Сўз айта олиш ҳуқуқи инсонга берилган энг улуғ неъматдир

    Журналистларимизни шарафли касб байрамлари билан Фарғона давлат университети жамоаси номидан самимий муборакбод этамиз!

    Сўз айта олиш ҳуқуқи инсонга берилган энг улуғ неъматдир. Зотан, “сўз” сўзининг ўзи ҳам форс-тожик тилида “суз” ёндирмоқ, куйдирмоқ маъноларини англатиши бежиз эмас. Демак, сўзнинг зиммасига вудужни қиздирмоқ, руҳни оловлантирмоқ, эрк билан қанот ёзиб, жамиятни ҳаракатга солмоқ вазифаси юклатилган. Сўз эркинлиги хусусида мулоҳаза юритар эканмиз, мамлакатдаги ахборот сиёсати, шаффофлик бўй чўза бошлаган даврларга нигоҳ ташлаш зарур.

    Президентимиз мамлакат раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки кунларданоқ турли сайтлар ва ижтимоий тармоқлар гўёки ёпиқ ва қоронғу эшик очилганда ичкарини ёруғлик қандай тезликда қопласа шундай шиддат билан жонлана бошлади.

    Аввалига халқимиз, жамоатчилик аҳли бу жараёнларга хадик билан қарагани рост. Лекин уларни ҳеч қайси бир куч тўхтатиб қололмаслиги, миллий тафаккур, миллий овоз етилганлигини аста-секин англаб етдилар. Йиллар ўтиб босқичма-босқич давлат ва жамият ўртасидаги “ялтироқ” парда кўтарилиб, ҳақиқат кўзи билан қарашлар бошланди.

    Давлатимиз раҳбари ташаббускорлигида Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга татбиқ этила бошлангач, сўз эркинлиги, жамият ҳаётида журналистлар, ОАВнинг ўрни бутунлай янги даврга қадам қўйди. Халқимиз тили билан айтганда, оқни “оқ”, қорани “қора” дейдиган реалист журналистлар авлоди етишиб чиқди, миллий журналистика тараққий этди. Натижада давлат бошқаруви органлари ва ташкилотлар ўз фаолиятини оммавий ахборот воситалари ходимлари учун оча бошлади ва ҳисобдорлик таъминланишига мамлакатда қулай муҳит ва шароит шаклланди.

    Бугунги кунда журналистларимиз халқнинг ишончли вакили сифатида ислоҳотларнинг инсонварлигини таъминлашга, ўзгаришлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга, жамиятда мавжуд муаммолар ва камчиликларни ижобий ҳал этишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда. Бу борада жамоатчилик назорати журналистларга энг асосий кўмак бўлмоқда.

    Айтиш керакки, очиқлик ва ошкоралик сиёсати ҳаммага ҳам ёқмайди. Лекин тан олиш керакки, сўз эркинлиги ва очиқлик ислоҳоти эндиликда бизни кайфиятимиз ва қарашларимиз билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Чунки бу эркинлик қўллаб-қувватланаётган Янги Ўзбекистонда шахснинг шаъни ва қадр-қиммати тобора юқорилар экан, шаффофлик, ошкоралик одамларимизга сув ва хаводай зарур бўлади. Шу боис, сўз эркинлигига ривожланган мамлакатлар жамоатчилик вакиллари демократиянинг қон айланиш системаси сифатида катта баҳо берадилар.

    Зеро, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев куни кеча матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табрикларида “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда” дея таъкидлаганликлари албатта бежиз эмас. Хусусан, глобаллашув бутун дунёга ўз ҳукмини ўтказишга уринаётган бир пайтда ахборот сиёсати ҳам шу даврнинг кучли синовидан ўтмоқда. Бу жараёнда мамлакатга, халққа ва дунёга айтаётган ҳар бир сўзимиз ўзлигимизни намоён этади. Миллий ахборот маконининг асл эгалари бўлган журналистларимизнинг бу борада ўрни беқиёсдир.

    Шу ўринда масъулиятли ва фидокорона меҳнати билан барча жабҳаларга мардонавор кириб бораётган, фаолиятимизни халқимизга ойнадек кўрсатиб бераётган, маънавий тарбия, ахборот ва нутқ маданияти борасидаги ишларимизга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган журналистларимизни шарафли касб байрамлари билан Фарғона давлат университети жамоаси номидан самимий муборакбод этамиз!

    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлат университети ректори