Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва сифат жиҳатидан юксалтиришга доир муҳим вазифалар белгиланган. ОТМларнинг халқаро эътироф этилган рейтинг агентликлари рўйхатидан жой олиши, жаҳондаги илғор ўқитиш тажрибасидан фойдаланиши шулар жумласидан.
Яқинда Тошкент давлат иқтисодиёт университети юртимиздаги илк 5 юлдузли олий таълим муассасаси деб эътироф этилгани бу борадаги ишлар жадал давом эттирилаётгани тасдиғидир. Халқаро таълим стандартлари даражасида билим беришда ўзига хос янгиликлар жорий қилингани ОТМга нуфузли QS Stars халқаро рейтинги тақдим этилишида муҳим аҳамият касб этди.
QS Stars рейтинги жаҳонда тан олинган 5 юлдузли баҳолаш тизими бўлиб, турли йўналишлардаги университетлар фаолияти ҳақида умумий тасаввур берувчи платформадир. Унда ОТМлар бир неча муҳим йўналиш, жумладан, ўқитиш сифати, битирувчиларнинг ишга жойлашиши, тадқиқот, қулайлик, инновация, инклюзивлик ва бошқа мезонлар асосида баҳоланади. Рейтинг ОТМнинг самарали ишини кўрсатувчи, талаба, тадқиқотчи ва академик ҳамкорларга узоқ муддатли ҳамда ишончли ҳамкор бўлиш учун кўзгу вазифасини ўтайди.
Университетнинг дунёдаги нуфузли ОТМлар билан имзолаётган қўшма таълим дастурлари, жорий қилаётган инновацион таълим моделлари, академик бошқарув услуби, илғор тадқиқотлар йўлга қўйилаётгани ва талабалар алмашинув дастурлари халқаро таълимнинг дастлабки босқичларига пиллапоя бўлмоқда. ТДИУ QS Stars рейтинги баҳолаган барча жиҳатлар бўйича — энг илғор тадқиқот ташаббусларидан тортиб, инновацион ўқитиш методологияларигача жаҳондаги етакчи ОТМларнинг 1000 талик рўйхатига тобора яқинлашиб бораётганидан далолат.
Халқаро интеграциялашув сари
ТДИУ кенг кўламли халқаро ҳамкорликка эга. 2023 йил ҳолатига кўра, у жаҳоннинг 160 дан зиёд етакчи университети билан меморандумлар имзолаган. Талабалари орасида 30 га яқин миллатга мансуб йигит-қизлар таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, 17 мамлакатдан мингдан зиёд талаба бакалавриат, магистратура босқичларида, ёзги ва қишки мактаб, халқаро талабалар алмашинув дастурлари бўйича ўқимоқда.
Университетда ERASMUS, JEAN MONNET, YALE GREENBERG, FEP, FULLBRIGHT, SES, JICA каби халқаро дастурлар доирасида грантлар асосида илмий тадқиқотлар қилинмоқда. Бу ва бошқа саъй-ҳаракатлар олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 талигига киритишга тобора яқинлаштиряпти.
Хусусан, THE World University Rankings-2024 рейтингида ТДИУ “Reporter” сифатида қайд этилди ва позициясини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Шунингдек, THE World University Rankings-2023 Asia рейтингида ҳам “Reporter” сифатида қайд этилди. QS stars рейтингида 5 юлдуз “Аъло” номинациясига сазовор бўлди. “QS Highеr Education Summit: Asia Pacific — 2023” саммитида Тошкент давлат иқтисодиёт университетига “5 stars” сертификати топширилди.
Ушбу рейтинг бўйича Марказий Осиё ОТМлари орасида иккинчи ва мамлакатда биринчи 5 юлдузга эга университет сифатида қайд этилди. Олийгоҳга “QS Asia University Rankings-2024” сертификати топширилди. Бу билан у Осиёдаги энг яхши университетлар 400 талигига киритилди. Умумий кўрсаткич сифатида ТДИУ халқаро рейтинг агентликларидаги юқори натижа билан мамлакат ОТМлари ора сида биринчи энг илғор 3 талик қаторида қайд этилди.
Бугун глобал ва миллий миқёсда тез ривожланаётган университет мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасида ўзига хос анъанаси, инновацион руҳи ва глобал мақсадларни белгилашдаги фаоллиги билан ажралиб туради. ОТМ иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқларига ихтисослашган, ўз йўналишлари доирасидаги энг мураккаб таълим ва тадқиқот вазифаларини бажаришга қодир нуфузли университетга айланиб бормоқда.
Унда илмий ва академик фаолиятнинг алоҳида функционал вазифаларини бажаришга ихтисослашган 43 бўлим, глобал миқёсда ҳамда мамлакат иқтисодиётининг фундаментал масалаларига бағишланган илмий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган 14 марказ мавжуд. Бундан ташқари, 7 та халқаро қўшма таълим дастури бўйича ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилган.
Жараён Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (Буюк Британия), Кремс амалий фанлар университети (Австрия), Индонезия таълим университети (Индонезия), Урал давлат иқтисодиёт университети, Ядро тадқиқотлари миллий университети, Уфа давлат нефть-техника университети (Россия) билан ташкил қилинган.
Улар олий таълим соҳасидаги нуфузли ташкилотлар рейтингида муносиб ўринга эга ОТМлар бўлиб, айни пайтда ТДИУнинг 1170 дан ортиқ талабаси халқаро қўшма таълим дастурлари бўйича таҳсил олмоқда. Машғулотлар тўлиқ хорижий тилларда кредит-модуль тизими асосида ташкил қилинган.
Ўқитиладиган билимлар, асосан, ҳар иккала ҳамкор университет ўқув дастурларидаги илғор фанлардан танлаб олинган ва машғулотларга жалб қилинган профессор-ўқитувчилар 50/50 нисбатда.
Барча соҳа илмий асосга таянади
Илмий тадқиқотларсиз ривожланадиган бирор соҳа йўқ. Шу боис, бугун олдимизга қўйилган талаб ҳам барча соҳанинг илмий-институционал тадқиқ этилиши, илмий ишлар халққа ва Ватан манфаатларига хизмат қилишидан иборат. 2023 йил ҳолатига кўра, ОТМда қарийб 600 нафар профессор-ўқитувчи ўзига юкланган вазифаларни самарали бажармоқда.
Хусусан, университетнинг ҳозирги илмий салоҳияти 56 фоизни ташкил қилди. Таълим сифатини оширишда халқаро интеграциялашув муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, 58 профессор-ўқитувчи жаҳондаги етакчи университетларнинг магистратура ва докторантура дастурларида таҳсил олган. Шунингдек, таълим жараёнига чет элнинг илғор университетларида фаолият юритувчи 80 дан ортиқ профессор-ўқитувчи жалб этилган. Бундан ташқари, хорижлик 127 профессор онлайн тарзда факультатив машғулотлар ўтаётир.
Университетда 2022–2026 йилга академик, илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг ўрта муддатли стратегик режаси мавжуд. ОТМ жамоасининг бош мақсади университетни миллий иқтисодиётнинг глобал рақобатбардошлигини таъминлашда драйвер илмий муассаса, юқори интеллектуал салоҳиятли маҳаллий ва хорижлик талабаларни ўқитиш тизимига асосланган мультимаданий халқаро таълим муассасасига айлантиришдир.
ТДИУнинг истиқболдаги стратегик бошқарув тизими жаҳоннинг ривожланган олий таълим муассасалари тажрибасига мувофиқ, “6i модели”га асосланади. У байналмилаллашув, фанлар ва секторлараро ўзаро боғлиқлик, инновация, ўзаро таъсирчанлик, инклюзивлик каби 6 асосий мақсад элементларини мужассамлаштирувчи “Университет 4.0” модели форматидаги ривожланиш тенденциясини назарда тутади.
Бу моделдаги янги форматга асосланган университет нафақат таълим ва илмий тадқиқот фаолияти, балки инновациялар экотизими ички жараёнида асосий интегратор функциясини бажариш йўлида олға одимламоқда.
“Университет 4.0” модели — янги инновацион йўл
“Университет 4.0” — “Рақамли университет” ёки “Келажак университети” модели бўлиб, жаҳон олий таълим соҳасидаги энг сўнгги ишланмадир. Унинг доирасида рақамли технологиялар, илм-фан ютуқлари ва замонавий бизнес талабларини ҳисобга олган ҳолда университетни ўзгартирадиган таълим ёндашувлари ишлаб чиқилади. Ушбу модель орқали турли соҳадаги муаммолар, иқтисодиёт, бутун мамлакатни ривожлантириш учун муҳим масалаларни ҳал қилса бўлади.
Кенг маънода бу дастур мавжуд илмий ишланма ва янгиликларни патентлаш, яратилган ишланмаларни эса реал сектор корхона ва ташкилотлари қоғозда эмас, балки амалда жорий қилиш чораларини кўришни талаб қилади. Мазкур йўналишда Тошкент давлат иқтисодиёт университети таълим сифатини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш ва рақамли иқтисодиёт соҳасида мутахассислар тайёрлашни кучайтиришга катта эътибор қаратмоқда.
Ушбу стратегик режага мувофиқ, замонавий инновацион тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган янги марказлар ташкил қилинди. Жумладан, таълим, илмий тадқиқот ва инновацион ишланмаларни тижорийлаштириш, талабалар стартап лойиҳаларини молиялаштириш ва спин офф лойиҳаларни самарали реализация қилиш бўйича кенг кўламли ишларни йўлга қўйиш учун “Университет 4.0” трансформация маркази очилди.
Марказ фаолиятини самарали бошлашда АҚШнинг Массачусетс технологиялар институти, Миссури давлат университети, Буюк Британиянинг Кембриж университети, Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби, Норзумбрия университети тажрибасига таянилган ва улар билан яқиндан ҳамкорлик қилинган. Марказ фаолияти натижасида университетнинг 2023 йилги даромади 12 фоиз ошиши кутилмоқда. Унинг таркибида илмий тадқиқотларни тижорийлаштиришдан олинган фойда 9 фоиз ортган.
2022 йилда глобал ва миллий иқтисодиётнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида “Янги иқлим инновациялари” маркази ташкил этилди. Бундан Ўзбекистоннинг “Яшил” иқтисодиёт глобал индекси ва “Яшил” иқтисодий ўсиш индексида муносиб ўрин эгаллашига ҳисса қўшиш, “Яшил иқтисодиёт” концепцияси асосида иқтисодий ўсишнинг стратегик масалаларига оид илмий тадқиқотлар ўтказиш назарда тутилган. Марказга Нобель мукофоти совриндори Рае Квон Чунг раҳбарлик қилмоқда.
Университетда иқтидорли ёшлар ва тадқиқотчиларнинг стартап лойиҳаларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, талабаларга инновацион фаолиятни ташкил этиш, иқтисодиёт соҳасида инновацион ишланмалар яратишга кўмаклашиш, дастурий таъминот маҳсулотлари ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда техник қўллаб-қувватлаш йўналишида университет ҳузурида IT-park билан ҳамкорликда “Digital Economy" инкубация маркази фаолият юритмоқда.
Самарали лойиҳаларни ривожлантириш, инвесторларни жалб этиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида инкубация доирасида таниқли тадбиркорлар ва тренерлар билан учрашувлар ташкил этилмоқда. Жумладан, “Microsoft” компаниясининг Сунъий интеллект архитектураси департаменти директори Умид Аҳмедов 2021/2022 ўқув йилидан ТДИУ ўқув лабораторияларига хорижий профессор сифатида жалб қилинди. Ҳозир у рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари кафедраси ҳузуридаги “Microsoft” лабораториясида машғулотлар ўтмоқда.
Ўтган йили ОТМ ўқув-услубий бошқармаси базасида Академик фаолият ва регистратор департаменти очилди. Унинг таркибида академик фаолиятни бошқариш, талабалар билан ишлаш, маълумотлар базаси, қабул жараёни ва талабалар регистрацияси бўлимлари ҳамда карьера маркази ташкил этилди.
Университетнинг 20 мингдан ортиқ талаба ва магистрига академик транскрипт, тўлов-шартнома қоғози ва бошқа маълумотномаларни тақдим этиш, диплом (дубликат) бериш жараёни билан боғлиқ ишларни ташкил этиш, талаба ва магистрлар ҳужжати йиғмажилдини сақлаш, дипломлар ҳақида тасдиқ олиш каби 40 турдан ортиқ хизмат кўрсатилмоқда. Шулардан 15 дан ортиғи онлайн хизматдир.
Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳажмини ҳисоблашнинг вақт меъёри нуфузли хорижий университетлар тажрибаси асосида қайта ишлаб чиқилди. Таълим сифатини ошириш мақсадида профессор-ўқитувчиларнинг йиллик аудитория юкламаси қисқартирилди. Ўқув юкламасини ҳисоблаш ва тақсимлаш учун махсус платформа яратилди.
Илгари қоғозларда шакллантирилган дарс жадвали электронлаштирилиб, мобиль иловага ҳам интеграция қилинди. Edupage платформаси икки дарс бир вақтда бир аудиторияга тўғри келишининг олдини олади. Дарс жадвали ҳар бир гуруҳ, ўқитувчи, хона ва фанлар кесимида индивидуал кўринишда намоён бўлади. Бу эса раҳбарият, ўқитувчилар, талабалар ва ота-оналар учун қулайликлар яратади ҳамда шаффофликни таъминлайди.
Таълимнинг кундузги ва сиртқи шакллари қаторида масофавий таълим шаклида ҳам ўқитиш жорий этилди. Бунинг учун сифатли ўқув видеоконтентлари тайёрлашга мўлжалланган Maestro — 4-К позициясидаги “Jalinga” дастурий-аппарат мажмуидан иборат интерактив видеостудия ташкил этилди.
Шунингдек, ўзаро келишувлар асосида маҳаллий ва хорижий университетлар билан академик мобиллик йўлга қўйилди. Университетга педагог ходимларни ишга қабул қилиш жараёнини рақамлаштириш ва юқори тажрибали педагог-ходимларни танлаб, ишга жалб этиш учун алоҳида платформа ишлаб чиқилди.
Олий таълимнинг халқаро сифат стандартларини ўқув жараёнига жорий этиш, ягона глобал таълим маконини шакллантириш, таълим тизимини халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, талабаларнинг академик ҳаракатчан (мобил)лигини таъминлаш ва Европа стандартларини жорий этиш, университет академик фаолиятини модернизация қилиш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.
Жумладан, ТДИУ бизнес бошқаруви факультетини халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича 2022 йилнинг июнь ойидан буён АҚШнинг AACSB (Association to Advance Collegiate Schools of Business) ташкилоти билан музокара олиб борилмоқда ва дастлабки келишувга эришилди.
Айни пайтда ушбу ташкилот талаблари бўйича факультет қайта номланиши, унинг таркибидаги кафедра ва таълим йўналишлари оптималлаштирилиши ҳамда халқаро стандартларга мослаштириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда. Ўқув йили якунига қадар корпоратив бошқарув факультети таълим дастурларини АҚШнинг AACSB ташкилоти томонидан халқаро аккредитациядан ўтказиш режалаштирилган.
Фан, таълим ва ишлаб чиқариш уйғунлиги
Университетда иш берувчи вазирлик ва йирик ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Кадрлар тайёрлаш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар етиштиришга зарур шарт-шароит яратиш учун таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг малака талаблари ҳамда ўқув режалари иш берувчилар билан бирга ишлаб чиқилмоқда.
Иқтисодиёт соҳалари учун истиқболда кадрларга буюртма шакллантириш, битирувчиларга қўйиладиган малакавий талабларни ишлаб чиқиш ва олий маълумотли кадрлар тайёрлаш жараёнида университет фаол ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, Статистика агентлиги билан ҳамкорликда “Статистика” илмий-амалий лабораторияси, “Туронбанк”, “Агробанк”, “Кафил” суғурта компаниясининг ўқув марказлари ташкил этилган.
Ушбу ташкилотлардан етакчи мутахассислар келиб, назарий ва амалий машғулотлар ҳамда семинар-тренинглар ўтказмоқда. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси доирасида ОТМ вазирлик ва ташкилотлар билан келишган ҳолда талабалар амалиёти, стажировкаси ва келажакда уларни иш билан таъминлаш борасида салмоқли ишларни бажараётир.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети академик соҳада жаҳоннинг энг нуфузли ОТМлари илғор ютуқларини ўзлаштириш, ҳудудий, миллий, глобал муаммолар ечимига оид фундаментал илмий тадқиқотларни чуқурлаштириш орқали рақобатдош ОТМ сифатида ривожланмоқда.
Мансур ЭШОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети
проректори, иқтисодиёт фанлари доктори,
профессор