Бугунги Ўзбекистон тарихий ўзгаришлар палласида яшаяпти. Ҳар бир кун — янгиланиш, ҳар бир қарор — тараққиёт, ҳар бир ташаббус — халқ фаровонлиги учун хизмат қилаётгани айни ҳақиқат. Ҳозирги кенг кўламли ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини ислоҳ этиш, одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаш, келажак эгаларини бунёдкор куч этиб тарбиялашдек олижаноб мақсадлар мужассам.
Жорий йил 16 июнь куни ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ислоҳотлар натижаси, ҳудудлардаги ишларнинг барори, айниқса, халқимизни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш борасидаги долзарб вазифалар аниқ ва чуқур таҳлил этилди.
Интизом — ислоҳотлар юзи
Давлатимиз раҳбари саноат, экспорт ва инвестиция соҳаларида эришилган улкан ютуқларни эътироф этди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечилмаётгани, маҳаллий раҳбарларнинг ташаббускорлик кўрсатмаётганини қаттиқ танқид қилди. Президентимизнинг “Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди ва умиди турганини унутмаслигимиз керак. Халқнинг дарди билан яшаш биз учун мажбурият” деган сўзлари раҳбарлар қалбига муҳрланиши, фаолиятида маёқ бўлиши шарт. Бу нафақат бурч, балки виждон амридир.
Амир Темур бобомиз “Мамлакат аҳволидан, фуқароларнинг тинч-осойишталиги ва фаровонлигидан хабардор бўлмоқ, уларнинг арз-додини тинглаб, муаммоларини ҳал этишга киришмоқ — давлат бошлиғининг асосий вазифасидир”, деган. Соҳибқирон саройида эл-улуснинг мурожаатига доим қулоқ тутилган, шикоятлари бевосита ҳукмдорга етказилган ва адолатли ечим топилган. Мирзо Улуғбек даврида ҳам илму фан ривожи билан бирга халқ фаровонлигига катта эътибор қаратилган. Алишер Навоий “Хамса”сида адолатли ҳукмдор образини яратар экан, халқ дардига қулоқ солиш, ҳаётини яхшилаш — подшоҳнинг энг муҳим вазифаси эканини уқтирган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”сида ҳам халқ билан мулоқот қилиш, аҳволидан хабар олиш, муаммоларини ҳал этиш борасидаги мисоллар кўп учрайди. Буюк боболаримизнинг давлатни бошқаришдаги асосий тамойили халқпарварлик, адолат ва инсонпарварлик бўлган. Бугунги ислоҳотлар ҳам худди ана шу азалий қадриятларга таяниб, янгича мазмун билан бойимоқда.
Йиғилишда ижро интизомини мустаҳкамлаш, халқ муаммолари билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилиши алоҳида қайд этилди. Энди Ҳисоб палатаси ижро интизомига масъул бўлади, унинг ваколатлари кенгайтирилади. У нафақат маблағларнинг тўғри сарфланишини кузатади, балки ҳар бир қарорнинг ижроси натижадорлигини таҳлил қилиб, камчиликларни аниқлайди ва таклифлар киритади. Бу эса маблағларнинг ҳар бир тийини халқ манфаатига хизмат қилишини таъминлайди.
“Халқ назорати” — шаффофликнинг ҳақ йўли
Энди аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, муаммоларини жойида, тезкор ҳал этиш мақсадида “Халқ назорати” электрон портали ишга туширилади. Бу тизим аҳолига ўз ҳудудидаги қурилиш, ободонлаштириш ва инфратузилмадаги муаммоларни суратга олиб, аниқ манзилини кўрсатган ҳолда мобил илова орқали порталга юбориш имконини беради. Ҳар бир муаммонинг ечими фотосурат билан тасдиқланади, ҳокимлар фаолияти эса кунлик баҳоланади. Ушбу тизим мурожаатларнинг ягона платформаси бўлиб, барча вазирлик, идора ва ҳокимликларни бирлаштиради.
Яна бир муҳим амалиёт — энди Халқ қабулхоналарига туман ва вилоят ҳокимларининг ўзлари раҳбарлик қилади. Мурожаатни бир идорадан иккинчисига юборишдек эски амалиётга чек қўйилиб, масалани шу ернинг ўзида ҳал этиш ваколати кенгайтирилди. Бу чоралар қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларни йўқ қилиб, мурожаатларни тез ва самарали ҳал этишга хизмат қилади.
Маҳаллий бошқарув тизимида янги тажриба
Йиғилишда маҳаллий бошқарув тизимида ҳам чуқур ўзгаришлар белгиланди. Ҳар бир ҳокимга 4 ўринбосар бириктирилиб, ривожланиш режасига қараб, барча масала тегишли ўринбосарларга ҳоким томонидан белгилаб берилади. Ҳоким ва ўринбосарларининг аниқ вазифалари молиявий таъминот билан белгиланади. Агар улар самарали ишласа, кейинги йилдан ҳудудга бериладиган маблағ 10-15 фоиз кўпайтирилади. Акс ҳолда, маблағ оширилмайди ва масъул раҳбар ишдан кетади. Бу тизим раҳбарларни масъулиятини оширишга, фаолиятига янада жиддий ёндашишга ундайди.
Туманда “Ислоҳотлар штаби” тузилиб, 3 ой ичида туманнинг 38 та маҳалласи кесимида лойиҳа, инфратузилма, молиявий манба ва кадрлар масаласини қамраб олган уч йиллик дастур тайёрланади. Келгуси йил учун бюджет, инфратузилма, ишлаб чиқариш, хизмат, инвестиция ва бандлик дастурлари шу асосда тасдиқланади. Бу янги тажриба келгуси йилдан бутун республикада қўлланади.
“Яшил ҳудуд”лар ва шаҳарсозликдаги янгича қараш
Ҳудудларда “яшил ҳудуд”, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳларини бошқа мақсадларда бериб юбориш ҳолатлари аниқланиб, жойига қайтарилади. Кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни бошқарув компанияларига бериш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ўрганилиб, қонунга зидлари бекор қилинади.
Бундан ташқари, туманларда бошқарув тизими ҳам ўзгаради. Бу тизим йил якунигача Сурхондарё вилоятида тўлиқ, қолган ҳудудларда жадал ривожланиш белгиланган 16 та туман ва шаҳарда жорий этилади. Сирдарё тумани мисолида комплекс ривожлантиришга масъул 9 та вазирликнинг туман бўлими ҳокимлик тизимига ўтади. Улардаги жами штатлар қисқартирилиб, ишга олиш ва лавозимидан озод этиш бўйича тегишли қарорлар ҳоким томонидан қабул қилинади. Сирдарё тумани ихтиёридаги маъмурий ва молиявий жарималар, солиқ текширувлари бўйича пеня, тоифаси ўзгарган қишлоқ ерлари учун компенсация, ўрмон ерлари ҳудудларининг ижара тўловлари, кўрсатилган давлат хизматларидан тушган маблағларнинг бир қисми қолдирилади. Бу маблағлар маҳаллий бюджетни мустаҳкамлашга ва аҳолининг эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилади.
Иш фуқаро розилигидан бошланади
Сўнгги йилларда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларга ечим излаш барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифасига айланиб улгурди. Айниқса, таълим соҳасида юзага келган муаммоларни бартараф этиш орқали ёшларимизнинг илм олишига, билим ва салоҳиятларини юзага чиқаришига имкониятлар эшиги кенг очилмоқда. Бу борада Фарғона давлат университети жамоаси ҳам ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб келмоқда.
Мурожаатларнинг белгиланган талабларга мувофиқ кўриб чиқилиши таъминланмоқда. Олийгоҳнинг жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, назорат ва мониторинг бўлими ходимлари “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда аҳолини қабул қилиш, фуқароларнинг мурожаатлари ва муаммоларини самарали ҳал этиш тизимини такомиллаштириш юзасидан тузилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ очиқлик, шаффофлик, холислик тамойили асосида фаолият юритмоқда.
Жорий йил бошидан ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган жами мурожаатлар 36 тани ташкил этган бўлса, университет ваколатига доир 8 таси ижобий ҳал этилган. Университет ваколати доирасидан ташқари 17 та мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунчалар бериш ва бошқа ҳал этувчи органларга йўналтириш орқали талаби қондирилган. Шунингдек, 11 та мурожаат ҳозир белгиланган тартибда ўрганилмоқда.
Бундан ташқари, университет раҳбарияти ҳамда факультет деканларининг шахсий қабули, маҳаллалараро ҳамкорлик, онлайн қабул, сайт, мурожаат ботлари, электрон почта ҳамда ишонч телефони орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг ҳар бирида кўтарилган муаммолар ўрнида ҳал этилмоқда.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Ишни фуқаро розилигидан бошлаш — биз учун қатъий ўлчов”. Халқ дарди билан яшаш, унинг муаммосини ўз вақтида ва самимий ечиш — ҳар бир раҳбарнинг виждоний бурчидир. Фарғона давлат университети жамоаси бу тамойилни ўз фаолиятига йўл кўрсаткич деб билиб, ислоҳотлар самарадорлигини оширишда бошқаларга намуна бўлишга интилмоқда.
Видеоселекторда белгиланган устувор вазифалар — ижро интизоми, халқ билан мулоқот, инвестиция ва бандлик барчамиздан муштарак ҳаракат, аниқ жавобгарлик талаб қилади. Демак, таълим муассасалари, хусусий сектор, маҳаллий кенгашлар ва сиёсий партияларнинг жипс ҳаракатигина бугунги беқарор геоиқтисодий шароитда ҳам барқарор ривожланишни таъминлашга қодир.
“Халқнинг дарди билан яшаш биз учун мажбурият” деган даъват ҳар биримиз учун иш услуби, ҳаёт тарзига айланиши шарт. Бу даъват фақат сўзда эмас, амалда, қалбдан чиққан ҳолда намоён бўлиши лозим. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг орзу-умидлари мужассам. Ана шундагина янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши, халқимизнинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши таъминланади.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
педагогика фанлари доктори, профессор









