Ташриф давомида Мунира Аминова ва Испаниянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи олий таълим муассасалари, хусусан Кастиля-Ла Манча ва Мадрид политехника университетларининг раҳбарлари ўртасида учрашувлар ташкил этилди.
Ушбу учрашувларда томонлар испан олий таълим муассасаларида Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг иқтидорли талабалари, тадқиқотчилари ва профессор-ўқитувчиларининг амалиёт ўташи, шу жумладан, ёзги таътил мактабларида, магистратура ва докторантурада ўқиши ҳамда малака ошириши масалалари муҳокама этилди. Ташриф доирасида университет ректорлари ўртасида етакчи испан профессор-ўқитувчиларини IAUга ишга жалб этиш ва бошқа йўналишларда ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш бўйича Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, ташриф давомида Халқаро қишлоқ хўжалиги ректори Испаниянинг етакчи таълим муассасалари учун лаборатория ускуналарини ишлаб чиқарувчи “EDIBON” компанияси фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур компаниянинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, суғориш технологиялари ҳамда сифат даражасини текшириш бўйича ўқув лаборатория жиҳозлари билан Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг ўқув хоналарини таъминлаш масалалари юзасидан ҳам ҳамкорлик қилишга келишиб олинди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.