баннер
28 мар 2025
13:17

    Суд тизимида коррупциявий омилларни бартараф этиш одил судлов самарадорлигини таъминлайди

    Президентимиз жорий йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишидаги нутқида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини, унинг олдини олиш давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни «ҳалоллик вакцинаси» билан эмлашдан бошланишини таъкидлади.

    Дарҳақиқат, коррупция иллати жамият тараққиётининг муҳим омиллари бўлмиш тинчлик, осойишталик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларга салбий таъсир ўтказади, миллий хавфсизликка таҳдид солади, мамлакат ривожига тўсиқ бўлади. Шунинг учун коррупцияга қарши курашишда уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш, яъни унинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар вақт ва натижадорлик нуқтаи назаридан анча самарали ҳисобланади.

    «Ҳалоллик вакцинаси» билан эмлаш барча давлат тузилмалари фаолияти, шу жумладан, суд тизимида ҳам коррупцияга қарши қаратилган етарли ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни яратиш, мавжудларини замон талаблари асосида такомиллаштириш ва унга қатъий риоя қилиш орқали унинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашишни англатади.

    Коррупция одил судлов сифати, фуқароларнинг суд ҳокимиятига ишончи ва инсон ҳуқуқларига тўғридан тўғри салбий таъсир кўрсатади. Суднинг асосий вазифаси адолатни таъминлаш, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва ижтимоий барқарорликни қарор топтиришдир. Шунинг учун одил судловни амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

    Фикримизча, суд тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ички ва ташқи турларга бўлинади. Бунда асосий мезон сифатида ушбу омилларни келтириб чиқарувчи субъектлар ва суд органлари мустақиллигига таъсир кўрсатувчи ҳолатлар эътиборга олинади.

    Ички коррупциявий омиллар деганда, судларни шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича суд раислари, судьялар ва судьялар ҳамжамияти органларининг ­судьялар корпусини шакллантириш, судья ва суд ходимлари фаолиятини ташкил этиш, бошқариш ва назорат қилиш, уларни рағбатлантириш ва жавобгарликка тортиш каби масалалардаги суиистеъмолликлар, нохолис ёндашувлар, ҳуқуққа хилоф турли хатти-ҳаракатларнинг вужудга келишига замин яратувчи ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа характердаги ҳолатлар тушунилади.

    Ташқи коррупциявий омилларга эса давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан одил судловни амалга оширишга аралашиш, унга тўсқинлик қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигига тажовуз қилишга қаратилган, қонунга хилоф ҳаракатларни амалга оширишга имконият туғдирувчи ҳолатларни киритиш мумкин.

    Демак, суд тизимида коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хавф солувчи, судлар мустақиллигига салбий таъсир этувчи хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик), ҳолатлар, жараёнлардир.

    Коррупцияга чек қўйиш мавжуд коррупция омиллари ҳамда коррупциявий ҳуқуқбузарликларни йўқотиш, уларга нисбатан қатъий чоралар кўриш, такрор содир этилишига йўл қўймаслик ҳамда салбий оқибатлари билан курашишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар мажмуи. Суд тизимида коррупцияга чек қўйиш бўйича чора-тадбирларни ҳуқуқий ва ташкилий турларга ажратиш мумкин.

    Коррупциянинг олдини олиш деганда, коррупциявий омилларни аниқлаш, чеклаш ёки бартараф этиш, коррупционерлар шахсияти, ижтимоий хавфи, шунингдек, коррупциянинг айрим турлари ва шаклларининг пайдо бўлиш ҳамда тарқалиш омилларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тушунилади.

    БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида ҳар бир давлат коррупциянинг олдини олишга қаратилган самарали амалиётни ўрнатишга ва уни рағбатлантиришга ҳаракат қилиши, бу соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича махсус орган ёки муайян ҳолларда бир неча органлар фаолият кўрсатишини таъминлаши белгиланган.

    Мазкур конвенцияда иштирокчи давлатлар одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилишни назарда тутувчи ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликни белгилаш бўйича чоралар кўриши қайд этилган.

    Шу нуқтаи назардан, судлар ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятига аралашганлик, судга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик, судья ва халқ маслаҳатчиси дахлсизлигини бузганлик, ишнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилишига тўсқинлик қилганлик ёки турли шаклда таъсир ўтказганлик учун тегишли юридик жавобгарликни белгиловчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш давр талаби ҳисобланади.

    Коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда молиявий ҳисобдорлик муҳим роль ўйнайди.

    Конвенцияда ҳар бир иштирокчи давлат оммавий мансабдор шахсларнинг тегишли органларга хизматдан ташқари фаолияти, машғулотлари, инвестициялари, активлари ва вазифалари билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа даромадлари ва ҳадялар ҳақида декларация тақдим этиши шартлигини белгиловчи тартибни жорий қилиши қайд этилган.

    Нидерландия, Хитой, Сингапур каби давлатлар тажрибасини эътиборга олган ҳолда судьялар томонидан ўзи, турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг мол-мулки ва мулкий мажбуриятлари ҳақида декларация тўлдириш ва уни махсус ваколатли органларга ҳар йили тақдим этиб бориш амалиётини йўлга қўйиш, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш, судьяни навбатдаги муддатга ёки раҳбарлик лавозимига тавсия қилишда унинг мулкий аҳволини тақдим этган декларациялари асосида текшириб, таҳлил қилиш таклиф этилади.

    Судлар фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш суд тизимида коррупцияга қарши самарали курашиш ҳамда уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилишда муҳим роль ўйнайди. Бунда одил судловни амалга ошириш, судьялар корпусини шакллантириш, судлар фаолиятини ташкил қилиш ва бошқариш, судларни молиялаштириш, судьялар фаолиятини баҳолаш, уларни бошқа судьялик ёки раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш, уларни юридик жавобгарликка тортиш, рағбатлантириш ва бошқа масалаларни ҳал қилиш фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали шаффофликка эришиш имкониятларидан фойдаланиш талаб этилади.

    Суд тизимида коррупцияга қарши курашиш аксарият ҳолларда судьялар ва суд ходимларининг маънавий қиёфаси, яъни таълими, тарбияси, ҳалоллиги, виждонлилигига боғлиқ. Шунга кўра, ушбу тизимга мазкур талабларга жавоб берадиган ҳалол ва ­масъулиятли кадрларни тайинлаш судьялар ҳамжамияти органларининг зиммасидаги биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади. Шу боис, судьяликка номзодларнинг ушбу талабларга жавоб беришини аниқловчи самарали механизмлар қонунчиликда назарда тутилган бўлиши зарур.

    Бу борада Германияда номзодлар психологик ва психоэмоционал тайёргарликдан, Португалия, Бельгия, Австрия, Нидерландия, Венгрия, Руминия, Сингапурда психологик имтиҳондан ўтади. Молдова ва Қозоғистонда эса номзодлар полиграфологик текширувдан ҳам ўтиши мумкин, унинг натижалари тавсиявий характерга эга бўлади. Қирғизистонда эса судьяликка номзод қонунда белгиланган ҳужжатларга қўшимча равишда полиграфологик текширув натижаларини ҳам тақдим этиши мумкин ва у Судьялар кенгаши томонидан баҳоланади.

    Психологик текшириш номзоднинг коррупцияга мойиллиги, тушкунликка чидамлилиги, зиддиятсизлиги, одамлар билан ишлай олиш қобилияти, бирор тобелик ёки яширин руҳий ҳолати мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотга эга бўлиш имконини беради.

    Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунга асосан, судьяларнинг судьялик фаолияти даврида бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлиши, ҳалоллиги, холислиги, адолатлилиги ва лаёқатлилиги судьяларни янги ваколат муддатига ва бошқа судьялик лавозимларига танлашнинг бош мезонлари саналади.

    Кенгаш янги ваколат муддатига тайинланадиган судьялик лавозимига номзодни кўриб чиқишда ушбу номзод томонидан қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлигини, одил судловни амалга ошириш ва қонун ҳужжатлари нормаларини қўллаш борасида етарли тажрибага эга эканини, шунингдек, касбий фаолияти ҳақида жамоатчилик фикрини инобатга олади.

    Коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали усулларидан яна бири аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдир. Бунда ёш авлоднинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, улар онгига ҳалоллик ва поклик хислатларини сингдириш, коррупция иллатларининг салбий оқибатлари ҳақида аниқ тушунтиришлар бериш, бир сўз билан айтганда, уларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқий билимларга эга бўлишини таъминлаш ўта муҳим вазифалардан бири.

    «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар коррупцияга қарши курашиш мақсадида аҳоли, шунингдек, ўз мансабдор шахслари ҳамда бошқа ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқий тарбия ва таълимни, илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш, ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш йўли билан зарур чора-тадбирлар кўриши лозимлиги, таълим муассасалари коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбияга, мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини оширишга, таълим дастурларини доимий равишда такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиши белгиланган.

    Бу борада Судьялар олий мактабининг ҳам ўз олдидаги доимий вазифа ва мажбуриятлари бор, албатта. Давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасамиз судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлайди, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаб, уларнинг малакасини оширади. Шу боис, судья, суд ходимлари ва судьяликка номзодларнинг билим ва малакаси, шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий билимини ошириш бўйича махсус ваколатли муассаса ҳисобланади.

    Ҳожи-Мурод ИСОҚОВ,

    Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори,

    юридик фанлар номзоди, доцент

    Телеграм каналимиз
    Text to speech