«Ургут садоси» газетаси таҳририятига ҳоким нега келди?

    Мамлакатимизда 20 декабр 2021 1669

    Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборовнинг ташаббуси билан жорий йилда «Ургут садоси» газетаси таҳририяти биноси тўлиқ таъмирланди.

    Ҳокимлик ўз муассислигида чоп этилаётган нашр ривожи учун яқиндан кўмак бериб, қўллаб-қувватлаб келмоқда. Таҳририятда ишчи-ходимларга яратилган қулай шарт-шароитлар ҳам шундан далолат беради.

    Яқинда туман ҳокими Б.Жабборов таҳририятда бўлиб, «Ургут садоси» газетаси ижодий жамоаси билан суҳбатлашиб, мутасаддиларга уларнинг иш шароитларини янада яхшилаш, бинонинг иситиш тизимини замон талабига мослаштириш, обуна масаласи бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Журналистлар шинам хоналарда, компьютер ва бошқа техник жиҳозлар билан тўла таъминланган ҳолда иш олиб бориши лозимлигини таъкидлади.

    — Журналист учун муносиб шароит яратилса, ижод қилишдан тўхтамайди, завқланади, янги ғоялар яратади, — деди туман ҳокими Б.Жабборов. – Биз ҳам бу йўлда сиз, ижод аҳли билан ёнма-ёнмиз. Таклифларингиз ва ташаббусларингизни қўллаб-қувватлашга ва албатта ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Туманимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ижодий ўзгаришлар қатори, йўл қўйилаётган камчиликларни ҳам мен ушбу газетада ўқийман. Муҳими, бу нашр ўзида ургутликлар ҳаётини яққол акс эттиради.

    Ҳоким билан учрашувда таҳририят қошида ташкил этилган «Ургут матбуот уйи», «Ёш журналистлар мактаби», «Матбуотни қўллаб-қувватлаш жамғармаси» ҳамда «Ургут китоблар олами» фаолиятини йўлга қўйиш, ёш шоир ва ижодкорларнинг «Чашмалар» адабий тўгарагини янада жонлантириш, газета саҳифаларини мазмунан бойитиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, деб хабар беради Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси матбуот хизмати уюшманинг Самарқанд вилояти бўлими маълумотларига таяниб.