Ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, умуман, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги навбатдаги катта қадам бўлган ушбу тадбирда ХХР Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ю Жун, тегишли идоралар раҳбарлари ўзбек ва хитой бизнесининг 400 дан ортиқ вакиллари иштирок этди
Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлиги кўлами изчил кенгайиб бораётганини таъкидладилар. Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий шериги ҳисобланади.
Шундай қилиб, 2024 йил якунига кўра Хитойнинг мамлакатимизга киритган сармояси ҳажми 10 миллиард доллардан ошди, товар айирбошлаш ҳажми эса 13,1 миллиард долларни ташкил этди.
Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокидаги 3 357 та корхона фаолият кўрсатиб келяпти. Хитой компаниялари Ўзбекистон ҳудудларида энергетика, енгил саноат, инфратузилмани ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, геология-қидирув ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга оширяпти.
Иштирокчиларга Ўзбекистонда қулай бизнес юритиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун яратилган шарт-шароитлар, мамлакатимиз сармоявий ва саноат салоҳиятининг муҳим жиҳатлари ҳақида маълумотлар берилди. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишга туширгандан кейин фойдаланиш жараёнида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.
Форум доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий ва сайёҳлик салоҳияти тақдимотлари ҳам ўтказилди, B2B ва B2G форматларида учрашувлар ташкил этилди. Иштирокчилар янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имконига эга бўлдилар.
Форум якунида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, унда хорижлик иштирокчилар мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.









