Рақамли технологиялар ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, бугунги кунда нафақат кундалик фаолиятимиз, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини ҳам уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Табиийки, бошқа соҳаларда бўлгани сингари каби pақамли технологияларни солиқ маъмурчилигида жорий этиш ҳам унинг фаолиятини тубдан ўзгартирмоқда. Бу нафақат солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқ бўлиб қолмай, балки декларацияларни тақдим этишдан тортиб, то солиқларни тўлаш ва маълумотларни сақлаш усулларигача ҳам янгиликликлар киритяпти.
Хусусан, тизимда ягона электрон платформани яратиш орқали маълумотларни киритиш, тўплаш, шакллантириш, таҳлил қилишнинг замонавий услуби йўлга қўйилди. Бунинг натижасида солиқ ҳисоботларини топшириш жараёни 5-7 баробарга қисқарди. Айни кезда 112 гуруҳ ва 1348 товар ва хизматлар синфидан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси товарлар ва хизматларнинг ягона электрон таснифлагичи учун веб-портал жорий қилинган. Маҳсулотлар ва хизматлар идентификация кодлари ёрдамида 900 мингдан ортиқ электрон ҳисоб-фактуралар яратилган.
Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг кенг жорий этилиши солиқ маъмурчилигини яхшилашга олиб келди. Ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигида ушбу электрон тизим орқали 798,4 триллион сўмлик товар айланмаси солиқ базасига киритилди ёки бу кўрсаткич биринчи ярим йилликка нисбатан 3,5 бараварга ошди.
Бугунги кунда рақамли технологиялар шиддат билан ривожланиб боряпти ва ҳар бир соҳада замон билан ҳамқадам одимлашни тақозо этади. Масалан, сунъий интеллект технологияcини жорий этиш cолиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини аниқлаш, фирибгарликларни олдини олиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва такpорланувчи жараёнларни автоматлаштириш ҳамда шаффофликни оширишда қўл келса, катта ҳажмли маълумотлар — Big data эса солиқ органларига келиб тушадиган катта ҳажмдаги маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш, тушумларни янада яхшироқ башорат қилиш ҳамда тўловчилар ва солиқ органлари ўртасидаги ҳужжат алмашинувини яхшилаш имкониятини беради
Сунъий интеллект ва big data кўмакка келмоқда
Маълумот учун artificial intelligence, яъни, cунъий ақл- информатиканинг алоҳида соҳаси бўлиб, компютер ёки машинанинг инсон онгидаги имкониятларга тақлид қилиши, cодда қилиб айтганда, cунъий ақл компьютерларни одам каби ўйлаш ва ечим топишга йўналтирилган технология ҳисобланади. Big Data — салмоқли маълумот атамаси кунига 100 гигабайтдан кўп маълумот тушадиган оқимларга нисбатан қўлланиб келинган. Кейинчалик маълумотларнинг кескин кўпайиши оқибатида бу тушунча янада кенг қамров касб эта бошлади. Ушбу атама одатда терабайт, экзабайт ва петабайтлар даражасидаги катта ҳажмдаги маълумотларга нисбатан қўлланилади.
Бугунги кунда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, соҳадаги фирибгарликлари ва маълумотларни сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилишнинг ҳозирги ҳолатида миллий ҳамда халқаро даражада бир мунча муаммолар мавжуд. Мисол учун, Солиқ, Адлия Тармоқлари (Tax Justice Network) ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботида cолиқ фирибгарлиги ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш натижасида бутун дунё давлатлари йилига 427 миллиард АҚШ доллари миқдорида зиён кўришмоқда. Биргина АҚШнинг ўзи ҳар йили солиқ тўлашдан бўйин товлаш туфайли 188,8 миллиард доллар йўқотади, Хитой ва Япониянинг бу борадаги йиллик зарарлари тегишли равишда 66,8 ва 46,9 миллиард долларни ташкил этяпти.
Мамлакатимизда солиқ тизимида электрон давлат хизматлари ва ахборот тизимлари орқали маълумотлар базасига тушаётган мурожаатлар сони йилдан-йилга кескин ошиб бораётганлиги сабабли маълумотларни тезкорлик билан таҳлил қилишни такомиллаштиришни кун тартибига қўймоқда. Давлат солиқ қўмитасининг мавжуд сервер қурилмаларининг хотира ҳажми бугунги кунда 90 фоиз банд. Маълумотларни қайта ишлаш маркази қурилмалари эскирганлиги ҳамда электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн назорат касса машиналари ҳамда ташқи манбалар орқали шаклланган катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва тезкор таҳлил қилиш учун мавжуд серверлар қуввати етишмаслиги ҳолатлари юзага келиб турибди. Бу борада cунъий ақл ва катта ҳажимли маълумотлар технологияларини жорий этиш қўл келади.
Шу боис Президентимизнинг 2021 йил 17 февралдаги “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида’’ги қарорида ҳам “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, солиқ соҳасида ҳам юридик шахсларнинг солиқ тушумларини таҳлил қилиш, солиқ тўловларидаги тафовутларни аниқлашда сунъий интеллект технологияларини қўллашга алоҳида аҳамият қаратилган.
Янги технологиялар афзалликлари
Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар соғлиқни сақлаш, транспорт, мудофаа ва миллий хавфсизлик каби кўплаб соҳаларда сунъий интеллект афзалликларидан фойдаланиб келмоқда. PricewaterhouseCoopers (PwC) консалтинг компанияси тадқиқотлари шуни кўрсатадики, глобал сунъий ақл 2030 йилга келиб жаҳон иқтисодиётига 15,7 миллиард триллион АҚШ долларимиқдорида ҳисса қўшиши кутилмоқда. Бу жаҳон ялпи ички маҳсулотини 26 фоизга ўсишига олиб келади.
Xорижда cунъий интеллект технологиясини ўз солиқ тизимида қўллаётган мамлакатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Жумладан, Дания 2018 йилда солиқ тўлашдан бўйин товлаш натижасида қарийб 325 миллион АҚШ доллари зарар кўрган. Мамлакат ҳукумати сунъий ақл воситаларини ўз солиқ тизимига татбиқ этиши натижасида солиқларни тўлашдан бўйин товлашнинг ҳар 100 ҳолатидан 85 тасини муваффақиятли аниқлади. Шунингдек Ҳиндистон ҳукумати солиқларни тўлашдан бўйин товлаш билан курашиш ва сохта фирмаларни аниқлаш учун сунъий ақл воситасидан фойдаланишга киришган етакчи мамлакатлар қаторида туради.
Негаки, солиқ маъмурчилигига сунъий ақлни жорий этилиши қўйидаги афзалликларга эга бўлиш имкониятини беради. Жумладан, айни кунда солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини аниқлаш. солиқ идоралари солиқ аудити жараёнида фирибгарликни аниқлашга ҳаракат қилишади. Ҳужжатлар тўпламидан аниқ маълумотларни топиш бу пичан ичидан игна қидириш каби заҳматни талаб қилади. Аслида алгоритмларидан фойдаланиб, катта миқдордаги маълумотларда ноодатий ёзувларни аниқлай оладиган, сунъий ақлни қўллаб-қувватлайдиган тизимларни яратиш мумкин.
Такрорий вазифаларни автоматлаштириш учун сунъий интеллектни қўллаб-қувватлайдиган роботларнинг қўлланилиши мутахассисларга ҳужжатлар устида ишлашни камайтиришга хизмат қилса, шаффофликни ошириш эса, cолиққа тортишнинг автоматлаштирилган жараёнида коррупцияни камайтиршга ёрдам беради.
Сунъий интеллект ёрдамида автоматлаштирилган компьютерлар солиқ маълумотларини прогноз ва таҳлил қилиш учун сарф-харажатларни камайтиришда ҳам катта имкониятга эга. Бундай маълумотлардан фойдаланиб йиллик ўзгаришларни кузатиб бориш ва маблағларни тежаш мумкин.
Рақамли технологиялар тараққий этган асрда энг муҳум омил бу маълумотлар ҳисобланади. Уларни тўплаб, ўрганишлар асосида хулосалар чиқаришда Big Data технологиясининг аҳамияти катта. Ундан қўпинча салмоқли маълумотларнинг прогнозли таҳлилларига ёки маълумотлардан қиймат чиқариб олишнинг бошқа усулларига мурожаат қилишда ҳам фойдаланилади. Big Data технологияларидан олинадиган даромадлар йилдан йилга ўсиб бормоқда. У 2019 йилда 189,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 274,3 миллиард долларга етиши кутилмоқда. АҚШ, Австралия каби мамлакатларда катта ҳажмли маълумотлар технологияларини ривожлантириш ва молиялаштириш бўйича махсус давлат дастурлари ишлаб чиқилган.
Австралиянинг дастури — "Smarter Data" aқлли маълумотлар деб номланади, У хатарларни баҳолаш, таҳлил қилиш, солиқ тўловчиларнинг доимий равишда янгиланиб турадиган профилларини яратиш, маълумотлардан турли мақсадларда фойдаланишни автоматлаштириш, шунингдек, мазкур таҳлил жараёнлари учун катта ҳажмли маълумотлардан фойдаланишга асосланган. Мазкур технология Блокчейн технологияси билан биргаликда қўлланганда катта миқдордаги операцияларни бажариш, ҚҚСни (манфий суммасини) қайтариш ва трансчегаравий операцияларни кузатиш мумкин бўлади.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида’’ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 июндаги “Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига асосан, 2022 йилнинг май ойига бориб, солиқ соҳасида юридик шахсларнинг солиқ тушумларини таҳлил қилиш, солиқ тўловларидаги тафовутларни аниқлашда сунъий интеллект технологияларини қўллаш дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва тажриба-синов лойиҳасини жорий этиш белгиланган, 2023 йил июнига келиб эса, катта ҳажмдаги маълумотларни бошқариш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Big Data” технологияларини йўлга қўйиш мўлжалланмоқда.
Маълумотларга кўра 2015-2016 йилларда Молия вазирлигининг ғазначилик департаменти ва Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда бюджетдан ташқари маблағларни тўғридан-тўғри Молия вазирлиги ғазначилигига туширишни йўлга қўйиш мақсадида маълумотлар маркази серверларининг бир қисми янгилаган, бироқ мазкур электрон қурилмалар бугунги кунга келиб анча эскирган.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда cолиқ тизимига Big Data технологиясини жорий этиш муддатларини янада жадаллаштириш зарур. Агар у блокчейн технологияси биргаликда қўлланса, тизим серверларида зўриқишлар юзага келиши камаяди ҳамда маълумотларни узатиш тезлашади. Чунки, блокчейн маълумотларни серверларда эмас, тармоқ бўйлаб сақлайди.
2021 йилнинг 28 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталогини жорий этиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузилган шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни электрон расмийлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди. Шу йилнинг 1 июнидан татбиқ этиладиган бу хизматларнинг хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида электрон маълумотларнинг тизимли ва изчил алмашинувини таъминлаш, бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини автоматлаштириш ҳамда солиқ тўловчиларга солиқ юкини кескин камайтириш имкониятини яратиши кўзда тутилган
Президентимизнинг “Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида’’ги қарорига кўра, жорий йилнинг 1 мартидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институтининг ташкил қилиниши “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ҳар томонлама амалга оширишга қаратилган илмий тадқиқотларни ташкил қилиш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш; мазкур йўналишда фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб боришдаги аҳамияти катта бўлади.
Назаримизда, шу билан биргаликда, рақамли технологияларнинг шиддат билан ривожланиши ва соҳанинг малакали мутахасисларга эҳтиёжини ошиши олий таълим муассасаларида “Солиқ ва рақамли технологиялар” бўйича алоҳида ўқув йўналишини ташкил этилишни тақозо этмоқда.Бу энг аввало, тизимнинг салоҳиятли кадрлар билан таъминланишига янада кенг йўл очади.
Жаҳон тажрибаси кўрсатиб турибдики, сунъий ақл ва Big Data технологиялари наинки солиқ идоралари ишини жадалаштиришга, шу билан бирга, “электрон ҳукумат” фаолияти самарадорлигининг ошишини ҳамда мамлакатда “рақамли иқтисодиёт”нинг ривожланишига ва энг муҳими, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга ҳам ёрдам беради.
Жалил БОЙКАЛОНОВ,
Молия вазирлиги ҳузуридаги
Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти
мутахассиси