Шаҳло ҲОШИМОВА: Юртимиздаги ҳар бир ёш келажак бунёдкори

    Отам ҳайдовчи, шунинг ортидан оила тебратганлар. Шунга қарамай, асосий сармояни менинг билим олишимга тикканлар.

    Ҳаёт кутилмаган воқеаларга бой, орзуингга қачон, қай тариқа етишинг, сенга аталгани қандай келишини билмас экансан. Болалигимдан шеърлар ёзиб, 14 ёшимдан буён “Зулфия” номидаги давлат мукофотини олишни орзу қилардим. 30 ёшимда эса кутилмаганда “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирландим. Вилоятимиздаги иқтидорли, изланувчан, салоҳияти юқори ёшлар қатори тавсия қилинганим, ўзим бирор ҳужжат тайёрламаганим боис, аввалига, мен ҳам, ота-онам ҳам бунга ишонмадик. Аммо кейин, отам “Агар Президентимиз билан кўришсанг, дадам сизни яхши кўрадилар, олиб бораётган сиёсатингиз учун раҳмат, деб айтиб қўй”, дея таъкидладилар.

    Медални шахсан давлатимиз раҳбарининг қўлидан қабул қилиб олар эканман, отамнинг сўзларини етказдим. Қисқа муддатли суҳбатимиз давомида юртбошимиз биз ёшларни ҳамиша қўллаб-қувватлашлари, ёнимизда туришларини айтдилар. Бу самимий сўзлар мамлакатимизнинг ҳар бир йигит-қизига қаратилганини чуқур ҳис қилдим. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 июнь куни Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригида ҳам бу алоҳида акс этгани бежиз эмас. “Биз ўз олдимизга қўйган улкан мақсадларимиз ижобатини, Янги Ўзбекистон келажагини бутун эл-юртимиз қатори сиздек азму шижоатли фарзандларимиз билан боғлиқ ҳолда кўрамиз”, дея таъкидлади Президентимиз ўз нутқида.

    Ёшлар худди ниҳол каби. Уларни тўғри парваришлаб, униб-ўсиши учун шароит яратиб берилса, катта дарахтга айланади. Унинг меваси, соясидан бутун халқ баҳраманд бўлади. Ўзбекистон ана шундай оёқда мустаҳкам тура оладиган, ўз сўзи ва мақсадига эга, ҳар томонлама баркамол авлод, етук ёшларни тарбиялаш йўлида жадал бораётган саноқли давлатлардан бири. Бунинг учун барча соҳаларда яратиб берилаётган имконият, шароитлар ўз маҳсулини бера бошлади. Илмли ёшларимиз сафи кенгайиб, тенгдошларимиз жаҳоннинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил оляпти, машҳур компанияларда ишлаяпти. Йигит-қизлар ўз илми, салоҳияти билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшмоқда.

    Ўзим ҳам оддий оиланинг ёлғиз фарзандиман. Отам ҳайдовчи, шунинг ортидан оила тебратганлар. Шунга қарамай, асосий сармояни менинг билим олишимга тикканлар. Ҳамиша мени қўллаб-қувватлайдилар. Беш йил давомида олий ўқув юртига кира олмаганимда ҳам ҳеч қачон чекинмаслигим, илмдан ортга қайтмаслигим кераклигини айтиб, менга рағбат бериб турганлар. Мана, уларнинг ишончи ва тиргаги билан магистратурани ҳам тамомлаб, айни пайтда Тошкент давлат аграр университетида докторантурада таҳсил оляпман. Туркиянинг машҳур университетларидан биридан докторантурада ўқиш таклифини олгандим, аммо ота-онамни ёлғиз қолдиришга кўзим қиймади. Таълимни ўзимизда давом эттираётганимдан афсусда эмасман, боиси, бу ерда севимли ишим ҳам бор. Икки йилдан буён Жиззах политехника институтида ишлаб, 200 дан ортиқ талабага дарс бериб келяпман. Қатор лойиҳаларим ҳам бор, уларни ўз лабораториямда илмий ўрганиб, амалиётда синовдан ўтказаман. Асосий йўналишим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашга қаратилган.

    Қизиғи, болалигимдан доим журналист бўлишни орзу қилганман. Шеърлар, насрий ҳикоялар ёзиб юрганим учунми шу касбга ҳавасим баланд эди. Ҳозиргача бир қанча тўпламларим нашрдан чиққан. Аммо тақдир қилгани илм йўли экан. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳаси мени тезда қизиқтириб қўйди ва келажагимни шунда кўра бошладим. Маҳсулотни етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш жараёнларининг бари қизиқ эди. Бу борада янги илмий изланиш, лойиҳаларга қўл ура бошладим. 2021 йилда 6 та ана шундай инновацион лойиҳам молиялаштирилди. Уларнинг асоси озиқ-овқат маҳсулотларни чиқиндига чиқармасдан, қайта ишлаб, иқтисодиётимизни ривожлантиришга қаратилган.

    Чунки маҳсулотни етиштириш бир қарра даромад бўлса, уни қайта ишлаш бир неча баробар фойда, дегани. Бунинг учун замонавий технологиялар, илмий асосланган лойиҳалар зарур. Масалан, Жиззах вилоятида жуда кўп қовун маҳсулоти етиштирилади, лекин уларнинг истеъмол бозори жуда катта эмас. Агар ана шу маҳсулотни қайта ишлашни йўлга қўйсак, самарадорлик ошади. Докторлик ишим айнан шунга қаратилган. Яъни, маҳсулотнинг иккиламчи ҳосили — далаларда қолиб кетадиган, техник ҳамда биологик шикастланган қовунни олиб, ундан мармелад тайёрлаш технологиясини йўлга қўйиш устида иш олиб боряпман. Тажрибалар давомида уй шароитида қуритилган қовун маҳсулотлари намуналарини Туркиядаги Эгей университети профессор-ўқитувчиларига юбордим. Таҳлиллар натижалари олингач, уни халқаро журналда эълон қилиб, кейин юртимиз амалиётида қўллашни мақсад қилганмиз. Бошқа мева-сабзавотларни қайта ишлаш бўйича ҳам шундай лойиҳалар олиб бормоқчимиз. Жиззах вилоятида бунинг учун имконият етарли ва келгусида ҳудудни қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлайдиган замонавий технологиялар манзилига айлантиришни мақсад қилганмиз.

    Жорий йилнинг апрель ойида Туркиядаги Эгей университетида амалиёт ўтаб қайтдим. Ниятим, юртимизга у ердаги каби энг янги технологияларни олиб келиб, институт талабаларига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашда замонавий ёндашувларни ўргатишдан иборат. Чунки бугунги кун йигит-қизларида илм олишга бўлган иштиёқ ҳам, имконият ҳам юқори.

    Ўзим ҳам ана имкониятлардан фойдаланаётган ёшлардан бириман. Тил ўрганишга қизиқаман, бир неча хорижий тил бўйича даража сертификатим бор. Илмий фаолиятдан ташқари, спорт билан шуғулланиб келаман. Спортнинг Таеквондо ITF тури бўйича 18 карра Ўзбекистон чемпиони, халқаро турнир ғолиби, биринчи даражали қора белбоғ соҳибасиман. Илмий лойиҳаларим билан турли танловларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритиб келяпман. Жиззах ифтихори “Олтин фонд” аъзоси бўлган ёшлардан бириман.

    Умуман, инсон мақсадни тўғри қўйиши керак. Ёнида уни қўллаб-қувватлайдиганларнинг бўлиши ҳам муҳим. Айниқса, хотин-қизларнинг илм олишига кенг йўл очаётган жамиятда натижа ҳам шунга яраша бўлади. Мен бугун ана шундай илғор жамият аъзоси эканимдан хурсандман. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган мамлакат фарзанди эканимдан ғурурни туяман.

    Бугун юртимиздаги ҳар бир ёш, жамиятга нафи тегаётган йигит-қиз борки, келажак бунёдкори, деб биламан. Улар деҳқон ёки ҳайдовчи, шифокор ёки олим бўлишидан қатъий назар, келажак бунёдкорларидир. Чунки улар бекорчи эмас, ўз меҳнати, интилиши билан ҳеч бўлмаганда, бир оилани таъминлашга ҳисса қўшяпти. Улар жамият, мамлакат тараққиётига бефарқ эмас.

    Шаҳло ҲОШИМОВА,

    Жиззах политехника институти ассистенти,

    “Келажак бунёдкори” медали соҳибаси

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 02.07.24 й, 130-сонида эълон қилинди.)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates