Валижон Тўрақулов: Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига киришга бўлган ҳаракати жиддийлашмоқда

    Назарда тутилган жиҳатлар халқ учун ҳам жуда катта ўзгаришлардир.

    Электрон почта манзилимга яна бир яхши хабар келди. Унда ёзилишича, Ўзбекистон 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилоти аъзолигига эришмоқчи. Бу масалага бефарқ бўлмаган, ҳатто, мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги ҳаракатларини мунтазам кузатиб борадиган иқтисодчи сифатида хабардан қувондим. Одатдагидек, буни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларим обуначилари билан бўлишдим. Ўз таҳлилларимни эълон қилдим.

    Бу масалада иқтисодчилар, сиёсатчилар, умуман, халқимиз турлича ёндашувга эга экани табиий. Аммо юртдошларимиз орасида ЖСТ асли қандай ташкилот экани, унга аъзо бўлиш Ўзбекистонга ва оддий аҳолига нима бериши борасида тушунчага эга бўлмаганлар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, охирги вақтларда мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш ҳаракатлари жиддийлашмоқда. Келгуси икки йилда бунга эришиш қатъий мақсад қилинган.

    Бу ташкилотнинг нуфузи ва ўрни дунё иқтисодиётида катта экани сир эмас. ЖСТга 1995 йил 1 январда асос солинган бўлсада, унинг тарихи 1947 йилга бориб тақалади. Ўшанда 20 дан ортиқ давлат биргаликда ташкилот фаолиятини йўлга қўйган. 1995 йилга келиб фаолияти янгиланиб, Жаҳон савдо ташкилоти номи билан атала бошлади. Ўзбекистон 1994 йилда, яъни ташкилот ташкил бўлади, деб айтилгандаёқ унга аъзо бўлишга ариза берган. Орадан 30 йил ўтган бўлсада, ҳамон аъзолар қаторида эмас. Бу билан мамлакатимиз ушбу ташкилотга аъзо бўлишга энг кўп вақт сарфлаган, рекорд қўйган давлатлар қаторига киради.

    Бунинг бир қатор сабаблари бор. Аввало, 2005 йилда юртимизнинг аъзоликка бўлган ҳаракатлари бутунлай тўхтатилиб, музлатиб қўйилган. Ҳукумат тепасига иккинчи Президент Шавкат Мирзиёев келганидан кейин бу ҳаракатлар яна бошланди. 2020 йиллардан ишлар янада фаоллашиб, мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида халқаро стандартларга мослашиш жадаллашди, ҳуқуқий асослар яратила бошшлади. Жорий йилнинг 3 июнь куни қабул қилинган “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони эса шу пайтгача ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги қадамларнинг энг каттаси ва салмоқлиси бўлди. Мазкур ҳужжат ўзбек халқи ва истеъмолчилар учун жуда кўп тенглик беришни назарда тутади. Мени қувонтиргани, шу вақтгача юртимиз ҳаётида ЖСТга аъзолик йўлида бу қадар катта ўзгариш бўлмаганди.

    Шу ўринда савол туғилади, хўш, йирик халқаро иқтисодий ташкилотга аъзолик Ўзбекистонга нима беради? Албатта, кўп нарса!

    Бу, аввало, жаҳоннинг ниҳоятда катта бозорига очиқ йўл, дегани. Инглизчада “market access”, яъни, бозорнинг кенгайтирилиши, дейилади. Шу вақтгача маҳсулотларимиз асосан Марказий Осиё давлатларига чиқаётган бўлса, энди дунёга йўл очилади. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо 166 та давлат билан кенг савдо алоқаларини ўрнатиш имконияти яратилади. Дунё савдосининг 99 фоизи ана шу ташкилот аъзолари ҳиссасига тўғри келишини ҳисобга олсак, кўламни тасаввур қилиш янада осонлашади. Муҳими, ўзаро ҳамкорлик алоқалари битимлар асосида имзоланиб, кафолатланади.

    Иккинчи фойдали томони, ЖСТга кириш учун миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мослаштиришимизга тўғри келади. Юқоридаги фармон билан шу нарса назарда тутилаётгани бежиз эмас. Савдога тегишли бўладими, инвестицияга тегишли бўладими, қайтъий назар, қонунчилигимизни халқаро стандартларга мослаштирамиз. Бу савдо қонунларининг янада енгиллашиши, ривожланишига, шу орқали юртимизга кўпроқ инвесторлар, маҳсулотлар кириб келишига йўл очади. Бозорлар тўйинади, нархлар арзонлашади.

    Бундан ташқари, халқаро ташкилотга аъзо бўлишимиз ортидан савдо шароитлари янада яхшиланиб, мамлакатимиз орқали ўтадиган юк ташувлари ҳажми ошиб, давлатга қўшимча тўловларни олиб киради. Бунинг учун бизда имконият катта. Боиси, Ўзбекистон Евроосиё минтақасининг энг марказида жойлашгани сабабли бир томондан Хитойни, бошқа томондан Европани боғлайди, яъни муҳим транзит вазифасини ўтайди. Агар транзит харажатлари бизда қиммат бўлса, юк ташувлари Қозоғистон ёки Қирғизистон орқали ўтиб кетиши мумкин. Савдо шароитларини яхшилашда ана шу жиҳатлар ҳам эътиборга олинади.

    Учинчи масала, ҳуқуқий ва институционал ўзгаришлар. Давлатда бундай ўзгаришлар жаҳон стандартларига мослаштирилса ва қайтиши бўлмаса, инвесторларнинг юртимизга ишончи ҳам, кириб келиш оқими ҳам ошади. Қайтиши, деганда қабул қилинган ҳуқуқий қарорларнинг амалда бажарилмаслиги назарда тутилади ва ЖСТга аъзо бўлингач, бу ҳолат кузатилмайди ҳам. Боиси, 166 та давлат билан шартнома имзоландими, бундан осонликча воз кечиб бўлмайди. Шунинг ўзи инвесторларда ишонч пайдо қилади. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлганининг ўзиёқ қонуний ва институционал тузилмалари халқаро стандартларга мослашганини ифодалайди. Қолаверса, халқаро ташкилотнинг турли давлатлар орасида келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш суди бор. Мана шу суд орқали исталган муаммо бартараф этилади. Бу юртимиз учун ҳам фойдали. Масалан, қайсидир тадбиркоримиз ЖСТга аъзо бирорта давлатга бориб савдо қилиши жараёнида адолатсизликларга учраса, ЖСТнинг низоларни ҳал қилувчи судига мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу юртимиз тадбиркорлари, компанияларининг бошқа давлатларда эркин, қонуний фаолият олиб боришига йўл очади.

    Тўртинчи жиҳати, иқтисодий реформалар, яъни ўзаро ҳамкорликнинг шаффофлиги. Халқаро ташкилотга аъзо давлатлар бир-бирининг ўйин қоидаларини ЖСТнинг маълумотлар дата базаси орқали бемалол кўра олади. Ташкилотга аъзолик мана шу реформаларнинг тезлашишига сабаб бўлади. Тасаввур қилинг, иқтисодий ислоҳотларни мамлакатнинг бир ўзи қилгани қаердаку, 166 та давлат тажрибасидан ўрганиб амалга ошириш қаёқда.

    Бешинчиси — диверсификация. Мамлакатимизда инфратузилма асосан қишлоқ хўжалигига мослашгани кўринади. Шу жиҳатдан, экспорт маҳсулотларни диверсификация қилиш юртимиз иқтисодиёти янада ривожланишида жуда катта роль ўйнайди. Буни иккига бўламиз — маҳсулотлар ҳамда экспорт қилинадиган давлатлар диверсификацияси. Биринчи йўналишдаги қулайликлардан бири, юртимиз экспорт маҳсулотларининг тури кўпайиши ортидан уларнинг бирининг нархи тушиши бутун бошли иқтисодиётга унчалик таъсир кўрсатмайди. Экспорт масаласида эса, давлатлар танлови кенгаяди. Бу иқтисодий жиҳатдан даромад олиб келади ва геосиёсий барқарорликни оширади, ҳар бир саноат нисбий устунлигига кўра ривожланиб боради.

    Олтинчи қулайлик, мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши ҳамда Жаҳон савдо ташкилотининг фаол кўмаги. Ўзбекистон ривожланаётган давлатлар қаторига киргани боис, ривожланган давлатлар инвестициялар киритиш орқали техник ёрдамларини беради. Бундай ёрдам ташкилотга аъзо бўлмаган давлатларга асло берилмайди. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатларидан фақатгина Туркманистон ва Ўзбекистон ЖСТга аъзо эмас. Кейинги йилларда аъзоликка ҳаракатларнинг тезлашиб бораётгани боиси ҳам шунда.

    Имкониятларимиз қандай?

    Юқоридаги Президент фармони ЖСТга аъзолик ҳаракатлари ниҳоятда жиддий эканини кўрсатади ва унда белгиланган вазифалар амалий жараёнларни янада жадаллаштириб юборади. Назарда тутилган жиҳатлар халқ учун ҳам жуда катта ўзгаришлардир. Хусусан, фармонга кўра, қатор монополистларнинг бир неча ўн йиллар амал қилган ва аввалги эпохадан қолган, кейинчалик янги даврда кучайган қатор эксклюзив ваколат ва ҳуқуқлари босқичма-босқич бекор бўлади, яъни, алоҳида ҳуқуқлар улардан олиб қўйилади. Чунки ЖСТга аъзо бўлишнинг асосий шартларидан бири иқтисодиётда барчага тенг шароит яратиш ҳисобланади. “Ёки ҳаммага бир хил преференциялар бер, ёки ҳеч кимга берма, ҳамма ҳалол ўйнасин”, деган ақидага амал қилинади.

    Юртимизда монополистларга бериладиган алоҳида имтиёзлар йиллар давомида халқни ҳам қийнаб келаётган масалалардан бири экани сир эмас. Масалан, интернетни сотиш бўйича монопол ташкилотни олайлик. Шу вақтгача бу ташкилот мамлакатимиздаги интернет провайдерларига унчалик тезкор бўлмаган интернетни нисбатан қиммат нархда сотиб келарди. Фармон билан, 2025 йил 1 январдан бошлаб эса интернет провайдерлари бу ташкилотни четлаб ўтиб, интернетни тўғридан тўғри дунёдаги бошқа кучлироқ компаниялардан анчагина арзон нархларда сотиб олиши мумкин. Бу ахборот технологиялари соҳаси ривожида ҳам жуда катта яхши ўзгаришларга сабаб бўлади ва IT саноати ривожланишига яхшигина ҳисса қўшади.

    Бундан ташқари, тарифларни бирхиллаштириш, нотариф чекловлар ва турли преференциялардан воз кечиш кўзда тутилган. Давлат харидларида соғлом рақобат муҳитини рағбатлантириш мақсадларида жиддий қадамлар қўйилиши белгиланган. Агар фармонга киритилган вазифалар ўз муддатларида ижро қилинса, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши ҳаракатлари мақсадлардан амалий реалликка кўчади.

    Ташкилотга аъзолик масаласида мамлакатимизда фикрларнинг иккига бўлиниши кузатилаётгани ҳам табиий жараён. Яъни, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишидан айрим соҳалар зарар кўради, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Аввало, аниқлаштириб олайлик, агар қайсидир соҳанинг зарар кўриши аниқ бўлса, нима учун ЖСТга аъзо бўлмоқчимиз? Чунки, зарар бўлган тақдирда ҳам, у ялпи фойдага нисбатан жуда кичик бўлади. Ялпи фойданинг катталиги зарарни қоплаб юборади. Ундан ташқари, “зарар” деяётганимиз чин маънодаги зарар эмас, балки, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида русурслар тақсимотининг самарадорлиги ўсиши натижасида юзага келадиган вақтинчалик “ўзгариш”, холос. Бунда умумий қоида шуки, савдога эркинлик берилганда, самарадорлиги паст бўлган соҳалар йўқ бўлиб, ўрнига самарадорлиги юқори бўлган соҳалар келади. Боиси, самарасиз соҳа — у катта ёки кичик бизнес бўлсин, халқаро рақобат олдида туриб бера олмайди. Самарадорликнинг юқорилиги эса маҳсулот сифати ва миқдорини ошириб, нархини туширади. Экспорт бозорида рақобатбардошлик ортиб, иқтисодий фаровонлик ўсиб боради.

    Хўш, юртимизда қайси соҳанинг самарадорлиги юқори? Бизнинг ҳолатимизда, хусусий бизнес юқори самарадорликка эга. Давлат корхоналари эса кўп ҳолларда кам самара билан ишлайди. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Масалан, хусусий тадбиркорнинг бизнес бошлашга рағбати бу — иқтисодий, давлатники эса — сиёсий. Бизнес иқтисодий рағбатлар сабаб ривожланади, сиёсий сабаблар билан эмас. Шунингдек, хусусий тадбиркор банкрот бўлса, қарзларини ўзи тўлайди, давлат корхонасиникини эса халқ солиқлар орқали тўлайди. Шу боис, бизнес оламида “тирик қолиш”га интилиш хусусий тадбиркорда кучлироқ бўлади.

    ЖСТга аъзо бўлган давлатлардан хусусийлаштириш бўйича ислоҳотлар талаб этилади. Мамлакатдан ҳар кимга бир хил, адолатли муносабатда бўлиш ваъдалари олинади. Натижада, халқаро рақобатга дош бера олмаган давлат корхоналари ўрнини хусусийлари эгаллайди. Халқда эса танлов имконияти ошади.

    Ўзбекистон 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон савдо ташкилотининг вазирлар йиғилишигача аъзоликка эришишни кўзлаяпти. Хўш, 2 йил ичида халқаро ташкилотга аъзо бўла оламизми? Назарий жиҳатдан бунинг имкони бор. Бир мисол, Қирғизистон ЖСТга 2 йил ичида аъзо бўлган. Бироқ 90-йиллар охирида аъзо бўлиш нисбатан осонроқ бўлганини ҳам унутмаслигимиз керак. Аммо яна бир ишонч берадиган томони, ЖСТ ҳар икки йилда бир аъзо давлатлар вазирлари ўртасида ўтказиладиган конференцияга “совға” тайёрлашни хуш кўради. Охирги — Абу Дабидаги йиғилишда ҳам Комор ороллари ва Шарқий Тимор ЖСТга расман аъзо, деб қабул қилинди.

    ЖСТга аъзо бўлишда ишчи гуруҳ йиғилишлари жуда муҳим саналади. Бу каби йиғилишларда халқаро ташкилотнинг 166 аъзоси Ўзбекистон вакилларини саволга тутади. Маълумот учун, Қозоғистон 20 та, Россия 30 та музокаралар йиғилишидан сўнг ЖСТ аъзолигига қабул қилинган. Бизда эса энди 8 тагина музокара бўлиб ўтди. Аммо Камерундаги конференция 2026 йил декабрь ойида бўлишини ҳисобга олсак, бизда ҳали уч йилга яқин вақт бор.

    Ўзбекистоннинг сўнгги уч ишчи гуруҳ йиғилишлари 2022 йил июнь, 2023 йил март ҳамда ноябрь ойида бўлганига кўра, 2024 йил майдаги йиғилиш анчагина тез амалга ошганини кўриш мумкин. Бу ҳукумат ЖСТга аъзо бўлишни тезлатишга уринаётганидан далолат. Ҳозиргача мамлакатимиз Доминикан Республикаси, Исроил, Япония ва Уругвай билан икки томонлама шартномаларни тугатган ва яна 33 та давлат билан актив музокараларни олиб бормоқда.

    Валижон ТЎРАҚУЛОВ,

    Марказий Осиё университети (CAU) профессори

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 13.06.24 й, 116-сонида эълон қилинган)


    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates