Маълумки, 2022 йил 14 апрелда давлатимиз раҳбарининг “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинган эди.
Унга кўра, ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этишга ягона ёндашувни шакллантириш, ушбу мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда таълим жараёнига малакали раҳбар ва педагог кадрларни жалб қилиш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш белгилаб берилди.
Фармонда, жумладан, Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфида вилоятнинг 13 та туман ва шаҳрида 11 та ихтисослаштирилган мактаб (мукаммал таъмирлаш) ва 2 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатни (янгидан қуриш) ташкил этиш топшириғи берилган эди.
Ихтисослаштирилган мактабларда қурилиш-таъмирлаш, моддий-техник воситалар ва ўқув хоналарни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 86 миллиард 752 миллион сўм маблағ ажратилди.
Махсус мактабларга ўқитувчиларни ишга қабул қилиш жараёни очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилиб, бугунги кунда 389 нафар педагог билан шартномалар тузилди.
Таъкидлаш жоизки, ихтисолаштирилган мактабларда математика, информатика, физика, кимё, биология ва чет тиллари чуқур ўргатилади. Синфларда ўқувчилар сони 20 нафарни ташкил этади.
Бугун Бекобод шаҳрининг Пахтакор маҳалласи ҳудудида, Паркент ва Чиноз туманларида очилган мазкур мактабларда Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутатлари, нуронийлар, таълим соҳаси фахрийлари, ота-оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.












