Тиббиёт туризми йўналишида кирувчи туристик оқимни рағбатлантириш воситалари

    Ўзбекистонда тиббиёт туризмини ривожлантириш давлат даражасидаги долзарб масала ўлароқ диққат марказига чиққан. Бунда тиббий-профилактика муассасалари, косметологик клиникалар, санатор-курорт масканлари, спорт-соғломлаштириш марказлари, фитобарлар ва диэт кафелар каби тиббиёт туризми инфратузилма объектлари муҳим аҳамият касб этмоқда.

    Миллий иқтисодиётда тиббиёт туризми улушини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб, тиббиёт туризмини ривожлантиришга мақсадли ёндашувни қарор топтириш зарур. Хусусан, тиббиёт туризмида муаммолар банкини шакллантириш, хориж тажрибасини тадқиқ қилиш, махсус преференцияларни жорий этиш, ривожланиш стратегиясини белгилаб олиш, ваколатлар иерархиясини оптималлаштириш, профессионал менежерлар корпусини тайёрлаш, тиббиёт туризми хартиясини қабул қилиш мақсадга мувофиқ.

    Тиббиёт туризмининг ривожланиши иқтисодиёт тармоқларида ўсиш тенденцияларини таъминлашга мультипликатив таъсир эффекти орқали ҳисса қўшади. Шуларни инобатга олиб, айни соҳадаги муаммоларни аниқлаштириб олиш тақозо қилинади. Уларни қуйидаги гуруҳларга таснифлаш ўринли:

    — тиббиёт туризмини ривожлантириш юзасидан хориж тажрибасини имплементация қилиш, тиббиёт туризмига ихтисослашган менежерлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, тиббиёт туризми бўйича “Tashkent MediCare” минтақавий хабини таъсис этиш сингари ташкилий муаммолар;
    — тиббий мақсадлардаги кириш туризмини рағбатлантириш дастакларини такомиллаштириш, тиббиёт туризмини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича иқтисодий преференциялар жорий қилиш сингари иқтисодий муаммолар;
    — тиббиёт туризмини ривожлантиришнинг маркетинг омилларини тизимлаштириш, тиббиёт туризмини ўрта истиқболда ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, тиббиёт туризмини ўрта истиқболда ривожлантириш стратегиясини бажаришда ваколатлар иерархиясини белгилаш сингари маркетинг муаммолари;
    — тиббиёт туризмининг халқаро миқёсдаги ўсиш тенденцияларига эришишга доир ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш, Марказий Осиё давлатларининг тиббиёт туризми хартиясини қабул қилиш сингари ҳуқуқий муаммолар.

    Тиббиёт туризмини ривожлантириш юзасидан хориж тажрибасини имплементация қилишда тиббиёт туризмига ихтисослашган туроператорлар тайёрлашни йўлга қўйиш, тиббиёт туризмининг инфратузилма объектлари фаолиятини ягона сервис циклига бирлаштирган тузилмага асос солиш, тиббиёт туризмининг инфратузилма объектларини манзилли қўллаб-қувватлаш учун имтиёзлар пакетини ишлаб чиқиш, тиббиёт туризмининг инфратузилма объектлари фаолиятини ривожлантиришда инновацион маркетинг имкониятларидан фойдаланиш, тиббиёт туризмини ривожлантиришга мўлжалланган стратегик чора-тадбирларни қатъий белгилаб олиш юқори самара беради. Жумладан, тиббиёт туризми бўйича “Tashkent MediCare” минтақавий хабини ташкил этиш ўзининг ижтимоий, гуманитар ва иқтисодий аҳамияти билан диққатга молик. “Tashkent MediCare” минтақавий хабини ташкил этиш натижасида тиббиёт туризми инфратузилмаси объектларида янги иш ўринлари яратилади, минтақада эпидемиологик вазият барқарорлашади ва касалликлар профилактикаси самарадорлиги ошади, инвестицион лойиҳаларни реализация қилиш орқали ишбилармонлик фаоллиги ортади, таълим-фан-амалиёт интеграцион занжирида инновацион ишланмалар яратилиши ва монетизацияси учун қулай платформа вужудга келади.

    Тиббиёт туризми минтақавий хабига оффшор зонаси мақомини бериш, тиббий ускуналар импортида бож тўловларини бекор қилиш, коммунал инфратузилма таъминотини давлат томонидан кафолатлаш тиббий мақсадлардаги кириш туризмини рағбатлантириш дастаклари сирасига киради. Тиббиёт туризми оффшор зонасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

    • тиббиёт туризми объектларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, тиббиёт туризмида ишбилармонлик фаоллигини манзилли қўллаб-қувватлаш;
    • ташқи сотув бозорларида жозибали туристик дестинация сифатида Ўзбекистоннинг ижобий имижини тарғиб қилиш, даволаниш мақсадларига параллел равишда спорт-соғломлаштириш ва рекреация қулайликларини тақдим қилиш;
    • тиббиётда илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш жараёнини самарали ташкил этиш.

    Қўшни давлатлар даволанувчилари учун Ўзбекистонда бўлиш муддатларига оид чекловларни истисно қилиш, тиббиёт туризми мақсадларида кириб келувчилар учун “VisaFree” режимини жорий қилиш, “Tashkent MediCare” минтақавий хаби резидентлари учун солиқ имтиёзлари пакетини қўллаш, ваколатли давлат органи томонидан тиббиёт туризми бўйича ихтисослашган халқаро ярмарка ўтказиб бориш, ҳукумат раҳбари раислигида тиббиёт туризми ривожланишини мувофиқлаштирувчи Кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш, босқичма-босқич “Bukhara MediCare”, “Kokand MediCare”, “Nukus MediCare” тиббиёт туризми хаблари ташкил этилишининг меъёрий-ҳуқуқий асосларини тасдиқлашни тиббиёт туризми бўйича таклиф этилаётган преференциялар сирасига киритиш мумкин.

    Рақобатдош турлар каталогини таклиф қилиш, турлар учун оптимал нарх сиёсатини юритиш, ташқи сотув бозорларида туристик агентликлар тармоғини яратиш, тиббиёт туризми салоҳиятини танланган бозор сегментларида фаол тарғиб қилиш, CRM тизимини йўлга қўйиш, сервис ускуналарини модернизация қилиш, административ бўлинмаларда сервис персоналининг этикет меъёрларига амал қилишини назоратга олиш, маркетинг бюджетини ўрта истиқбол учун режалаштириш амалиётига ўтиш, B2B коммуникацион моделининг илғор услубларидан фойдаланиш, брендлар тарғиботида рақамли маркетингни фаол қўллаш йўлларини тиббиёт туризмини ривожлантиришнинг маркетинг аспектлари сифатида санаб ўтиш лозим.

    Тиббиёт туризмини ўрта истиқболда ривожлантириш стратегияси ўз таркибида таҳлилий фаолият натижаларининг умумлашган матрицаси, миссия ва унга эришишга доир вазифалар бажарилишини таъминловчи амалий саъй-ҳаракатлар алгоритми, операцион менежментда самарадорликка эришиш имконини берувчи ваколатлар иерархияси, мониторинг ва назоратни амалга оширишда баҳолаш индикаторлари (KPI), унумли меҳнатни мотивациялаш мезонларини қамраб олади. Тиббиёт туризмини ўрта истиқболда ривожлантириш стратегиясини бажаришда ваколатлар иерархиясининг ядроси тиббиёт туризми ривожланишини мувофиқлаштирувчи Кенгаш ҳисобланади. Бунда тиббиёт туризми салоҳиятининг реклама концепцияси учун масъул тузилма Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ҳузуридаги Миллий PR-маркази, тиббиёт туризми бўйича инвестицион лойиҳалар портфелини шакллантириш учун масъул тузилма Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги таркибидаги Инвесторлар билан ишлаш департаменти, тиббиёт туризми инфратузилма объектларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш учун масъул тузилма Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибидаги Инсон ресурсларини бошқариш бўлими, тиббиёт туризмининг самарали ривожланишини мониторинг қилиш учун масъул тузилма Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги таркибидаги Ижтимоий соҳалар иқтисодиёти департаменти, тиббиёт туризми хабига қамраб олинган объектларни оптимал жойлаштириш учун масъул тузилма Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги таркибидаги Стратегик режалаштириш бўлими саналади.

    Тиббиёт туризмининг халқаро миқёсдаги ўсиш тенденцияларига эришиш кафолатлари сифатида эса қуйидагиларни таъкидлаш жоиз:

    — тиббиёт туризми ривожланиш суръатларининг стратегик режалаштирилганлиги;
    — мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий базага таянилиши;
    — амалий чора-тадбирларни мувофиқлаштирувчи органнинг қатъий белгиланиши;
    — тиббиёт туризмини узоқ муддатли истиқболда комплекс қўллаб-қувватлаш ричагларининг аниқлаштирилганлиги.

    Хулоса қилганда, тиббиёт туризмини ривожлантиришдан аниқ иқтисодий самара кутилади. Яъни, миллий туризм маҳсулоти диверсификацияси жадал амалга ошади, рентабеллик ҳисоб-китобига кўра кирувчи туристик оқимнинг тузилмавий таркиби ўзгаради, миллий туризм салоҳиятининг ички ва ташқи бозорлардаги тарғиботида мақсадли ёндашув қарор топади, туризмнинг иқтисодиёт ёндош тармоқларига мультипликатив таъсир эффекти ошади, Ўзбекистон ҳудудлари ривожланишидаги номутаносибликлар бартараф этилади, тиббиёт туризми йўналишида хизмат кўрсатишнинг ягона маконда жамланган тўлиқ циклига асос солинади. Бир сўз билан айтганда, глобал масштабда инқирозли ҳолатлар кучайиб бораётган бир даврда тиббиёт туризми йўналишида кирувчи туристик оқимни рағбатлантириш воситаларини такомиллаштириш масаласига доир илмий-методологик базанинг чуқур тадқиқ қилиниши объектив заруратга айланган.


    Гулчехра Мирзаева,

    Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби,

    Сирожиддин Халилов,

    Тошкент шаҳридаги Alfraganus университети

    Халқаро туризм менежменти кафедраси мудири, DSc

    билан суҳбат асосида тайёрланди


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates