиб-таомил бекор қилинди. Давлат идоралари томонидан фуқаро ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномани талаб қилиш амалиётидан ҳам воз кечилди.

    2017 йилда ҳар бир туман (шаҳар)да давлат хизматлари марказларининг ташкил этилиши ҳам ана шу ислоҳотларнинг илк кўринишларидан. Бугунги кунда 750 дан ортиқ давлат хизматларидан 172 таси марказлар, 308 таси Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда “Лицензия” ахборот тизими орқали интерактив шаклда кўрсатилмоқда. Ҳозирга қадар 207 та марказ ҳамда уларнинг 141 та филиали орқали жисмоний ва юридик шахсларга 32 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди. Бу борада доимий ўзгаришлар, янгиланишлар олиб бориляпти. Хусусан, 17 та давлат хизматини композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилди, 200 дан ортиқ тартиб-таомил қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди.

    Яна бир янгилик: лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, амалиётда учраб келаётган кундалик муаммолар ва коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ҳужжатнинг асосий қоидаларига кўра, 50 та лицензия, 124 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 34 та хабарноманинг якуний рўйхати тасдиқланган. Шу сабабли, мазкур қонунда назарда тутилмаган янги тартиб-таомил турларини жорий этиш бекор қилинди. Илк бор ваколатли органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ мутлақо янги механизм жорий этилди.

    Қийин вақтда керакли кўмак

    Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани ҳам айни муддао бўлди. Бу хорижда муқобили бўлмаган “Маҳаллабай ишлаш” тизимининг бир қисми дейиш мумкин. Яъни, аҳолининг тадбиркорлик бўйича ташаббуслари маҳалланинг ўзида шакллантирилиб, мана шу Жамғарманинг моддий кўмагида амалга оширилади. Бугунги кунда Жамғарма томонидан кичик тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларига тижорат банкларининг миллий валютада ажратиладиган, умумий қиймати 5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 баробаридан ошмаган кредит ва лизинглари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун 3 йил муддатгача компенсация тақдим этилмоқда. Қолаверса, бундай кредитларга кафиллик бериляпти.

    Сир эмас, коронавирус пандемияси манаман деган давлатлар иқтисодиётини ҳам тенг аҳволга солиб қўйди ва бундан Ўзбекистон ҳам четда қолмади. Аммо пандемияга қарамай, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига шундай имкониятлар яратиб берилдики, бундан фойдаланган ишбилармон ҳам, халқимиз ҳам, давлат ҳам ютқазмади. Барча соҳалар, хусусан, туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби тармоқларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди. Тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга кечиктириш тақдим этилиб, муддати ўтиб кетган кредитларга гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлланилмади.

    Кичик тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш корхоналари, йўловчи ташиш, маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди. Микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилиб, туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилди.

    Пандемия авж олган мураккаб даврда, айниқса, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи кўндаланг қўйилгани ҳам маълум. Давлатлар ўртасида алоқалар тўхтаб қолиши, иқтисодий зарарлар оқибатида жаҳон қишлоқ хўжалиги соҳаси сезиларли зарар кўрди. Шу йўналишдаги тадбиркорларга ҳам осон бўлмади. Ана шундай мураккаб вазиятда ҳам мамлакатимизда инсон қадри етакчи ўринга чиқиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давом эттирилди. Озиқ-овқат ва доривор ўсимликлар йўналишларини ривожлантириш учун доимий равишда қўшимча имтиёз ва преференциялар бериб борилгани ушбу соҳаларни инқироздан сақлаб қолиш баробарида, янги ривожланиш босқичига олиб чиқди.

    Жумладан, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, узумчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва касаначиликни ривожлантиришнинг субсидиялаш тартиби жорий этилди. Доривор ўсимликлар ишлаб чиқарувчиларга фойда, мол-мулк, ер солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилиши белгиланди. Натижада фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жами 565 миллиард сўмлик қарзи ҳисобдан чиқарилиб, 19 минг 435 нафар шахснинг тадбиркорлик фаолияти тикланди. Мураккаб даврларда тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилиб, уларга 86 триллион сўм кредит, 33 триллион сўмлик имтиёз ва бошқа турдаги кўмаклар кўрсатилди. Мазкур чоралар натижасида пандемиядан зарар кўрган 100 мингдан зиёд корхона ўз фаолиятини тиклаб олди.

    Шунингдек, тадбиркорларни ер майдони билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Тан олиб айтиш керак, бу муаммо узоқ йиллардан буён уларнинг тинкасини қуритган бошоғриқлардан бири эди. Унинг ечими сифатида 2018 йилдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотиб олиш тартиби жорий қилинди, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фақат маълум ҳолатларда тўғридан-тўғри ер ажратиш ваколати қолдирилган.

    2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари ўзига ажратилган ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Уларда, эндиликда, ер участкаларига нисбатан мулк ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотиб олиш имконияти ҳам бор. Буларнинг барчаси соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бирга, эркин ва соғлом рақобат муҳитини яратиб бермоқда.

    Имтиёзлар барча учун

    Ана энди натижалар ҳақида тўхталсак. Очиғи, тадбиркорларга охирги йилларда берилаётган имтиёзлар мамлакатимиз тарихида кузатилмаган. Оддий инсонларнинг тадбиркорлик орқали ўзини-ўзи банд қилиши ҳам авваллари ҳаёлга сиғмайдиган масала эди. Жамиятимизда фақат пули ёки каттароқ лавозимда ишлайдиган таниши бор инсонгина тадбиркор бўла олади, деган қарашлар шакллангани ҳам рост.

    Буни яна таққослар билан давом эттириш ниятимиз йўқ. Айни пайтдаги ҳолатни кўриш учун атрофга қарашнинг ўзи етарли. Оддий деҳқондан тортиб, ҳали эндигина катта ҳаётга қадам қўйган йигит-қизлар ҳам ўз тадбиркорлиги билан шуғулланиб, яхши даромад топаётгани-ю, бошқаларни ҳам иш билан таъминлаётгани ҳаётимизда оддий ҳолга айланиб улгурди.

    Бу борадаги ислоҳотлар натижаси йилдан-йилга ўсиб боряпти. Масалан, ўтган йилнинг ўзида 90 мингта юридик ва 96 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳудудлардаги 54,9 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга тижорат банклари томонидан 41,9 триллион сўм кредит ажратилди. Пировардида хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга, экспортдаги улуши эса 60 фоизга етди.

    Тадбиркорлик субъектлари орасида ёшлар улушининг ортиб бораётгани ҳам қувонарли. Мамлакатимиз аҳолисининг 18 миллиондан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бу катта куч ва имконият дегани. Шу боис, бугун юртимизда йигит-қизларни тадбиркорликка жалб этиш, уларга бу борада зарур кўмак ва имтиёзлар бериш йўналишидаги ишлар ҳам аввалгиларга ўхшамайди. Буни ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида 121 минг 731 талабгорга 2 триллион 894 миллиард сўм кредит ажратилганидан ҳам кўриш мумкин.

    Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 103 мингдан зиёд хотин-қиз тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиб, улар томонидан қарийб 201 мингта янги иш ўрни яратилди. 233 мингдан зиёд аёлга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 4,7 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилди.

    Умуман, бугун юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, ҳамма ҳаракатлардан кўзланган бош мақсад – одамларни рози қилиш, муносиб шароит яратиб беришга қаратилган. Тадбиркорликни ривожлантириш йўналишидаги саъй-ҳаракатлар ҳам инсон қадрини улуғлаш, мамлакатда ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳитини янада яхшилашга хизмат қилиши муқаррар.

    2021 йил август ойида давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан илк очиқ мулоқотида ҳам ана шу жиҳатларга урғу бергани ёдимизда. Шундан сўнг мазкур мулоқотни ҳар йили ўтказиш анъанага айлангани ва 20 август юртимизда Тадбиркорлар куни сифатида нишонланаётгани ҳам соҳа вакиллари доимо қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин ифодасидир. Ишбилармон доира вакиллари ҳам шунга мос тарзда ҳаракат қилмоқда, иқтисодиётимизнинг ҳақиқий таянчига айланишга интилмоқда.

    Улуғбек ХОЛБЕКОВ,

    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

    Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби магистранти