Бу ҳақда Бош консулхона матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бош консулхонага 45 ёшли фуқаро И.Г. мурожаат қилиб, ўзи ва вояга етмаган фарзанди Истанбулда қийин аҳволда қолгани сабабли Ўзбекистонга қайтишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.
Маълумотларга кўра, шу йилнинг август ойида ўзбекистонлик аёл 19 ёшли қизи А.Б.ни мадрасада диний таълим олиш учун Истанбулга юборган. Орадан бироз вақт ўтгач эса ишлаб пул топиш ва фарзандига ғамхўрлик қилиш мақсадида ўзи ҳам 12 ёшли ўғли билан қизининг олдига Истанбулга борган.
Бироқ, Истанбулга келгач, қизи мадрасада ўқимаётганлигини, қолаверса, бегона бир эркак билан “шаръий” никоҳдан ўтиш ниятида эканлигини билган.
Фарзандига насиҳат берган она қизининг қаршилигига учраган ҳамда ўз фарзанди томонидан кўчага чиқариб юборилган. Шу тариқа аёл 12 ёшли ўғли билан кўчада қолган.
Қийин шароитда қолган она-бола Бош консулхона ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Истанбул шаҳридаги вакили, “Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” жамияти кўмагида ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллиги ҳомийлиги ёрдамида Ўзбекистонга қайтарилди.