Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида «Туркий тилли давлатларнинг фалсафаси, маданияти, алоқалари: тарих, бугун ва келажак» мавзусида VI халқаро симпозиум ўтказилди.
Симпозиум доирасида туркий халқлар ўртасидаги фалсафий ва маданий алоқалар, умумий тарихий илдизлар, замонавий ахборот маконидаги ҳамкорлик ва тараққиёт истиқболлари каби масалалар муҳокама этилди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ташаббуси билан ўтказилган симпозиумда Дин ишлари бўйича қўмита, Россия Федерациясининг Қозон федерал университети, Туркия Республикасининг Қирққалъа университети, Швециянинг Лунд университети, Малайзиянинг Малай университети, Қозоғистон Республикасининг Ал-Фаробий номидаги Қозоқ миллий университети, Мухтор Ауэзов номидаги Жанубий-Қозоғистон давлат университети, Қирғизистон Республикаси К.Ш.Тоқтаматова номидаги халқаро университетлардан етакчи олимлар, профессор-ўқитувчилар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар, магистр ва талабалар иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Матлуба Қаҳҳорова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ахмадали Асқаров, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, академик Нурислом Тўхлиев, Истанбул университети ижтимоий сиёсат фанлари доктори Кемал Явуз Атаман табрик сўзлари билан очиб берди.
Мазкур илм муҳокамасини ўтказишдан мақсад Туркий тилли давлатлар фалсафаси, маданияти, ҳамкорлиги ва хавфсизлиги масалалари шунингдек, турдош фан йўналишларида Туркий тилли давлатлар интеграцияси омиллари ҳамда қонуниятларини ўрганиш соҳасида тўпланган тажрибани умумлаштиришдан иборат.
Симпозиум давомида Туркий тилли давлатлар фалсафаси, маданияти, интеграцияси ва ҳамкорлигини ривожлантиришнинг ижтимоий, сиёсий жиҳатларининг назарий-методологик масалаларига оид таҳлиллар ўрганилди. Туркий тилли давлатлар фалсафаси, маданияти тарихи бўйича маълумотлар алмашилди. Туркий тилли давлатлар интеграцияси ва ҳамкорлигини ривожлантиришнинг ижтимоий, маданий, сиёсий жиҳатлари масаласи муҳокама қилинди.
Тадбирда «Тарихни эзгулик билан ўзгартирган туркий давлатлар меҳр билан дунёни ҳам ўзгартира оладими?», «Исломда бошқарув социологияси: этнографик ва ижтимоий-ҳуқуқий ёндашувлар», «Туркий халқлар давлатчилиги тарихида қабул қилинган илк Конституция», «Туркий фалсафий тафаккурда инсон қадри масаласи», «Марказий Осиё – мантиқ илми тараққиётида Ғарб ва Шарқни боғловчи маданий кўприк» каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Асосий мунозаралардан сўнг симпозиум иши панель сессиялари билан давом этди. Симпозиумда сўзга чиққанлар томонидан туркий тилли давлатлар фалсафаси, маданияти, тарихининг янги қирралари, туркий тилли давлатлар интеграцияси ва ҳамкорлигини ривожлантиришнинг ижтимоий, сиёсий жиҳатларига таъсир этувчи омиллар, туркий тилли давлатларнинг ҳамкорлик алоқаларининг тарихи ва бугуни ҳамда туркий тилли давлатлар ҳамкорлигини ривожлантиришнинг ижтимоий, маданий ва сиёсий жиҳатларининг истиқболлари қайд этилди.
Анжуман доирасида 100 дан зиёд мақола тезислари тўпланди, улар орасидан энг долзарб масалаларга бағишланган тезислар сараланди.
Симпозиум якунида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳудудида жойлашган тарихий қадамжоларга саёҳат ташкил этилди.













