Тадбир Ўзбекистоннинг “Prestige Travel” туристик компанияси ташаббуси билан Маданият ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Маданият ва туризм вазирлигининг масъул ходимлари икки давлатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида сайёҳлар оқими ҳам аввалги йилларга нисбатан кескин ортган. 2022 йил якунларига кўра Вьетнамдан Ўзбекистонга 10 минг нафарга сайёҳлар кириб келган.
Тадбир давомида дастлаб, хорижлик тадбиркорларга Ўзбекистонда туризм йўналишида яратилган имкониятлар ва охирги эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг томонлар икки мамлакатнинг туризм имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда ўзаро манфаатли келишувларга эришиш борасида мулоқотга киришди, деб хабар беради Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.
“Мамлакатимиз аҳолиси учун ҳамёнбоп тур-пакетлар ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатли саёҳатларини ташкил этиш ҳамда Вьетнамдан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сонини кескин кўпайтириш мақсадида янги лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Жумладан, июнь ойидан бошлаб пойтахтимиз Тошкент ва Вьетнамнинг Нячанг шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар ишга туширилади. Ўтган йили “Prestige Travel” томонидан 10 минг нафарга яқин ўзбекистонликларнинг Вьетнамга саёҳатлари ташкил этилган эди. Шу қаторида минглаб ветнамликларни турист сифатида мамлакатимизга олиб кирдик”, — таъкидлади “Prestige Travel” компанияси асосчиси Ойбек Аҳмедов.
“Мамлакатимиз туризмини ривожлантиришда биздаги салоҳиятни хорижда янада кенгроқ тарғиб этиш, халқаро авиақатновлар сонини кўпайтириш ва ноодатий тарзда хорижий сайёҳлар эътиборини жалб этиш муҳим ҳисобланади. Биз Вьетнамда юртимизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишишни хоҳловчилар сони ортиб бораётганлигидан мамнунмиз”, — деди Маданият ва туризм вазирлиги департаменти раҳбари Темур Мажидов.
Жорий йил биринчи чорагида мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2 миллион нафардан ортди ва туристик хизматлар экспорти салкам 650 миллион долларга етди. Жорий йилда хориждан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сони 7 миллион нафардан ортиши кутиляпти. Бунда Вьетнам давлати билан туризм соҳасида олиб борилаётган икки томонлама ҳамкорлик ҳам алоҳида ўрин тутади.
Маълумот учун, “Prestige Travel” компанияси томонидан 2018 йил Тошкентдан Мисрнинг Шарм-ал-Шайх шаҳрига илк марта тўғридан-тўғри рейслар амалга оширила бошланди. 2021 йил май ойида эса Мисрнинг энг йирик туристик марказларидан бири Ҳургада шаҳрига тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилган бўлса, шу йилнинг ўзида Ветнамнинг Пҳу Қуок оролига ҳам янги йўналиш очилди. Бундан ташқари, 2022 йил ёзда Ветнамдаги курорт шаҳарлардан бири ҳисобланмиш Нҳа Транг шаҳрига тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилди. Жорий йил аввалида эса Черногорияга тўғридан тўғри рейслар амалга оширила бошланган эди.