Туркия билан кўп қиррали ҳамкорлик янада кенгайтирилади

    Жорий йил 3 июнда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Нозимжон Холмуродов Туркия Республикаси пойтахтида бўлиб ўтган «Ўзбекистон-Туркия стратегик муносабатлари – келажакнинг комплекс истиқболлари» мавзусига бағишланган симпозиумда иштирок этди.

    Туркия Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган йирик тадбирда Туркия Президенти Администрацияси вакиллари, икки давлатнинг вазирлик ва идоралар раҳбарлари, етакчи сиёсатшунослари ва экспертлари Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг кўламини кенгайтириш масалаларини муҳокама этиш ва концептуал ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида йиғилдилар.

    Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ўсиш динамикасининг юксак натижаларини қайд этдилар. Хусусан, сўнгги беш йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,3 баробар, Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги корхоналар сони 3 баробарга ошиб, 1898 тага, Туркиядан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 10 баробар ошди.

    Инвестициявий ҳамкорлик ҳам жадал ривожланяпти – ўтган йил давомида 260 та янги ўзбек-турк қўшма корхонаси ташкил этилди ва бу Туркияни Ўзбекистондаги қўшма корхоналар сони бўйича бошқа ҳамкорлар орасида учинчи ўринга олиб чиқди. Икки давлат ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сони 2,5 баробарга кўпайиб, ҳафтасига 90 тага етди.

    Шу билан бирга, Ўзбекистонда инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган самарали чора-тадбирлар, жумладан, йиллик иқтисодий ўсиш 6 фоизга оширилганлиги, инфляция даражаси 9 фоизга пасайганлиги, ЖСТ стандартларига мувофиқ «Тўғридан-тўғри инвестициялар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилганлиги, ЭИЗларда самарали бошқарув тизими жорий этилганлиги, солиқлар ставкалари ва сони пасайтирилганлиги, йирик компаниялар акцияларини хусусийлаштириш ва IPOга чиқариш бўйича янги кенг кўламли дастур амалга оширилаётганлиги, Тошкент халқаро Арбитраж маркази ўз ишини бошлагани ва бошқа кўрилаётган чоралар қайд этилди.

    Ўзбекистон томони Туркия ҳукумати, сармоявий ва саноат доиралари билан кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлашга содиқлигини билдирди. Тадбир иштирокчилари самарали меҳнат қилишга чақирилди, янги таклиф ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик ҳам билдирилди.

    Тадбирда Туркия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолади. Бир томондан Туркия тажрибаси ва технологиялари ҳамда иккинчи томондан Ўзбекистон мутахассисларининг малакаси, ресурслари, инвестицион муҳитининг афзалликлари симбиозидан келиб чиққан ҳолда савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича экспертлар фикрлари ва аниқ таклифлар илгари сурилди.

    Симпозиум якунида билдирилган барча таклифлар биргаликда ишлаб чиқиш ва ҳаётга жорий қилиш учун қабул қилинди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates