Учрашувда Ўзбекистон ва ЕХҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг кенг кўламли масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Ташкилот ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
2021-2022 йилларда Ўзбекистонда ЕХҲТ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 2021 йил апрель ойида қабул қилинган Амалий чора-тадбирлар режасини (Йўл харитаси) амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ташкилот фаолиятининг барча уч йўналиши бўйича турли йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ЕХҲТ делегациясини Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати, хусусан, Марказий Осиёни хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт минтақасига айлантириш, жаҳон иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашуви ҳақида батафсил маълумот берди.
Х.Шмид Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг минтақада ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни ривожлантириш бўйича қулай шарт-шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, жумладан, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфсизлик хавф-хатарларига жавоб чораларини кучайтириш, табиий ресурслардан фойдаланиш, Орол денгизи экологик ҳалокатини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Афғонистондаги бугунги вазият, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасида ҳам фикр алмашдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.