"Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг йирик инвестицияларни киритаётган мамлакатлардан биридир. Бироқ ахборот майдонида вақти-вақти билан хитой компаниялари гўё Ўзбекистон ерларини «эгаллаб олаётгани» ҳақида асоссиз даъволар тарқалмоқда", — деб ёзади ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов.
У вазият юзасидан тўғри хулоса чиқариш учун фактлар ва реал маълумотларни тақдим қилган.
𝟭. Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсати.
Барча инвесторлар, келиб чиққан мамлакатидан қатъий назар, Ўзбекистонда тенг шароитларда ва қонун талабларига мувофиқ фаолият юритади. Уларнинг фаолияти давлат органлари ва жамоат институтлари томонидан тартибга солинади, бу эса инвестиция жараёнининг шаффофлигини таъминлайди.
Хитойдан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиётига Саудия Арабистони, БАА, Туркия, Россия, Франция, Германия, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб мамлакатлар сармоя киритмоқда. Мамлакатимиз кам сонли ҳамкорлар билан чекланиб қолмасдан, инвестицияларни турли манбалардан жалб қилмоқда.
𝟮. Хитой инвестицияларининг асосий йўналишлари.
Охирги уч йилда Хитой инвестициялари қуйидагича тақсимланган:
- 62% – саноатга;
- 11% – ёқилғи-энергетика секторига;
- 4% – қишлоқ хўжалигига;
- Қолган қисми – бошқа соҳаларга.
Кўриниб турибдики, инвестицияларнинг энг катта қисми саноатга йўналтирилган, қишлоқ хўжалиги ёки ер ресурсларига эмас.
𝟯. Текстиль саноати – муваффақиятли инвестицияларнинг намунаси ҳисобланади.
Хитой инвестициялари фаол жалб қилинаётган асосий соҳалардан бири бу текстиль саноати. Бугунги кунда Ўзбекистонда 7600 дан ортиқ текстиль корхонаси мавжуд бўлиб, улар йилига 123,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Улардан атиги 57 таси хитой капитали иштирокида ташкил этилган, яъни хитой компаниялари улуши сезиларли эмас.
Хитой иштирокидаги муваффақиятли текстиль лойиҳалари мисоллари қўйидагича:
- Жиншенг Гроуп – $115 млн сармоя киритиб, LT Textile International кластерини ташкил қилди, 700 иш ўрни яратилди;
- Mulanhua Group – $33,2 млн инвестиция билан Nanyang M&F ва Bobur M&F М&Ф ва Бобур М&Ф корхоналарини ташкил қилди, 450 иш ўрни яратилди;
- Chang Liang Textiles – $5,5 млн инвестициялар, 120 иш ўрни;
- Hebei Evershine Textile – $3,7 млн инвестициялар, 100 иш ўрни.
Бундан ташқари, Ўзбекистон текстиль маҳсулотлари Хитойга қуйидаги учта савдо уйи орқали экспорт қилинади:
- Nanyang Red Cotton Angel Textile FE,
- Posso International Textile FE,
- Vodiy Toshloq Textile.
Бу Ўзбекистон Хитойдан инвестицияларни жалб қилиш билан бирга, экспорт салоҳиятини ҳам кенгайтираётганини кўрсатади.
𝟰. Қишлоқ хўжалигида ҳам ерга эмас, технологияларга инвестицияларга урғу берилади.
Кўп тарқалган нотўғри фикрларга қарамай, хитой инвестицияларининг атиги 4 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Ўзбекистонда чет эл инвесторларига ер сотилиши тақиқланган – уни фақат 25 йилга ижарага олиш мумкин ва бу фақат очиқ аукцион орқали амалга оширилади.
Мисол: Lihua Group Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида пахта етиштириш ва уруғчилик бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Компанияга унумдорлигини замонавий агротехнологиялар ёрдамида ошириш шарти билан суғорилмайдиган ва ҳосилдорлиги паст бўлган ерлар берилган.
𝟱. Илғор технологиялар ва инновациялар киритилмоқда.
Хитой инвестициялари Ўзбекистоннинг технологик ривожланишига ҳам хизмат қилмоқда. Мисол учун Жиззах вилоятидаги BYD автомобиль заводини келтириш мумкин. Бу ерда 1500 иш ўрни яратилган, уларнинг аксариятини ўзбек мутахассислари эгаллаган. 2024 йилда 200 нафар ўзбекистонлик мутахассис Хитойда BYD заводларида малака оширди.
𝟲. Энергетика соҳасида муқобил манбаларга инвестициялар киритилмоқда.
Ўзбекистон қайта тикланувчи энергетикани фаол ривожлантирмоқда. 2,7 ГВт қуёш электр станциялари,752 МВт шамол электр станциялари,169 МВт микро ГЭСлар,1,4 ГВт энергия сақлаш қувватлари ишга туширилмоқда.
Хитой қуёш ва шамол электр ускуналари ишлаб чиқаришда дунё етакчиси ҳисобланади. Ўзбекистонда $9 млрд қийматидаги 20 дан ортиқ энергетика лойиҳалари хитой компаниялари иштирокида амалга оширилмоқда ва уларда асосан маҳаллий мутахассислар ишламоқда.
𝟳. Юқоридаги фактлар асосида қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин:
- Хитой сармояларининг асосий қисми саноат, технология ва энергетикага йўналтирилган;
- Чет эллик инвесторлар Ўзбекистонда ер сотиб ололмайди;
- Лойиҳаларда иш ўринларининг аксариятини ўзбекистонликлар эгаллайди.
- Ҳамкорлик фақат сармояларни жалб қилиш эмас, балки янги технологиялар ва иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
"Биз кенг жамоатчиликни фақат ишончли фактларга таянишга чақирамиз! Барча сармоя лойиҳалари Ўзбекистон манфаатларига мос равишда ва миллий қонунчилик доирасида амалга оширилмоқда", дей ёзади вазир ўринбосари.