Яшил ҳудудларни яратиш, табиат мусаффолигини таъминлаш мақсадида юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Сурхондарё вилоятида ҳам умуммиллий лойиҳанинг баҳор мавсумида 10 миллиондан ортиқ дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган бўлиб, бу борада воҳанинг барча ҳудудларида ишлар қизғин давом этмоқда.
Жумладан, бугун Термиз шаҳри ва Термиз туманида дарахт экиш акцияси ўтказилди. Термиз шаҳри “Саҳоват” маҳалласи ҳудудидаги 1,3 гектар майдонда вилоят ҳокимлиги боғи этиш мақсадида дарахт кўчатлари экиш ишларига старт берилди. Ҳудудда 10 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экиб, истироҳат боғи, электромобилларни қувватлаш, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчалари, савдо дўкони ва қўшимча бинолар қурилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Термиз тумани “Янгиобод” маҳалласида жойлашган 40 гектар майдонда ташкил этилаётган “Сектор раҳбарлари боғи”да ҳам дарахт кўчатлари экиш ишлари бошланди.
Тадбирларда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, шаҳар ва тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этишиб, дарахт кўчатлари экиш акциясини бошлаб беришди. Акция доирасида кўчат ўтқазиш ишлари давом этмоқда.