Уларнинг орасида журналист ва олим Салим Дониёровнинг “Янги Ўзбекистон орзуси” тўплами ўзининг мазмундорлиги, ҳаётий манбалари ва таҳлилий руҳи билан алоҳида эътиборга сазовор. Китобни қўлга олганингиздаёқ, ундаги фикрлар замиридагина эмас, муаллифнинг шахсий кузатувлари, юрт тақдирига нисбатан масъулиятли муносабати, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси яққол сезилади.
Тўпламда, аввало, Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга самимий эҳтиром, халқ ва давлат манфаатлари учун қайғуриш руҳи устувор. Муаллифнинг сиёсий-ижтимоий йўналишдаги мақолаларида Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ўзгаришларнинг моҳияти, уларнинг негизи ва амалий натижалари кенг қамровда ёритилади. Ушбу йўналишдаги ишлар Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоялар ва ташаббуслар билан узвий боғлиқ тарзда таҳлил қилинади. Муаллиф уларни юзаки эмас, балки мазмун-моҳияти, халқ ҳаётида тутган ўрни ва таъсир даражасига кўра чуқур ёритишга ҳаракат қилган.
Тўпламнинг қийматли жиҳатларидан бири – ундаги мавзулардир. Янги Ўзбекистон концепцияси, инсон қадри, адолат ва қонун устуворлиги, ижтимоий барқарорлик, иқтисодий ислоҳотлар, демократик янгиланиш жараёнлари, маърифий юксалиш каби йўналишлар ўта долзарб ва ҳаётбақо нуқтаи назардан ёритилган. Ҳар бир мақолада ўқувчини ўйга толдирадиган, унда фахр, масъулият ва дахлдорлик туйғусини кучайтирувчи ҳиссиёт бор. Ёзув услуби хотиржам, бироқ жонли ва ишончли; оғир сиёсий мавзулар ҳам оддий ўқувчи учун тушунарли, ифодаи равонда баён қилинган.
Муаллиф давлат ва жамоат арбоблари билан бўлган суҳбатларга, кузатув ва таҳлилий муносабатларга алоҳида ўрин берган. Айниқса, Янги Ўзбекистонга оид ғоя ва ташаббусларнинг замиридаги эзгу мақсадларни очиб беришда журналистик кузатувлар, тарихий манзара ва реал ҳаётий мисолларга таянган ҳолда фикр юритиши китобнинг илмий ва амалий қийматини янада оширган.
Китобнинг иккинчи йирик устунлиги унинг умуминсоний қадриятлар билан чамбарчас боғлиқлигидадир. Муаллиф халқ манфаатини биринчи ўринга қўйиш, инсон қадри ва шаънини юксалтириш, фуқароларнинг мамлакат тақдиридаги иштирокини ошириш каби ғояларнинг қандай амалга оширилаётганини ҳаётий мисоллар орқали батафсил ёритади. Бу орқали китоб нафақат таҳлилий-сиёсий манба, балки маънавий-маърифий қўлланма вазифасини ҳам ўтайди.
Мақолалар тузилишидаги изчиллик, ғоявий бир бутунлик, сўз ва услубдаги поклик тўпламнинг яна бир ютуғи, назаримда. Журналистик маҳорат ва илмий таҳлил уйғунлиги китобни ўқувчи учун диққатга сазовор қилади. Мазмуннинг икки қисмга бўлингани, биринчисида давлат ва жамоат арбоблари билан суҳбатлар, иккинчисида эса Янги Ўзбекистон тамал тошларини таҳлил қилиш мазкур китоб таркибий жиҳатдан ҳам мукаммал эканини кўрсатади.
Салим Дониёровнинг ушбу асари бугунги кун воқеаларига бефарқ бўлмаган ҳар бир ўқувчи учун муҳим дастуриламал бўла олади. Ундаги фикрлар, мулоҳазалар, далил ва таҳлиллар мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришларни чуқурроқ англашга, уларнинг мазмун-моҳиятини идрок этишга хизмат қилади. Китоб, албатта, жамият ҳаётида фаол позицияга эга бўлган ўқувчилар, зиёлилар, ёшлар ва тадқиқотчилар учун қимматли манба сифатида баҳоланади. Шу сабабли уни Ўзбекистондаги барча олий таълим даргоҳларига, айниқса, журналистика йўналишида таълим берилаётган республикадаги 10дан зиёд университетларининг кутубхоналарига етказиб беришни тавсия қилган бўлардим.
Мазкур асарни ўқувчида таҳлил маданиятини юксалтирувчи, Ватан равнақига дахлдорликни кучайтирувчи, янги фикр ва ғояларга чорловчи асар сифатида юқори баҳолайман. Китоб ўқувчига нафақат билим ва таҳлил, балки жуда катта руҳий-маънавий куч, Ватанга меҳр ва юксак масъулият ҳиссини ҳам бағишлайди.
Др.Беруний Алимов, “Янги медиа таълим маркази” ННТ директори,
филология фанлари доктори, DSc









