Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳаётхон Ортиқбоева Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, шоирлар Нодир Жонузоқ, Ғайрат Мажид, Собир Шукуров, Муҳаммад Исмоил каби бир қатор меҳмонларни Тўра Сулаймон уй-музейида олиб борилаётган ишлар билан таништирди. Улар иштирокида мазкур музейнинг илк ғиштлари қўйилди.
Галдаги учрашув Гулистон давлат университетида бўлиб ўтди. Юзма-юз дийдор чоғида мамлакатимизда амалдаги ислоҳотларнинг аҳамияти, унда инсон қадрининг улуғланиши, ёшларга яратилаётган имкониятлар, ўзбек адабиёти ва санъати ривожи йўлидаги эзгу жараёнлар ҳақида сўз борди.
Шоирлар томонидан Ватанни, эркимизни, бугунги даврни мадҳ этувчи шеърлар жаранг сочди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид университет кутубхонасига икки юздан ортиқ бадиий китоблар совға қилди. Ижодий мулоқотда ёшларнинг кўзларида адабиётга, шеъриятга бўлган меҳр-муҳаббат яққол намоён эди.
Вилоятдаги тадбирлар давом этмоқда.
Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,
журналист










