Шу йил 8-12 апрель кунлари «Термиз халқаро савдо маркази»да «Made in Uzbekistan» кўргазма-ярмаркаси ўтказилмоқда.
Куни-кеча мазкур халқаро кўргазма-ярмаркасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Кўргазмада юртимизнинг турли ҳудудларидан тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат саноати, маиший кимё, фармацевтика, қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 200 нафардан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда қўшни Афғонистон давлатидан 30 дан ортиқ тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.
Шунингдек, кеча ўтказилган учрашувлар давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ва Афғонистоннинг Балх вилояти Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий-инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, афғонистонлик тадбиркорларни Халқаро савдо марказига жалб этиш юзасидан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари учун Афғонистон бозорига чиқиш, янги ҳамкорлар топиш ва ўзаро манфаатли шартномалар тузишда муҳим майдон ҳисобланади.
Тадбир 12 апрель кунига қадар давом этади.