Замон шиддат билан янгиланмоқда. Тиббиёт ҳам бундан мустасно эмас. Бугунги шифокордан нафақат анъанавий билимлар, балки чуқур илмий тафаккур, таҳлилий ёндашув, рақамли саводхонлик ва энг сўнгги технологиялардан унумли фойдаланиш компетенциялари талаб этилмоқда. Шу нуқтаи назардан, тиббий таълим жараёнида биофизика ва ахборот технологиялари каби фундаментал фанларни самарали ўқитиш ва амалиёт билан чамбарчас боғлаш даврнинг энг долзарб вазифаларидан бирига айланди.
Биофизика тирик организмларда кечадиган мураккаб жараёнларга физик қонуниятлар орқали ёндашувдир. Бу фан организмнинг функционал ҳолатини аниқлик билан тушуниш, касалликларга ташхис қўйишнинг замонавий усулларини яратиш, самарали физиотерапия муолажаларини ишлаб чиқиш ва тиббий асбоб-ускуналардан тўғри фойдаланиш учун мустаҳкам назарий замин яратади. Афсуски, кузатувлар аксарият талабалар биофизикани қуруқ назарий тушунчалар йиғиндиси сифатида қабул қилишини кўрсатади. Ваҳоланки, кундалик амалиётда кенг қўлланиладиган электрокардиография (ЭКГ), ультратовуш текшируви (УТТ), рентген диагностикаси, магнит резонансли томография (МРТ) каби илғор диагностика технологиялари айнан биофизик тамойилларга асосланади. Шу боис, бу фанни қизиқарли ва ҳаётий мисоллар, замонавий симуляцион дастурлар, видеоанимациялар ва энг муҳими, реал клиник ҳолатлар таҳлили орқали ўқитиш ёш мутахассислар дунёқарашини кенгайтириш ва амалий кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Университетимизда айнан шу каби инновацион ёндашувлар жорий этилаётгани қувонарли. Талабаларда фанга қизиқиш ортиб, назарий билимлар амалий кўникмалар билан уйғунлашмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бўлажак шифокорларнинг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади.
Рақамли трансформациялар асрида тиббиёт соҳасини ахборот технологияларисиз тасаввур этиш мушкул. Электрон тиббий ёзувлар (ЭҲР), касалликларни сунъий интеллектга асосланган ҳолда барвақт аниқлаш ва ташхис қўйиш тизимлари, тиббий статистика маълумотларини таҳлил қилиш, клиник қарорларни қабул қилишни қўллаб-қувватловчи интеллектуал платформалар — буларнинг барчаси замонавий шифокор фаолиятининг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бироқ бу соҳада ҳам ўзига яраша муаммо ва қийинчиликлар йўқ эмас. Жумладан, талабаларнинг дастлабки ИТ саводхонлиги даражаси турличалиги, дастурлаш асослари ва алгоритмлаш кўникмалари етарли эмаслиги, баъзан эса ИТ фанлари бевосита тиббий контекстдан ажратилган ҳолда ўқитилиши каби ҳолатлар учраб туради. Мазкур муаммоларни самарали бартараф этиш мақсадида тиббий таълим дастурларига электрон соғлиқни сақлаш тизимлари, клиник маълумотлар таҳлили ва тиббиётда сунъий интеллект бўйича махсус ўқув модулларини интеграциялаш, талабаларнинг реал тиббий ахборот платформаларида амалий машғулотлар ўташини таъминлаш орқали уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ўқув жараёнига нафақат тиббиёт ва педагогика соҳалари мутахассисларини, балки юқори малакали ИТ экспертларини ҳам жалб қилган ҳолда фанлараро ўқитувчилар жамоасини шакллантириш каби инновацион ёндашувларни амалиётга кенг жорий қилиш мақсадга мувофиқ.
Бугун минглаб битирувчилар ҳаётининг янги, ёрқин саҳифасини очаётган кунда биз, устозлар уларга нафақат пухта билим, балки кенг дунёқараш, замонавий технологияларни эгаллаш кўникмаларини беришга ҳам масъулмиз. Биофизика ва ахборот технологияларини юзаки ёки анъанавий усулларда ўргатиш эртанги куннинг мураккаб талабларига жавоб бера олмайдиган, рақобатбардошлик хусусияти йўқ шифокорларни тайёрлаш билан баробардир. Шу боис, бу фанларга тиббий таълимнинг шунчаки қўшимча элементи эмас, балки унинг таянч пойдевори сифатида қаралиши ва замон талабларига мос равишда такомиллаштириб борилиши айни муддао. Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимиз бугунги битирувчи ёшлар келажакда чинакам маънода замонавий, юксак технологик саводхонликка эга, ўз касбининг устаси, қолаверса, инсонпарвар ва ватанига сидқидилдан хизмат қилувчи шифокорлар бўлиб етишиши йўлида қўйилган муҳим қадам бўлади, десак адашмаймиз.
Муротали БОЗОРБОЕВ,
Тошкент давлат тиббиёт университети кафедра мудири,
физика-математика фанлари номзоди, доцент
Ҳамкорлик материали









