Тошкент вилоятининг Паркент туманида ҳам шаҳар билан боғловчи автобус қатнови йўлга қўйилди

    Ҳудуднинг бир нечта қисмида узоқ йиллар давомида тўхтаб қолган автобус йўналишлари фаолияти қайта тикланди.

    15 апрель куни эрта тонгдан Тошкент вилоятининг Паркент тумани “Красногорск-Қизилтоғ” шаҳарчаси аҳолисига қулай ва сифатли транспорт хизматлари кўсатишни ташкил этиш учун қатор йўналишларда автобус қатновлари йўлга қўйилди.

    Хусусан, “Красногорск – Сўқоқ – Чанги – Паркент”, “Красногорск – Янгибозор – Тошкент” ҳамда “Красногорск – Янгибозор – Нурафшон” шаҳрига қатнайдиган, узоқ йиллар давомида тўхтаб қолган автобус йўналишлари фаолияти қайта тикланди.

    Транспорт вазирлиги Тошкент вилояти Транспорт бошқармаси томонидан ВҲ-405-сонли “Қизилтоғ қишлоғи — Паркент AШБ” шаҳар атрофи автобус йўналиши 3 та ҳаракат жадваллари билан ВҲ-390-сонли “Невич маҳалласи – Роҳат – Қўйлиқ 5-метро бекати (Қизилтоғ қишлоғи орқали)” шаҳар атрофи автобус йўналиши 7 та ҳаракат жадваллари билан ҳамда ВҲ-416-сонли “Қизилтоғ қишлоғи – Нурафшон AШБ” шаҳар атрофи автобус йўналиши 1 та ҳаракат жадвали билан ташкил этилди.

    Ушбу йўналишларда фаолият олиб бориш вазифаси “Красногорск Aвто Хизмат” МЧЖга юклатилди. Ҳозирда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган тадбиркор томонидан ҳар бир йўналишга 4 тадан транспорт ажратилди. Кейинчалик йўловчи оқимини ҳисобга олган ҳолда автобуслар сони кўпайтирилиши режалаштирилган.

    Ушбу йўналишларда қатновларнинг йўлга қўйилиши натижасида юртдошларимиз учун туризм қишлоғи бўлган Красногорск (Қизилтоғ)га Тошкент шаҳри Қўйлиқ мавзесидан, Тошкент вилоятининг маъмурий маркази Нурафшон шаҳридан ҳамда Паркент туман марказидан тўғридан-тўғри автобусларда етиб олиш имконияти яратилди.