Мазкур танлов Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти томонидан Туризм қўмитаси ҳамда Ўзбекистон География жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга доир илмий-инновацион лойиҳалар таклиф қила оладиган иқтидорли талабалар сараланди.
Танловда мамлакатимизнинг 35 та олий таълим муассасасидан 150 дан ортиқ талаба иштирок этди. Иштирокчилар туризмни рақамлаштириш, ички ва халқаро туризмни ривожлантириш, туристик объектларни модернизация қилиш ва янги технологияларни жорий этиш каби йўналишларда лойиҳаларни тақдим этдилар.
Ғолибларга фахрий дипломлар ва пул мукофотларини Туризм қўмитаси раиси ўринбосари С.Ниязов топширди.
Танлов якунига кўра, 1-ўринни Тошкент халқаро кимё университетининг Самарқанд филиали талабаси Жавлон Рустамов «Алоқа ёрдамида тарихий жойлар ва маданиятни ўрганиш» лойиҳаси билан (Абу Райҳон Беруний номидаги виртуал гид ёрдамида) қўлга киритиб, 5 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
2-ўрин Тошкент давлат иқтисодиёт университети магистранти Абдулкодирхўжа Абдуллахўжаевга («Ўзбекистон Республикасида халқаро болалар ва ўсмирлар туризмини ривожлантириш» лойиҳаси учун) насиб этди ва 3 миллион сўм билан мукофотланди.
3-ўрин билан Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети магистранти Ксения Власова («Ўзбекистон миллий тарихий-маданий музейини модернизация қилиш» лойиҳаси билан) 2 миллион сўм мукофотни қўлга киритди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.
Шунингдек, ғолиб ва совриндорларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари ҳам топширилди.