баннер
28 мар 2025
20:49

    Венчур фондлар бизнесни ривожлантиришда муқобил манба

    Президентимиз кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.

    Учрашувда бизнесни молиялаштиришда муқобил манба сифатида венчур фондларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди ва соҳа учун янги ташаббуслар илгари сурилди.

    Сўнгги йилларда соҳани ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар кўрилди.

    Солиқ ставкалари камайтирилиши, асоссиз ва ноқонуний текширувларга барҳам берилиши, айрим молиявий жарималар бекор қилиниши мамлакатда тадбиркорлик муҳитининг ижобий томонга ўзгаришига сабаб бўлди. Фаол ислоҳотлар натижасида одамлар бизнес юритишда ҳақиқий эркинликни ҳис қилибгина қолмай, ўз фаолиятида кўриб, билиб, бу орқали ишига ишончи ортиб бораётир. Натижада ушбу соҳа иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналишга айланди. Буни сўнгги беш йилда кичик ва ўрта тадбиркорлар сони икки карра кўпайгани, уларда 10 миллион 500 минг одам — жами банд аҳолининг 74 фоизи даромад топиб, рўзғор тебратаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

    Сўнгги беш йилда мамлакатимизда венчур фондлар иштирокида 145 миллион доллар миқдорида 53 та стартап лойиҳа амалга оширилди. 2024 йил декабрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат банклари маҳаллалардаги стартап лойиҳаларни рағбатлантириш мақсадида венчур компаниялар тузиши ва улар орқали умумий ҳисобда 50 миллион доллар ­миқдорида маблағ йўналтирилиши белгиланган эди. Шунингдек, ҳар бир банк хусусий шерик топиб, стартапларни бизнесга айлантирадиган акселераторлар фаолиятини йўлга қўйиши кўзда тутилганди. Ўтган вақт мобайнида давлатга тегишли 9 та банк 3 та венчур компания очиб, 50 миллион доллар қийматидаги фонд шакллантирди. Бу бизнес бошлаётган тадбиркорлар учун катта имкониятлар эшигини очди.

    Ушбу ташаббус натижасида ноёб бизнес ғояларга эга, лекин етарлича маблағи бўлмаган кўплаб ёшлар ва тадбиркорларнинг стартап лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бунда нафақат молиявий хизмат кўрсатиш, балки лойиҳани ишлаб чиқиш, ишбилармонлик стратегиясини тўғри йўналтириш, бозорга кириб бориш каби масалаларда ҳам кўмаклашиляпти.

    Давлатимиз раҳбари бундай лойиҳалар иқтисодиётга янги йўналиш, технология, инновация ва юқори қўшилган қиймат олиб киришини алоҳида қайд этиб, бу борадаги ишлар ҳали етарли эмаслигини таъкидлади. Венчур фондлар маблағининг бир қисмини сунъий интеллект лойиҳаларига йўналтириш таклифи қўллаб-қувватланди.

    Мамлакатимизда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш бўйича венчур фондларга эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки улар янги бошланаётган стартаплар учун жуда қўл келади. Венчур фондлар стартапларга бошланғич капитални таъминлайди. Бу стартапнинг ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган энг муҳим омил. Уларда стартаплар ўсишига ёрдам берадиган тажрибали мутахассислар бор. Шу боис, бозор таҳлили, маркетинг, молиявий режалаштириш ва бошқа соҳаларда маслаҳат бериши мумкин. Бундан ташқари, венчур фондларнинг кенг алоқа тармоғи мавжуд. Улар стартапларга инвесторлар, мутахассислар ва бошқа муҳим шахсларни жалб қилишда ёрдам беради. Стартапга инвестиция киритиши венчур фонднинг бошқа инвесторлар учун жозибадорлигини оширади ва стартап ривожланиши учун тўғри йўналиш танлашда ёрдам беради.

    Венчур фондларнинг яна бир муҳим жиҳати янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишидир. Шунингдек, инновацияларни ривожлантиришга ёрдам беради. Жамиятга фойда келтирадиган янги технологияларни такомиллаштиришга имкон яратади.

    Президентимиз кичик ва ўрта бизнес ривожини муҳим деб билиб, венчур фондлар бу соҳанинг муваффақияти учун катта аҳамиятга эга эканини уқтирмоқда. Зеро, венчур фондлар стартапларга нафақат пул, балки тажриба ва алоқа жиҳатидан ҳам кўмаклашиб, мустақил бизнесга айланишига ёрдам беради.

    Шаҳноза ХОЛМАҲАМАТОВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    Телеграм каналимиз
    Text to speech