Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, эксперимент чет эл фуқаросининг рақамли профилини яратишга қаратилган.
Экспериментнинг асосий босқичлари:
Биринчи босқич 2024 йил 1 декабрдан бошланади ва 2026 йил 30 июнгача Москва аэропортларида (Шереметево, Домодедово, Внуково ва Жуковский), ҳамда Маштаково автомобиль юк ва йўловчи назорат пунктида (Оренбург вилояти) давом этади.
Ушбу босқичда Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтишда (кириш/чиқиш) хорижликлар (шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) биометрик маълумотларни – юзнинг фотографик тасвирини ва бармоқ изларини тақдим этади.
Иккинчи босқичда, 2025 йил 30 июндан 2026 йил 30 июнига қадар эксперимент кенгайтирилади ва Россия давлат чегараси орқали барча назорат-ўтказиш пунктларини қамраб олади.
Ушбу босқичда Россия Федерациясига визани талаб қилмайдиган тартибда киришни режалаштираётган чет эл фуқароси (жумладан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам) эксперимент давомида, РФга киришдан олдин қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:
- Ягона портал мобиль иловасидан фойдаланган ҳолда идентификация ва аутентификациянинг ягона тизимида рўйхатдан ўтиш тартибидан ўтади;
- реал вақт режимида ўз фотосуратларини ягона портал мобил иловасига тақдим этади ва биометрик шахсий маълумотларини ягона биометрик тизимга жойлаштиради;
- Россия Федерациясига кириш режалаштирилгандан камида 72 соат олдин ёки 4 соатдан кечиктирмасдан (агар шошилинч даволаниш зарурати, қариндошининг ўлими факти мавжуд бўлса) кириш мақсадлари тўғрисида электрон баёнот беради.
Ушбу эксперимент Россия Федерациясига кирувчи ва чиқувчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга амал қилади, бундан мустаснолар қуйидагилар:
- Беларус Республикаси фуқаролари;
- дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари ва ходимлари, уларнинг оила аъзолари;
- халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари, ходимлари ва уларнинг оила аъзолари;
- дипломатик ёки хизмат паспортига эга бўлган шахслар;
- 6 ёшгача бўлган болалар.