Самарқандда ота ўгай ўғлини калтаклади

    Ижтимоий тармоқларда ота ёш боласини камар билан калтаклаётгани акс этган видеолар тарқалди.

    Бу ҳақда Болалар омбудсмани расмий муносабат билдирди.

    Қайд этилишича, шу йилнинг 23 июнь куни Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида яшовчи Ш.Н. (1988 йил, эркак) ўзи билан бирга 2024 йилдан шаърий никоҳда бўлган Т.Д. нинг 2017 йилда туғилган, фарзанди Э.О. (6 яшар ўғил бола) сини ҳовлисида камар билан калтаклади.

    Ҳолат юзасидан 24 июнь куни терговга қадар текширув бошланди. Вояга етмаган О.Э. да тан жароҳатлари аниқланиб, ҳозирда болага тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳолат бўйича суд тиббиёт экспертизаси тайинланган.

    Хабарда айтилишича, Ш.Н. Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Ўтказилган текширувлар натижасида унинг руҳиятида ўзгаришлар борлиги аниқланди. Шундан сўнг, Ш.Н. Самарқанд вилояти руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди ва унинг ҳолати юзасидан суд-психиатрик экспертиза тайинланди.

    Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.

    Ҳолат бўйича қўшимча ахборот берилади.