баннер
16 апр 2025
03:53

    Саммит таълим соҳасидаги алоқаларимизга ҳам янгича суръат бағишлайди

    Шу йил 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим воқеадир.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити олдидан Euronews телеканалига берган интервьюсида илгари сурилган фикрлар мамлакатимизнинг минтақавий ва глобал ривожланиш борасидаги юксак ташаббусларини акс эттиради.

    Давлатимиз раҳбарининг минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва илм-фан ҳамда таълим тизимида янгиликларни жорий этишга қаратилган ёндашувлари Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамларни ифодалайди. Ушбу саммитнинг асосий мақсади сиёсий ва иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш бўлсада, таълим ва илм-фан соҳасида ҳам ўзига хос имкониятлар яратади.

    Дунё тобора глобал тус олаётган бир пайтда таълим ва илм-фан ҳар бир давлатнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатади. Саммитда кўриб чиқилаётган соҳалар, масалан, рақамли инфратузилма, транспорт ва логистика, яшил энергетика каби йўналишлар таълим тизимимизга янги вазифалар юклайди. Бу, албатта, бизнинг институтимиз учун ҳам катта имконият. Хусусан, транспорт ва логистика инфратузилмасининг ривожланиши олий таълим муассасалари учун халқаро ҳамкорликни кучайтиради. Янги академик дастурлар, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар – буларнинг барчаси илм-фан ва таълимни глобал даражада янада илгари суради.

    Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан амалга оширилаётган рақамли инфратузилма ривожи таълим жараёнини инновацион тарзда ўзгартиришга катта ҳисса қўшади. Рақамли технологиялар ёш авлоднинг рақамли саводхонлигини ошириш, илмий тадқиқотларни эса янги босқичга олиб чиқиш имкониятини яратади. Энергетика ва яшил технологиялар соҳасидаги кун тартиби ҳам Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу борада илмий тадқиқотлар ва таълим дастурларининг ривожланиши мамлакатимизнинг барқарор равнақига хизмат қилади.

    Умуман олганда, ушбу саммит илм-фан, таълим ва инновациялар соҳасида янги истиқболларни очади. Исъҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллар институти бу жараёнларда фаол иштирок этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва талабаларимизга замонавий билим ва кўникмалар беришга тайёр.

    Ривожиддин КАРИМОВ,

    Исъҳоқхон Ибрат номидаги

    Наманган давлат чет тиллар институти ректори

    Телеграм каналимиз
    Text to speech