Чемпионликка асосий номзодлардан бири ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш оқ доналарда ҳамюрти Леон Люк Мендонкадан устун келди. 3-ўринда бораётган Рамешбабу Праггнанандха нидерландиялик Аниш Гирига имкониятни бой бериб қўйди. 5 очко билан кейинги поғонада жойлашган асли россиялик ҳозирда Словения шарафини ҳимоя қилаётган Владимир Федосеев ҳинд вакили Пентала Харикришнани енгди.
Айнан ушбу натижалардан кейин Доммаражу Гукеш 6,5 очко билан якка пешқадамга айланиб олди. 6 очкога эга Нодирбек Абдусатторов ва Владимир Федосеев 2- ва 3-ўринни банд этиб турибди.
"Челленжер" гуруҳидаги “жанг”лар ҳам муросасиз тарзда давом этмоқда. Ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоев кеча ўтган 9-тур баҳсида нидерландиялик Эрвин Л’ами билан дуранг ўйнади.
Бугун, 29 январь куни халқаро турнирнинг 10-тур ўйинлари ташкил этилади. Унда Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда 5 очкога эга сербиялик Алексей Сарана билан куч синашади.