Канада давлатида бўлиб ўтаётган халқаро тадбирда Самарқанд вилояти делегацияси вилоятга хорижий сайёҳларни жалб этиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ўз маҳсулотлари ва туристик хизматларини тақдим этяпти.
Жумладан, делегация аъзолари хорижий давлатларнинг сайёҳлик компаниялари ҳамда хорижий мамлакатлар туризм идоралари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар давомида хорижликларга Самарқанд вилояти туризм салоҳияти, халқаро аэропортининг имкониятлари, туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар, сайёҳлар учун вилоятда яратилган ифратузилма объектлари ҳамда ўзбек халқининг бой тарихий-маданий мероси тўғрисида тўлиқ маълумотлар бериляпти.
Маълумот учун, 33-маротаба ташкил этилаётган “Montreal International Tourism and Travel Show – 2023» халқаро туризм кўргазмаси Америка қитъасида ташкил этиладиган энг йирик туризм кўргазмаларидан бири ҳисобланади. Мазкур туризм кўргазмасида 100 дан ортиқ мамлакатдан 50 000 нафарга яқин туризм соҳаси вакиллари ўз тақдимотлари билан қатнашяпти, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.