АҚШнинг Колумбия университети тадқиқотчилари эса қариш жараёнини секинлаштириш ҳам айни шу омилга боғлиқлигини исботлади. Яна ҳам аниқроғи, одамлар бунга озиқ-овқат маҳсулотлари орқали қабул қилинадиган калорияни чеклаш йўли билан эришишлари мумкин.
Дастлаб тадқиқот жониворларда синовдан ўтказилди ва натижа кутилганидек муваффақиятли бўлди. Навбатдаги босқичда клиник тажрибага 220 нафар соғлом эркак ва аёл жалб этилди. Биринчи гуруҳга мўлжалланган овқатланиш рационига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмади.
Иккинчи гуруҳ таомномасидан жой олган худди шу маҳсулотлар эса 25 фоиз камроқ калория билан тақдим этилди. Синов икки йил давом этди. Кузатув бошида, ўртасида ва охирида иштирокчилардан қон намуналари олинди. Шу тариқа олимлар ёшга қараб ўзгарадиган ва қариш жараёнига таъсир кўрсатувчи лейкоцитларнинг ДНК таҳлилини ўрганишди.
Якунда иккинчи гуруҳга жалб қилинган кишиларда қариш даражаси биринчи гуруҳга нисбатан 2-3 фоизга пасайгани маълум бўлди. Ўз навбатида, бу секинлашув ўлим хавфининг 10-15 фоизга камайтириши аниқланди.