Соғлом сайёра, тоза ҳаво, хавфсиз муҳит. Айнан шулар болаларнинг воқелигига айланиши шарт — Зироат Мирзиёева

    Долзарб 17 ноябр 2022 5433

    “Zamin” фонди ва ЮНИСЕФ томонидан Бутунжаҳон болалар кунига бағишлаб гибрид форматда “Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида халқаро форум ўтказилди.

    Тадбирда БМТ ва унинг таркибига кирувчи тузилмалар раҳбарияти, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус, давлат идоралари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Озарбайжон, Малайзия, Венгрия ва бошқа мамлакатларнинг илмий ва педагогик доиралари вакиллари ҳамда экофаоллар иштирок этди.

    Форумда Zamin” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева нутқ сўзлади.

    — Ўзбекистоннинг Болалар, ёшлар ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳаракатлари тўғрисидаги декларацияга қўшилганини чин дилдан олқишлаймиз. Бу муҳим қадам, мамлакатимиз болаларнинг том маънода ҳаёти учун, ёрқин келажаги учун курашишга содиқлигининг белгиси. Соғлом сайёра, тоза ҳаво, хавфсиз муҳит. Айнан шулар болаларнинг воқелигига айланиши шарт.

    Шунчаки қараб тура олмаймиз. Ҳар биримизнинг ҳиссамиз, табиат учун қилган ҳар бир ҳаракатимиз барқарор атроф-муҳитга эришиш йўлида муҳим ўрин тутади. Фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз ва аниқ амалларимиз билан ушбу мақсадга эришишимиз мумкин, - деди “Zamin” фонди Васийлик кенгаши раиси.

    Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон МДҲ ҳудудида ушбу декларацияга қўшилган биринчи давлат бўлди.

    Декларацияда ҳукуматларнинг иқлимга доир сиёсатда ва ҳаракатларда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини барча даражаларда изчил ҳисобга олиш борасидаги қатор мажбуриятлари акс этган.

    Форум иқлим ўзгаришининг атроф-муҳитга салбий таъсирларини юмшатиш, бу борада инсон ҳуқуқлари, айниқса ёш авлод ҳуқуқларини самарали рўёбга чиқариш масалаларига бағишланди.

    Мулоқот майдони иштирокчилари иқлим ўзгариши замонамизнинг асосий таҳдидларидан бири экани, одамлар, айниқса ёшлар ва болаларнинг ҳаёт сифатига бевосита тасъсир кўрсатаётгани борасида якдил фикр билдирдилар. Ушбу муаммони кечиктирмасдан ҳал қилиш зарурлигидан сўзга чиққанларнинг хавотирли рақам ва фактлари ҳам далолат беради.

    Хусусан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит масалалари бўйича махсус маърузачиси Дэвид Р. Бойд ўзининг видеомурожаатида сайёрамиздаги ҳар бир бола ва ўсмир тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитда яшашга ҳақли эканини таъкидлади.

    — Лекин муаммо шундаки, ушбу ҳуқуқ ҳақидаги илҳомбахш гаплар ва бутун дунёдаги миллионлаб болалар кундалик ҳаётида дуч келаётган воқелик ўртасида катта масофа мавжуд. Ифлосланган ҳаво ҳар йили 600 мингдан зиёд боланинг ҳаётига зомин бўлмоқда; юз миллионлаб бола хавфсиз ичимлик суви ва тўйиб овқатланиш имкониятидан баҳраманд бўла олмаяпти; болалар уларнинг ривожланиш жараёнларига зиён етказиши ва ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қўрғошин ва симоб каби токсик кимёвий моддалар таъсирини бошидан кечирмоқда.

    Айни пайтда, тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи –ҳукуматларнинг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш борасидаги ҳаракатларини тезлаштириш учун болалар ва ёшлар учун томонидан ишга солиниши мумкин бўлган воситадир. Ўйлайманки, барчамиз болаларга ҳуқуқий жараёнларда иштирок этиш ва ўз фикрини билдириш имкониятларини яратиб беришимиз керак, - деди Дэвид Р. Бойд.

    Мавзу юзасидан долзарб маълумотларни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Хельга Шмид ҳам келтирди. У ҳам болалар иқлим ўзгаришининг кенг кўламли оқибатлари олдида заиф эканликларига эътибор қаратди.

    - Яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, 2021 йилда туғилган болалар уларнинг 60 йил аввал туғилган бобо ва момоларига нисбатан 7 марта кўп аномал иссиқлик тўлқинларини, икки баробар кўп ўрмон ёнғинларини ва қарийб уч баробар кўп қурғоқчилик ҳолатларини бошидан кечирадилар. Шунинг учун, ЮНИСЕФнинг “иқлим инқирози – бола ҳуқуқлари инқирози” деган фикрларига қўшилмасликнинг иложи йўқ, - деди у.

    Иқлим инқирозига ечим топиш давримизнинг кечиктириб бўлмас устувор вазифаси эканини ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, у вакиллик қилаётган минтақаларнинг ўзида 198,5 миллион нафар бола экология ва атроф-муҳит билан боғлиқ турли таҳдидлардан азият чекмоқда.

    — Болалар иқлим инқирозининг сабабчилари бўлмасада, унинг таъсирини номутаносиб равишда кучли сезмоқда. Шу сабабли қайд этмоқчиманки, ҳозир болалар учун қилишимиз мумкин энг яхши сармоя – улар яшаши, ўсиши ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур хизматлар иқлим ва экология ларзаларига барқарор бўлсин; барча болалар ва ёшларнинг “яшил ўтиш”га эришиш ва барча учун фаровон дунё барпо этиш учун керак бўладиган таълим олиш ва кўникмаларни яхшилаш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлайлик, - деди Хан хоним.

    Экологик таҳдидларга қарши туриш учун ечимлардан бирини БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) Ингер Андерсен таклиф қилди:

    — Биз бирлашиб, иқлим, табиат ўзгариши, атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашиш бўйича барча дастурларни бирлаштириш учун зарур чоралар кўришимиз лозим. Атроф-муҳитни назорат қилиш бўйича қўлимиздан келган энг салоҳиятли сифат стандартларини белгилаш ва жорий қилишимиз керак. Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ҳаракатларини илгари суриш учун кесишув нуқталарини топишимиз керак. Токи ёшларнинг овози эшитилсин. Сайёрага зарар етказишдан олинган молиявий оқимлар унинг фаровонлигига йўналтирилсин. Болаларимизга барқарор келажак ҳуқуқини тақдим этиш учун зарур барчасини қилишимиз лозим.

    Бунинг учун бизга мустаҳкам ҳамкорлик муносабатлари керак. Шу муносабат билан “Zamin” фонди ва кўплаб бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлгимиздан ғурурланамиз ва уни қадрлаймиз, - деди Ингер Андерсен.

    Форум қонунчилик асосларини такомиллаштириш орқали экологик муаммо ва таҳдидларнинг олдини олиш бўйича глобал ва миллий миқёсда амалга оширилаётган ҳаракатлар юзасидан амалий фикр алмашиш учун самарали майдон бўлди.

    Тадбир якунида халқаро ҳамжамиятга бола ҳуқуқ ва манфаатларини иқлим соҳасидаги ҳаракатларининг марказига қўйган ҳолда иқлим инқирозининг салбий оқибатларига қарши курашиш бўйича халқаро, минтақавий ва миллий саъй-ҳаракатларни кучайтириш бўйича даъват қилинган Якуний ҳужжат қабул қилинди.

    Маълумот учун: Бутунжаҳон болалар куни 1954 йилда эълон қилинган ва ҳар йили 20 ноябрь куни нишонланади.

    БМТга аъзо давлатлар томонидан Бутунжаҳон болалар куни нишонланиши жамоатчиликнинг болалар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ҳамда мулоқот орқали бутун дунё болалари учун қулай муҳит яратиш борасидаги хабардорлигини ошириш учун ноёб имконият беради.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates