Давлатимиз раҳбарининг мамлакатда шахматни ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори ҳам ана шу мақсад-муддаони кўзлагани билан аҳамиятлидир. Президентимизнинг 2021 йил 14 январдаги «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада мутлақо янги босқич, янги тизимни бошлаб берди. Бу қарор халқаро ҳамжамият, хусусан, шахмат мутахассисларида ҳам катта қизиқиш уйғотяпти, Ўзбекистон шахмат федерациясига дунёдаги нуфузли шахмат ташкилотларидан илиқ муносабатлар келиб тушмоқда. Ўзбекистон шахмат федерацияси билан ҳамкорликда уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қиляпмиз.
Аркадий ДВОРКОВИЧ, Халқаро шахмат федерацияси президенти:
— Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бутун дунёда шахмат жадал ривожланаётган мамлакатлардан бири бўлиб, бу Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган изчил сиёсат натижасидир. Мамлакатингизда Шахматни 2025 йилгача ривожлантириш дастурининг қабул қилиниши Халқаро шахмат федерациясининг «Мактабларда шахмат» лойиҳаси тамойилларига тўла мос келади ва дунёдаги энг истиқболли дастур ҳисобланади. Бу, ҳеч шубҳасиз, халқингизнинг интеллектуал салоҳияти юксалиши кафолати бўлиб хизмат қилади.
Шайх Султон Бин Халифа Ал Наҳаён, Осиё шахмат федерацияси президенти:
— Кейинги йилларда Ўзбекистон шахматчилари ҳам жамоавий, ҳам яккалик баҳсларда яхши натижаларга эришмоқда. 2016 йилда мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида, 2018 йилда Жаҳон шахмат олимпиадасида биринчи ўринни эгаллашди, шунингдек, Осиё чемпионатида олган медаллар сони ҳам йил сайин ортяпти. Бу Ўзбекистонда истеъдодли ёш шахматчиларнинг янги авлоди пайдо бўлаётганидан далолат. Осиё шахмат федерацияси ҳомийлигида Ўзбекистонда кўплаб Осиё чемпионатлари ва халқаро ҳакамлар семинарлари ташкил қилинган. Бундан кейин ҳам биз ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорликда фаол ишлашда давом этамиз.
Виктор ВАЙПАН, Шахмат федерациялари уюшмаси президенти, Москва давлат университети проректори:
— Ўзбекистон ҳукумати томонидан шахматни ривожлантириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар нафақат мамлакатда болалар, ўсмирлар ва ёшлар вақти мазмунли ўтишини таъминлайди, балки, ҳеч шубҳасиз, мамлакат шахмат федерациясининг халқаро рейтингига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шахмат интизомли, интеллектуал ўйин сифатида тафаккурни юксалтиради, диққатни жамлашга кўмаклашади, фикрни теранлаштиради, хотира ўткирлиги ва қатъиятни ривожлантиради. Ўз навбатида, давлатлараро муносабатларда ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шахмат федерациялари уюшмаси шахмат ўйинини оммалаштириш бўйича Ўзбекистонда қабул қилинган дастурни қўллаб-қувватлайди. Уни амалга оширишда ҳам бевосита иштирок этишга тайёрмиз.
Канада Миллий академик шахмат ташкилоти:
— Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахматни ривожлантиришга доир қарори севимли ўйинимизни қўллаб-қувватлашнинг ҳимматли ва оқилона йўли бўлди. Ўзбекистон минглаб ёшлар ўртасида спортнинг интеллектуал турини тарғиб қилган ҳолда, Марказий Осиёда шахмат бўйича ўта қудратли давлат бўлишга ва XXI аср чорловларига шай ёшларни тарбиялашга тайёр эканига ишонамиз. Шу маънода, биз Ўзбекистондан кўп нарса ўрганиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.
«Янги Ўзбекистон» мухбири Улуғбек АСРОРОВ тайёрлади