Қайд этилишича, шу йилги кузатишларнинг дастлабки таҳлилларига кўра, июнь ойининг бугунги кунига қадар Республика миқёсида 1 605,4 гектар майдон ёқилиши билан боғлиқ 213 та ҳолат аниқланди. Бу Сурхондарё вилоятида 180 та (1 324,8 гектар), Сирдарё вилоятида 17 та (135,2 гектар), Тошкент вилоятида 3 та (58,2 гектар), Андижон вилоятида 3 та (18,5 га), Фарғона вилоятида 4 та (20,4 га), Жиззах вилоятида 2 та (21,3 га) ва Бухоро вилоятида 4 та (27,0 гектар) ташкил этмоқда.
Мазкур вазиятлар бўйича тезкор ахборотлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Экология, атроф – муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларга юборилган.
Бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларни тез ва арзон йўл билан йўқ қилиб юборишга бўлган ҳаракат Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача жарималар қўлланилишига сабаб бўлади. Зарар миқдори катта бўлган тақдирда ҳаттоки жиноий жавогарликкача олиб бориши мумкин.
Тасаввур қилиб кўринг, 1 гектар ер майдонида бошоқли дон пояси ёқилганида, 500 грамм азот оксиди, 379 грамм улгеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди гази атмосферага тарқалади. Бу тоза ҳавонинг ифлосланиши билан бирга инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқариши билан хавфлидир.
Эслатиб ўтамиз, "Uzcosmos" агентлиги ушбу ҳолатларни сунъий йўлдош суратлари орқали кунлик мониторинг қилиб боради. Огоҳ бўлинг, мамлакатимизнинг энг қимматли ресурсларидан бўлган қишлоқ хўжалиги экин ерларига ҳар қандай турдаги зарар етказишдан сақланинг. Барча жараёнлар назорат остида.
Юртдошларимиз шу каби салбий ҳолатларга гувоҳ бўлишганида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 1207 ишонч рақамларига қўнғироқ қилишлари мумкин, — дейилади хабарда.









