Анжуман Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) ва Сингапурдаги Нанянг технология университети ҳузуридаги С.Ражаратнам номидаги халқаро тадқиқотлар мактаби (RSIS) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Сингапур Ташқи ишлар, Савдо ва саноат вазирликлари вакиллари, етакчи таҳлил ва илмий-тадқиқот тузилмалари экспертлари иштирок этди. С.Ражаратнам халқаро тадқиқотлар мактаби, Сингапур Миллий университети, Яқин Шарқ институти (MEI), Марказий ва Жанубий-Шарқий Осиё ҳамда халқаро ҳамкорлар бўйича Сингапур ҳамкорлик маркази (SCE), бошқа ташкилот ва муассасалар шулар жумласидандир.
Давра суҳбатида Ўзбекистон томонидан МОХИ, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари қатнашди.
Тадбирда ҳозирги динамика сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштиришга ижобий таъсир кўрсатаётгани алоҳида қайд этилди. Тўқимачилик, кимё, транспорт, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналари мавжудлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча соҳаларда ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратаётгани урғуланди. Шунингдек, деярли барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, давлатимиз томонидан олиб борилаётган минтақавий сиёсатнинг устувор йўналишлари ва муваффақиятлари, мамлакатимиз раҳбарининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқликни таъминлаш борасидаги ташаббусларига доир батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Анжуманда сўзга чиққан Сингапур эксперт доиралари вакиллари ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини юқори баҳолади.
С.Ражаратнам номидаги халқаро тадқиқотлар мактаби раиси Онг Кенг Ёнг Сингапур ва Ўзбекистон Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё минтақалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган катта имкониятларга эга эканига эътибор қаратди.
Ўз навбатида, Сингапур Савдо ва саноат вазирлигининг Ривожланаётган бозорлар департаменти директори Дениз Перейра Керри-Энн Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги муҳим ўрни ва ролини эътироф этди.
Мамлакатнинг очиқлиги, амалга оширилаётган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатаётгани, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва манфаатли алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
Унинг айтишича, сўнгги йилларда Сингапур Ўзбекистонга 350 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган. Бу глобал миқёсда катта миқдор эмас. Лекин энг муҳими, бу миқдор изчил ўсишда давом этяпти.
Мутахассис сайёҳлик икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналиши эканини айтди. Чунки бу соҳада улкан салоҳият мавжуд. Ўзбекистон, шунингдек, Сингапурда катта талабга эга бўлган хуштаъм қуритилган ва янги меваларнинг асосий етказиб берувчисига айланиши мумкин.
Сингапур логистика ва рақамлаштириш соҳаларида ҳам етакчи ҳамкорга айланиши мумкин. Бу соҳаларга етакчи хусусий сектор вакилларини жалб этиш учун катта имкониятлар мавжуд.
С.Ражаратнам номидаги халқаро тадқиқотлар мактаби катта илмий ходими Рафаэлло Пантуччи Ўзбекистон Жануби-Шарқий Осиёдаги Сингапур каби бутун Марказий Осиёнинг ҳаракатлантирувчи кучи эканини таъкидлади.
Мамлакатларда ҳали ишга солинмаган катта салоҳият мавжудлиги, бу ҳар икки томондан ҳам катта меҳнатни талаб қилиши қайд этилди.
Тадбир доирасида Сингапур вакиллари икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. «Яшил» энергетика, инновацияларни кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш ва энергия тежамкор технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорликка катта қизиқиш билдирилаётгани таъкидланди.
Иштирокчилар ўзаро фикр алмашишнинг долзарблигини таъкидлар экан, шу каби шаклда яқин алоқаларни давом эттиришга келишиб олди, деб хабар беради «Дунё» АА.
Маълумот учун: С.Ражаратнам номидаги халқаро тадқиқотлар мактаби 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, у халқаро муносабатлар билан шуғулланадиган дунёнинг етакчи таҳлил марказларидан бири ҳисобланади. RSIS тадқиқотлари мунтазам равишда нуфузли нашрларда, етакчи журналлар ва онлайн платформаларда чоп этилади.









