Қайсидир маънода бир вақтлар қишлоқ аёлига замондан ортда қолган, кўп нарсага ақли етмайдиган ожиза сифатида қаралган бўлса, бугун ҳар жабҳада фаоллик кўрсатаётган, давр билан ҳамнафас яшаётган фермер, тадбиркор ёки оддий меҳнаткаш қишлоқ аёлга кўпчилик ҳавас билан қараяпти.
Асосан аграр соҳага ихтисослашган вилоятимизда деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, боғдорчилик, полиз маҳсулотлари етиштириш кенг оммалашган. Албатта, бу йўналишларнинг деярли барчасида қишлоқ аёлларининг муносиб ўрни бор. Улар уй, рўзғор юмушларидан ортиб дала ёки ўз томорқасида меҳнат қилади, аҳоли учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга ҳисса қўшади.
«Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари асосида қишлоқларни электр энергия ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш, жойлардаги инфратузилмани янада яхшилаш, йўлларнинг таъмирланиши натижасида қишлоқ аёлларининг ҳам турмуш шароитлари ўнгланиб боряпти. Биргина мисол, илгари қишлоқ аёллари икки кўча наридан сув ташиган бўлса, бугун ичимлик суви ҳар бир хонадонга кириб борди. Маънавий макон яратиш бўйича «Оқила аёллар» ҳаракати қишлоқларда ҳам тобора кенг қулоч ёйиб боряпти.
— Мен қишлоқда туғилиб ўсганман, — дейди Сирдарё тумани «Аҳиллик» маҳалласида яшовчи Раъно Ортиқова. — Лекин қишлоқ аёлига бу қадар эътибор ва эъзозни кўрмаганман. Шукрки, давлатимиз томонидан берилаётган катта имтиёз ва имкониятлар туфайли барча соҳаларда аёлларнинг ўрни мустаҳкамланиб боряпти. Ижтимоий фаол хотин-қизлар сони кўпайиб, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъатдан ташқари, ишлаб чиқаришдаги салмоғи ортяпти.
Марказдан олис ҳудудларда тадбиркорликнинг кенг қулоч ёйиши, янги корхоналарнинг ташкил этилиши натижасида минглаб қишлоқ аёллар иш билан таъминланган. Энг асосийси, қишлоқ аёллари орасида ҳам тадбиркорликка қизиқувчилар кўпайди. Айни пайтда вилоятимизнинг қишлоқ ҳудудларида 4 314 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик билан, 399 нафар аёллар ҳунармандлик билан шуғулланиб келяпти.
Дилфуза Жарбекова,
Сирдарё вилоят
Оила ва хотин-қизлар бошқармаси
матбуот котиби.