Тадбирда Хитойнинг вазирлик ва идоралари, йирик ишлаб чиқариш ва сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, ишбилармон доиралари, хорижий мамлакатлар ва ташкилотлар дипломатлари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Форум иштирокчилари Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан таништирилди. Мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий жиҳатдан жозибадорлиги ва хорижий сармоядорлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида айтиб ўтилди.
Хитой машинасозлик ва электрон маҳсулотлар импорти ва экспорти бўйича савдо палатаси президенти Чжан Юйцзинь ўз нутқида Ўзбекистондаги савдо ва инвестициявий муҳит ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятларни юқори баҳолаб, Палатага аъзо Хитой компаниялари мамлакатимизда инфратузилма, энергетика ва юқори технологияли саноат лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этаётганини қайд этди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий ва туризм салоҳиятини намойиш этувчи видеороликлар намойиш этилди, деб хабар беради «Дунё» АА.