АОКАда Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилбар Сиддиқова иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Тадбирда республика миқёсида барпо этилган узумзорлар кўлами, ишлаб чиқариш салоҳияти ва экспорт масалалари юзасидан ахборот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи алоҳида давлат бошқарув органи мақомига эга бўлиб, соҳадаги барча корхона ва ташкилотлар ягона тармоққа бирлаштирилди. Бунинг натижасида маҳсулотнинг хомашёдан тортиб харидоргача бўлган барча жараёнларини доимий назорат ва таҳлил қилиш имконияти яратилди.
Бугунги кунда республикамизда узумчилик ва виночилик соҳасини ривожлантиришга давлатимиз томонидан берилаётган катта эътибор ва ёрдам, шунингдек, охирги йилларда соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорлар тармоқни янада ривожлантиришга катта туртки бўлди. Ҳозирги кунда соҳада жами 218 та, шундан 55 та алкоголь, 4 та спирт, 16 та узумни қайта ишлаш, 2 та тамаки, 21 та пиво ишлаб чиқариш ва 120 та улгуржи савдо корхоналари фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналарда ҳозирги кунда жами 12 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим ишлаб келмоқда.
Республика бўйича фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 40 минг гектарда янги токзорлар барпо этилди. Шу жумладан, 18,1 минг гектар хўраки, 14,9 минг гектар кишмишбоп, 6,9 минг гектар саноатбоп навли янги токзорлар барпо этилди ҳамда 1,3 минг гектар майдон реконструкция қилинди.
Шундан, сув таъминоти оғир ва лалми майдонларда 5,9 минг гектарда томчилатиб суғориш жорий қилиниб, 372 дона артезиан қудуқлари ўрнатилди.
Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун 132 нафар ташаббускорларга Виночиликни ривожлантириш жамғармасидан 33,4 млрд. сўм субсидия маблағлари ажратилган. Субсидия маблағларининг 13,7 млрд. сўми сув чиқариш учун 115 дона артезиан қудуқларига ва 34,1 млрд. сўми 4,2 минг гектар майдонда жорий қилинган томчилатиб суғориш тизимига ажратилди.
Соҳада ўзбек миллий бренди яратиш бўйича 110 та товар белгилари ва маҳсулот миллий номлари патентланди ҳамда мева-резаворлардан тайёрланган 8 хил вино маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Шу билан бирга лицензия комиссияси томонидан ишлаб чиқариш ва улгуржи савдо учун жами 166 та лицензиялар берилган бўлиб, шундан 67 та ишлаб чиқариш корхонасига 190 та алкоголь маҳсулотлари турини ишлаб чиқаришга ва 99 та улгуржи савдо фаолиятига лицензиялар берилди.
Соҳа корхоналари томонидан январь-сентябрь ойларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 трлн. сўмни ташкил этди. Бу эса ўтган йилга нисбатан ўсиш - 101,5% демакдир
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 38,8 млн. доллар маҳсулотлар экспорти амалга оширилди. Бу эса ўтган йилга нисбатан 123,3 фоиз юқори кўрсаткич эканлигини кўрсатади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, Экспорт географиясида ҳам ўзига хос ўсиш суратини кўришимиз мумкин Яъни қатор номдор мамлакатлар Литва, Эстония, Италия, Чехия, Корея, Ироқ, Эрон, Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Исроил ва Испания бозорларига кириб борилди ҳамда жорий йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 140 га яқин корхона экспорт фаолиятига жалб этилди.
Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар бўйича 15 та лойиҳа доирасида жами 13,1 млн. доллар маблағлар ўзлаштирилди. Бу эса белгиланган режага нисбатан 188,7% юқори эканлигини кўрсатади.