Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакатга тезкорлик билан инсонпарварлик ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари муҳокама этилди.
Абдулла бин Ҳолид бин Сауд ал-Кабир Ўзбекистоннинг бу борадаги амалий қадамларини юқори баҳолади, айниқса, жорий йил июль ойи охирида Тошкентда «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусидаги халқаро конференция муваффақиятли ўтказилганини таъкидлади.
Томонлар Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклаш, мамлакатни минтақавий интеграция жараёнларига янада кенгроқ жалб этиш муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.
Саудия томони Ўзбекистон Республикасининг Афғонистонда Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлари ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлаб, ушбу лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
Афғонистоннинг янги ҳукуматига нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг яхлит позициясини ишлаб чиқмай, ҳамда халқаро гуманитар ёрдамни кўпайтирмасдан туриб, мамлакатдаги ўткир ижтимоий-иқтисодий инқирозни бартараф этиб бўлмайди, деган фикр билдирилди.
Томонлар Афғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлигининг махсус вакиллари даражасида маслаҳатлашувларни давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.